...

...

AGROBLOGER

Бугунги кунда Нидерландия, мамлакатнинг майдон бирлиги бўйича олиб қаралса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Ўзбекистонга қараганда 720 баробар кўпроқ экспорт қилмоқда. Нидерландиядан экспорт қилинаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, Ўзбекистондаги кўрсаткичдан 130 баробарга юқоридир. Агар мева-сабзавот маҳсулотлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Нидерландия 19 баробар кўп мева ва сабзавот экспорт қилади, аҳоли жон бошига ҳисобланганда ушбу икки мамлакат ўртасидаги тафовут Нидерландия ҳисобига 37 баробар кўпдир.

Албатта, Ўзбекистон Нидерландиядан ўрганиши мумкин бўлган жиҳатлар бор. Чунки, улар мева-сабзавот етиштириш технологиялари, қўшимча ишлов бериш ва сақлаш, айниқса, мева-сабзавот маҳсулотлари маркетинги борасида жаҳондаги етакчи ишланмалар муаллифларидир.

Нидерландия — қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг савдоси ва уни етказиб бериш бўйича дунёда муҳим ўрин эгаллаган кичик бир мамлакат. У 2020 йили 95,6 млрд евро миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилди. Нидерландия қишлоқ хўжалик махсулотларини экспорт қилиш бўйича дунё миқёсида АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Бу ғайриоддий туюлиши мумкин, лекин аслида Нидерландия – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги инновацион технологияларга йўналтирилган улкан инвестицияларга эга, ўз мамлакати ва бутун дунё аҳолиси учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг энг самарали технологияларидан бирини ярата олган кичик бир мамлакат.

Бу давлатга тегишли муваффақиятларнинг аксарияти лабораториялардан бошланади, чунки Вагенинген университети озиқ-овқат ишлаб чиқаришда инқилоб қилишни ўз олдига мақсад қилган етакчи тадқиқот марказларидан биридир. Умуман олганда, инновациялар Нидерландияга жуда катта таъсир кўрсатди ва узоқ йиллардан буён бу ривожланиш давом этиб келмоқда ва чиндан ҳам қишлоқ хўжалигини юритиш усулларини модернизация қилиш ўз натижасини берди.

National Geographic таҳлилига кўра, инновацияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш дунё бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқаришнинг энг самарали усуллари пайдо бўлишига олиб келди. Мисол учун, Нидерландия етиштириладиган картошканинг ўртача ҳосилдорлиги дунёдаги кўрсаткичга нисбатан икки баробар юқори. Нидерландия усули кўплаб маданий экинларни ўстиришда сувдан икки баробар кам фойдаланишни тарғиб қилади. Улкан иссиқхоналарда кимёвий ўғитлардан фойдаланиш деярли ман этилган.

Нидерландия 2030 йилга бориб барқарор қишлоқ хўжалиги тармоғида дунёда етакчи бўлишга ҳаракат қилмоқда. Бу мақсад – ишлаб чиқариш хажмини кўпайтириш ва табиат билан уйғунликда ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун харажатларни камайтиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу истиқболли режаларни амалга ошириш учун хукумат ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқди.


AGROBLOGER канали

Report Page