...

...

AGROBLOGER

Ёнғоқ республикамизнинг деярли барча ҳудудларида ўстирилади. Ёнғоқнинг илдизи 4-5 м дан ҳам чуқурроққа кириб боради. Шунинг учун денгиз сатҳидан 1800 м баландликда жойлашган қуруқ тупроқларда ҳам бемалол ўсади. Ёнғоқнинг илдизи одатда шох-шаббасининг ҳажмига мос келади яъни у эгаллаган кенгликда тарқалади.

Ёнғоқ етиштириш учун Тошкент вилоятининг Паркент, Бўстонлиқ, Оҳангарон туманлари, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Китоб туманлари, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Денов туманлари, Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол, Зомин туманлари ва бошқа вилоятларнинг тоғли ва тоғ ёнбағирларидаги ҳудудлари энг мақбул ерлар ҳисобланади.

Ёнғоқ боғлари яратишдан олдин имкон бўлса ерни 50-60 см чуқурликда плугланиб, текисланиб, ишлов берилади. Сўнгра кўчат оралари қандай бўлиши режаланиб, кўчатлар экилади.

Бунда кўчат учун 50-60 см бўлган чуқурчалар қазилади. Кўчат ораларидаги масофа 10×10,10×8,8×8 каби бўлиши мумкин. Баъзи пайвандланган ва секин ўсувчи навларни эса 6×8 схемада ҳам екиш мумкин.

Кузда кўчатлар экилгандан сўнг, ёш кўчатлар илдизини қишки совуқлардан ҳимоя қилиш учун ниҳол атрофига чириган гўнг солиб, мулчалаб қўйилади. Дастлабки йилларда асосан илдизи жадал ривожланиб, 4-5 м га етади. Ён илдизлари эса попук илдизлардан иборат. Шунинг учун ёнғоқ кўчатини 2-3 жойга кўчириш яхши эмас.

Ёнғоқ ўсиши учун ўта кўп эътибор талаб этмайди. Шунинг учун уни тошлоқ ерларда ҳам ўстириш мумкин. Ёнғоқ дарахтининг эртапишар навлари 2-3 йилда, баъзилари эса кечроқ 8-10 йилда ҳосилга киради. Пайвандланган навлари эса олдинроқ 4-5 йилда ҳосил бера бошлайди.

Кучли ўсувчи навларнинг бўйи 25-30 метргача, юғонлиги эса 1,5-2 метргача боради. Ёнғоқ апрел ойининг охири ва май ойининг бошларида гуллайди. Асосан четдан чангланади. Чунки, баъзи бир навларда оталик гуллари олдинроқ, оналик гуллари эса кейинроқ ривожланади. Баъзи навларда эса бунинг акси кузатилади.

Ёнғоқ дарахти –25°С совуққа бардош беради. Ҳаво ҳарорати бундан тушиб кетган ҳолда эса шох ва новдаларини совуқ уради.

Баъзи йиллари совуқ уриши натижасида дарахт танасининг қалин қисми ва юғон шохларигина омон қолиши мумкин. Бундай йилларда қуруқ шохчаларни кесиб ташлашга шошилмаслик керак. Чунки, саратонгача янги новдалар ўсиб чиқади. Кейинги йилдан бошлаб бу новдалардан ҳосил олиш мумкин. Совуқ урган новдалар ўсмайди, ўсганда ҳам шу йилда мева қилмайди.

Ёнғоқ узоқ умр кўрувчи мевали дарахт ҳисобланиб, 400-500 йил умр кўради. Мўл ҳосил берганда бир тупидан 150-200 кг ва ундан ҳам ортиқ ҳосил олиш мумкин. Ёнғоқзорларга ҳар йили соф ҳолдаги 90-120 кг азот (баҳорда), 60-90 кг фосфор ўғитлари (кузда) солиниши керак. 2-3 йилда эса гектарига 30-40 т гўнг солиш ҳам мумкин. Суғориладиган майдонларда ўсув даври давомида 6-7 марта суғорилади. Ҳосили август-сентабр ойларида йиғиб олинади.


AGROBLOGER канали

mirishkor.uz

Report Page