...

...

AGROBLOGER

Маълум бўлишича, бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд. Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. Шу давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайган.

Давлат раҳбари асосий маҳалла одамларнинг иш ҳақини кўпайтириш эканини айтиб, шу мақсадда 44 та туманни узумчиликни ривожлантириш бўйича эксперимент сифатида танлаб олинганини маълум қилди.

Шунингдек, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайганини қаттиқ танқид қилинди. Тармоқда селекция ишлари деярли йўқ, ҳалигача 40-50 йил аввал яратилган узум навлари экиб келинмоқда. Токзорларни янгилашни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилмаган. Кўчат етиштириш илмига ва технологиясига амал қилинмайди, кўчат касалликлари билан олимлар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шуғулланмаслиги, ҳосилдорлик ҳам пасайиб, касаллик эса кун сайин кўпайиб бораётгани айтилди. Токзорларнинг атиги 38 фоизи интенсив усулда парваришланмоқда. Маҳаллий узумларимиз ҳосилдорлиги Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан 1,5-2 бараварга кам. Қолаверса, юртимизда етиштириладиган узумлар аксарияти данакли бўлиб, жаҳон бозорида данаксиз узумга бўлган талаб кескин ортиб бораётгани қайд этилди.

Кўриниб турибдики, муаммолар талайгина, шунга яраша вазифаларимиз ҳам кўп. Маҳсулотлар сифатини, ҳосилдорлигини ошириш, бу борада экспорт салоҳиятини ошириш кечиктириб бўлмайдиган масала. Мазкур тармоқни ривожлантириш, токзорларни кўпайтириш ва уларга ишлов бериш, суғоришда янги технологияларни жорий этиш учун тажрибамиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади. Ҳамма гап интилишда,.

Эътиборли томони, эндиликда ушбу тармоқ кенг кўламда ривожланади. Масалан, узум плантациялари учун субсидиялар ажратилади. Давлатимиз раҳбари энди янги токзорларни барпо этиш, эски боғ ва узумзорларни янгилаш учун янги тизим жорий этилиши, бунда, сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 млн сўмдан субсидия ажратилиши, шунингдек, кўчатчилик хўжаликлари ташкил қилинган майдонларнинг ҳар бир гектари учун ҳам субсидия бериш тизими жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

Янги токзорлар учун бир дона артезиан қудуқ ёки насос станцияси қуришга ҳар 10 гектарга 120 млн. сўмгача субсидия берилади, яъни субсидия бериладиган майдон ҳажми 3 баробарга камаяди (ҳозир энг кам майдон 35 гектар қилиб белгиланган). Сертификатланган узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 млн. доллар ресурс ажратилади. Бу маблағ Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси (200 млн доллар) доирасида молиялаштирилади.

Йил якунига қадар 15 минг 700 гектар токзорда томчилатиб суғоришни жорий этиш ва 1 мингта артезиан қудуқлар қазиш ишларини якунига етказиш учун бюджетдан 100 млрд сўм субсидия ажратилади. Узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади.


AGROBLOGER канали

xs.uz

Report Page