...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилоятида эртачи полиз маҳсулоти – ҳандалак, қовун етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган бўлиб, афсуски, бугунги кунда полизчиликдаги ноёб анъаналар унутилиб бормоқда.

Бувайда туманида яшовчи 85 ёшли Турғунали ота Ўктамов бир умр Марказий Фарғона ерларида ҳандалак, қовун етиштириш билан шуғулланган.

— Ўз вақтида ҳандалакнинг 5-6 хил, қовуннинг шакарпалак, обинаввот, оқ қовун навларидан яхши ҳосил ва даромад олганмиз, — дейди тажрибали полизчи. — Лекин охирги йилларда деҳқонлар, айниқса, ҳандалак экмай қўйди. У тобора ноёб полиз маҳсулотига айланиб бормоқда.

Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Чунки ҳозирги кунда навлар чатишиб кетди. Илгари бу экин 50 кунда пишган бўлса, эндиликда плёнка остида 30-35 кунда етиштириляпти. Кимёвий дорилар кўп ишлатилгач, қуёш тафтида шарбатга тўлиб, табиий пишганичалик мазали бўлмайди. Энг ёмони, авваллари ҳандалак пишганидан бир ой ўтгач, қовун сотувга чиқариларди. Ҳозир ҳандалик ва қовун пишиши ўртасида атиги бир ҳафта фарқ бор, холос. Натижада ҳандалак экканлар ўз маҳсулотини сота олмай, банкрот бўлмоқда.

Ота касбини давом этириб келаётган Жумақўзи Ўктамов Риштон туманидаги «Яшил дала шаҳзодаси» фермер хўжалиги раҳбари. Бугунги кунда Жумақўзи ака етиштирадиган қовунлар Фарғона водийси бозорларида машҳур.

— Ҳандалак етиштиришда ерни тайёрлашдан тортиб, агротехник тадбирлар ўтказиш, кимёвий ўғитлар солиш, маҳсулотни пиширишгача бўлган жараёнда анча-мунча харажат қилинади, — дейди Ж. Ўктамов. — Шунинг учун ҳам фермерлар, деҳқонлар ҳандалак экмай қўйди. Кейин баъзи касалликлар нафақат экинни, балки тинка мадорингизни ҳам қуритади. Олимларимиз полиз экинлари касалликларига қарши самарали воситаларни яратишлари керак.

— Полиз экинлари нафақат дармондори, озиқ-овқат маҳсулоти, балки шифобахш неъматлар сирасига киради, — дейди тажрибали шифокор Тўйчибой Саримсоқов. — Тиббиётда полиз маҳсулотлари глюкоза ва витаминларга бой эканлиги, кўплаб касалликларга шифо бўлиши аллақачон ўз исботини топган.

Марказий Фарғона чўлларида ҳандалак, қовун экадиган оилавий сулолалар жуда кўп бўларди. Бугун уларнинг аксарияти бошқа юмушнинг этагидан тутган. Мақолани тайёрлаш жараёнида бир неча ана шундай машҳур инсонлар ва уларнинг фарзандлари билан суҳбатлашдик. Афсус, бир пайтлар йилига 100 тонналаб полиз маҳсулотлари етиштирган деҳқонлар эндиликда бу иш билан шуғулланмай қўйганларини маълум қилишди.

Бу хусусда гап кетганда, Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яшаб ўтган ва «Халқ академиги» номига сазовор бўлган Абдасхон ота Алигавҳаровни эсга олиш ўринлидир. У полизчиликда ўз мактабини яратган эди. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларда у етиштирган қовунлар космосга ҳам жўнатилган.

— Абдасхон ота ва унинг фарзандлари ҳақида кўплаб мақолалар ёзганман, — дейди журналист Муқимжон Нурматов. — Ўз даврида чўл ерларини ўзлаштириб, 50 гектарлаб ерга полиз экинлари эккан отахон бир йилда 300, 600 тоннагача ҳандалак, қовун-тарвуз етиштирган. Ўнлаб хориж давлатларида ташкил этилган кўргазмаларда ҳандалак, қовунларини намойиш этиб, барчанинг ҳайрат ва ҳаяжонига сазовор бўлган.

Абдасхон ота яратган ва оммалаштирган обинаввот, босволди, шакарпалак, гулоби, кийиктумшуқ, кўк турна, ибрат, асати каби ўнлаб навлар машҳур эди. Аммо бу навларни экиш йилдан-йилга камайиб бораётгани ҳам бор гап.

Қовун етиштириш ва узоқ муддат табиий усулда сақлашда Бешариқ тумани миришкорлари олдига тушадигани йўқ. Деҳқончиликка инновацион ғояларни кенг татбиқ этаётган бешариқлик миришкорлар кейинги йилларда иссиқхонада қовун етиштириш тажрибасини ҳам оммалаштирмоқда. Аммо туман аҳли ҳамон Жиззах вилоятида ижарага ер олиб, полиз маҳсулотлари етиштиришни маъқул кўришади.

— Мазаси тилни ёрар ҳандалакнинг ширин таъми ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди, — дейди бешариқлик меҳнат фахрийси Собиржон Темиров. — Лекин бугунги кунда бундай ёқимли таъм, ширин хотиралар биздан тобора узоқлашиб бораётир. Набираларимиз ҳандалак ҳақида деярли тасаввурга эга эмас. Эндиликда деҳқонлар ҳандалак етиштиришга унчалик ҳафсала қилмаяпти. Сабаби, эрта баҳорда ижарага ер олиш, экин-тикин харажатлари қиммат.

Шу ўринда қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган илмий-амалий марказлар, олимлар, маҳаллий ҳокимликлар бу ҳақида жиддий ўйлаб кўриши, полизчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ишларга киришиши айни зарурат эканини англаймиз.


Ботир Мадиёров, xs.uz

AGROBLOGER канали

Report Page