...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида узум етиштириш миллий деҳқончилик маданияти сифатида шакллангани ҳеч кимга сир эмас. Эзгу ташаббусга кўра, эндиликда узумчилик тармоғида Олтиариқ тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб оммалаштириш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Яширишнинг ҳожати йўқ, мамлакатимизда узумчиликда янги навлар яратиш ва жаҳон бозорида харидоргир навларни маҳаллийлаштириш, узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш борасида ҳаётий тажрибаларни илмий асосда ривожлантиришга катта эҳтиёж бор.

— Айни шу жиҳатларни инобатга олиб, Олтиариқ узумчилик мактабини ташкил этишни режалаштиряпмиз, — дейди миришкор узумчи боғбон Ҳусанбой Ғофуров. — Бу ташаббусимизни Олтиариқ тумани ҳокимлиги қўллаб-қувватлаб, бир гектар ҳосилдор ер ажратилса, ҳар йили камида 100 нафар ёшларга узумчилик сир-асрорларини ўргатамиз, бу ерда доимий 10 та янги иш ўрни ҳам яратилади. Бу назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради.

Ҳусанбой ака қарийб ярим асрдан буён узумчилик билан шуғулланади. Ҳозирги кунда унинг хонадонида «Ҳусайни», «Ҳасайни», «Ризамат ота», «Келин бармоқ», «Қора шаҳзода», «Шоҳонак» сингари ўндан ортиқ узум навлари парваришланади. Эътиборлиси, оила аъзолари кузда пишган узумни токдан узмаган ҳолда кейинги йилнинг баҳоригача сақлаш, уй шароитида узоқ муддат табиий усулда сақлаган ҳолда харидорларга етказиб бериш борасида катта тажрибага эга.

— Маҳаллий узум навларининг миллий брендларини яратиш - энг катта орзум, — дейди у. — Янги бозорларни эгаллаш учун илмий асосланган ҳолда узум етиштириш, унинг ҳосилдор, данаксиз янги навларини кўпайтиришимиз керак.

Ҳусанбой Ғофуровнинг фикрича, узоқ муддат табиий усулда сақлаш учун узумнинг кечроқ пишадиган сара навларини етиштириш керак. Натижада аҳоли хонадонларида хонавор узум сақлаш ва йилнинг тўрт фаслида ҳам унга бўлган талабни қондириш мумкин бўлади. Ҳозирча маҳаллий узум жаҳон бозорларида нари-борса уч ёки тўрт ой сотилади.

Бу агротуризм доирасида хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб этиш, узумзорларга экосаёҳат уюштириш,токзорлардан йилнинг тўрт фаслида ҳам узум узиб ейишни йўлга қўйишда қулай шароит яратади.


Ботир Мадиёров, xs.uz

Report Page