...

...

AGROBLOGER

Сўнгги вақтларда сув танқислиги билан боғлиқ масалалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Иқлимшуносларнинг ер куррасида глобал исиш оқибатлари ҳақида эълон қилаётган тадқиқотлари сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш, бунда илғор технологияларни жорий этиш заруриятини юзага келтирмоқда.

Вилоятда сув таъминоти оғир саналган Ховос тумани ҳудудидаги 237 гектар ер майдонида деҳқончилик қилаётган ёш тадбиркор фермер Улуғбек Йўлдошев ўтган йили сув тежовчи технологияларни жорий этилишига бағишланган кўргазмали семинарларда фаол иштирок этиб, мутахассисларнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ўз даласига сув тежовчи суғориш қурилмаларини ўрнатишга қатъий аҳд қилди.

Натижада АТБ Агробанк Ховос тумани филиалининг молиявий кўмагида 1 миллиард 86 миллион сўмлик кредит маблағларини йўналтириб, суғориш қурилмаларини 54 гектар пахта майдонига ўрнатди.

Сув тежовчи қурилма орқали ғўзаларни илк бор суғорган фермернинг шубҳа-гумонлари тумандек тарқаб кетди. Боз устига фермер ушбу янги технологиянинг суғориш дастурини уяли қўл телефонига ўрнатиб олиб, ўз дала майдонидаги ғўзаларни масофадан туриб, суғора бошлади.

– Бу қурилма ишни ташкил этишда жуда енгиллик берар экан, — дейди фермер Улуғбек Йўлдошев. — Илгари 54 гектар пахта майдонини 7-8 нафар сувчи кеча-кундуз бир ой мобайнида суғорар эди. Энди кўриб турганингиздек, 6-7 кунда бу ишни бир киши уддалаяпти. “Сув уриб кетди”, “Сув кўллаб қолди”, “Сув етиб бормади” деган хавотирлардан қутилдик.

Ўтган йили 237 гектар ернинг 110 гектар дала майдонига чигит қадаб, Мирзачўлнинг оғир шароитида пахта етиштириб, режаларини ортиғи билан бажарган ёш фермер ҳеч иккиланмасдан бу йил ҳам АТБ Агробанк Ховос тумани филиалидан 1 миллиард 400 миллион сўмлик кредит маблағларини йўналтириб, 56 гектар пахта майдонига яна қўшимча томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатди.

Энди ёш фермернинг кўнгли тўқ, чунки янги технология туфайли оби-ҳаётга тўяётган ғўзалар кундан-кунга бўй чўзиб, гуллар шонага, шоналар эса кўсакка айланиб бормоқда.


AGROBLOGER канали

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА

uza.uz

Report Page