...

...

FERMER

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ҳокими фермернинг буғдойини ўғирлагани ҳақида хабар берилди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати эса бу хабарни рад этди.


«Шаҳрисабз туманидаги ‘Ашуров Ёрқин Истамович’ фермер хўжалигидаги ғалла ўриб кетилгани билан боғлиқ видеоахборотлар тарқалди. Унда фермер Ёрқин Ашуров дала майдонидаги ўрим-йиғим ишлари 2022 йилнинг 22 июнь куни бошланганини, ўша куни тунги соат 02:00 гача ўрим бўлгани ва 9 гектар ердан 50 тонна ғалла топширганини айтади. Аслида эса ‘Ашуров Ёрқин Истамович’ фермер хўжалигида 2022 йилги ғалла ҳосили учун ўрим-йиғим ишлари жорий йилнинг 23 июнь куни бошланиб, 25 июнь куни ниҳоясига етган. Ўрганишлар натижасида йиғилган ҳужжатлар фермер келтирган рақамларни буткул рад этмоқда. 23 июнь куни Ёрқин Ашуров 7,5 тонна, 24 июнь куни 36,64 тонна, 25 июнь куни эса 24,76 тонна буғдой ўриб топширган. Унинг жами 20,9 гектарлик ғалла майдонидан олинган ҳосили 68,9 тоннани ташкил этган. Бу рақамлар фермер ўзи имзо қўйиб, муҳр босган юк хатларида кўрсатиб ўтилган», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Таъкидланишича, «Ашуров Ёрқин Истамович» фермер хўжалиги ва «Шаҳрисабз барака дон» МЧЖ ғаллачилик кластери ўртасида тузилган фьючерс шартномасига асосан фермер унга йил давомида хизмат кўрсатиб келган кластерга гектарига 35 тоннадан жами 73,1 тонна буғдой топшириши шарт бўлган.

«Аммо фермер шартнома шартларини бузиб, кластерга ғаллани 4,2 тонна кам топширган. У ўрим-йиғим ишларида тўлиқ иштирок этган. Кейинчалик ғалла сотиш шартномавий режаси бажарилмай қолгач, ишчиларига ойлик маош сифатида ваъда қилинган буғдойни тўлашдан қочиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон бўҳтонлар тарқатишни режа қилган ва амалга оширган. Фермер хўжалигининг икки нафар — бири 68, бири эса 58 ёшли ишчиси ҳам фермер Ёрқин Ашуров туман ҳокимига туҳмат қилганини, ўзини блогер деб таништирган шахс билан бирга уларга туҳмат сўзларни ўргатиб, туҳмат қилдирганини баён қилган», — дейилади масъуллар ахборотида.


Қўшимча қилинишича, фермер 2019—2021 йиллар давомида бирор марта ҳам пахта ва ғалла шартномавий режасини бажармаган.

«Фермер буғдойлар ‘химпункт’га тўкилаётганини, у ер заҳар эканини айтиб ўтган. Аслида у айтиб ўтган жой ‘Амир Темур’ ҳудудидаги минерал ўғитлар тарқатиш шохобчаси бўлиб, унда қарийб 30 йилдан буён ҳеч қандай кимёвий воситалар сақланмаган. Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маркази Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳудудни ўрганмай, унинг қачонлардир ‘кимёвий ўғитлар омборхонаси’ бўлганини асос қилиб, бу ерда буғдой сақлашни мақсадга мувофиқ эмас деб топган.

Бироқ мазкур майдондан тупроқлар олиниб, Республика санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра тупроқ намуналарида турғунлик даражаси юқори бўлган хлорорганик пестицидлар қолдиқларини ўрнатилган тартибда текшириш ўтказганида тупроқ намуналарида турғун хлорорганик моддалар белгиланган меъёрдан юқори эмаслиги аниқланган. Бу ҳақда жорий йилнинг 6 июль куни Республика санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати буғдой сақлаш мумкинлиги тўғрисида хулоса берган», — дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳалимов.

Масъулнинг қўшимча қилишича, Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ёрқин Ашуров ва бошқаларни жамоатчиликни ўзининг ғаразли ва паст ниятларда турли уйдирма, бўҳтонлардан иборат бўлган ахбороти орқали туман ҳокимига нисбатан салбий фикрлар уйғотишга уринган деб ҳисоблаган. Ҳамда ҳолат юзасидан айбдор шахслар доирасини тўлиқ аниқлаш ва қонуний қарор қабул қилиш учун тўпланган ҳужжатларни туман ИИБга юборган.

«Ёрқин Ашуров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Келгусида тергов органлари томонидан айбдор шахслар доираси аниқланади, ҳақиқат қарор топади ва жавобгарларга жазо муқаррарлиги таъминланади», — дейди масъул.


FERMER канали

daryo.uz

Report Page