...

...

AGROBLOGER

Бодринг мавсум давомида 3-4 марта ўғитланади. Озиқлантириш илдиздан ёки баргдан, минерал ёки органик ўғитлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Умуман олганда, бодрингни илдиздан озиқлантириш баргдан озиқлантиришга қараганда яхшироқ деб ҳисобланади. Фақат бу ерда баъзи хусусий ҳолларни диққатга олиш лозим:

Илдиздан ўғитлаш иссиқ вақтда (масалан: иссиқхонада доимий равишда керакли иссиқ ҳарорат таъминланганида ёки очиқ майдонда етиштирилаётган бўлса, кеч баҳор, ёз даврида) самаралироқ натижа беради. Чунки бу вақтда ҳаво ва тупроқ иссиқ бўлганлиги учун бодринг илдизлари яхши ривожланади ва илдиздан берилган ўғитни яхшироқ ўзлаштиради. Бундай озиқлантириш учун энг маъқул вақт – экинни суғоргандан кейин кечки пайт ёки иссиқ бўлмаган булутли ҳаво (кун).

Баргдан ўғитлаш салқин даврда амалга оширилгани яхши. Сабаби бу вақтда тупроқ ва ҳаво совуқлиги учун илдизлар тупроқдаги озиқани яхши ўзлаштира олмайди ва илдиздан озиқлантиришнинг самараси кам бўлади. Шунинг учун бу вақтда озиқлантиришни баргдан амалга ошириш маъқулроқ бўлади. Бундай озиқлантириш куннинг иссиғи қайтган вақтида (кечки пайт) ёки булутли қуруқ ҳавода кичик дозалар билан амалга оширилади. Озиқлантирувчи аралашма кичик томчилар билан бир меъёрда сочилишини (сепилишини) таъминлаш керак.

Бодрингни озиқлантириш тартиби

Илк озиқлантириш бодринг кўчатлари асосий ерга ўтқазилганидан кейин 14 кун ўтиб амалга оширилиши лозим.

Иккинчи озиқлантириш бодринг гуллаб бошлаганида.

Учинчи озиқлантириш тўлиқ ҳосилга кирганда.

Тўртинчи озиқлантириш камдан кам ҳолларда керак бўлади, шунинг учун у шарт эмас. Бу озиқлантириш одатда томорқада оз миқдорда экилган бодринг узунроқ вақт ҳосил берсин (палак умрини узайтириш учун) деб амалга оширилади.

Илк озиқлантириш учун минерал ўғитлар ва уларнинг қоришмалари

1-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга 1 ош қошиқ мочевина ва 60 г суперфосфат.

2-усул. Илдиздан озиқлантириш: 4-5 г аммофосни (ёки 5-10 г диаммофосни) 1 квадрат метрга бир меъёрда сепиб чиқиб, ундан кейин ерни юмшатиб чиқиш.

Илк озиқлантириш учун органик ўғитлар

1-усул. Илдиздан озиқлантириш: ачитилган мол шалтоғи сувга 1:8 нисбатда аралаштирилади.

2-усул. Илдиздан озиқлантириш: янги товуқ гўнги сув билан 1:15 нисбатда аралаштирилади ва дарров ишлатилади.

Иккинчи озиқлантириш учун минерал ўғитлар

1-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга 30 г аммиакли селитра, 40 г суперфосфат, 20 г калийли селитра.

2-усул. Баргдан озиқлантириш: 10 л сувга 2 ош қошиқ суперфосфат.

3-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга 10 г калимагнезия ва 40 г суперфосфатдан тайёрланган тиндирма.

Суперфосфат тиндирмаси қуйидагича тайёрланади: суперфосфат устига иссиқ сув қуйилади ва хирра-оқ рангдаги ҳолатига келгунича яхшилаб аралаштирилади. Бу аралашма бир суткага тиндирилиб қўйилади. Натижада суперфосфатдан тайёрланган тиндирма ва унинг остида оқ чўкинди ҳосил бўлади. Унутманг! Бунда фақат тиндирилган аралашма ишлатилади, остидаги чўкинди ишлатилмайди.

Иккинчи озиқлантириш учун органик ўғитлар

1-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга бир стакан ўтин кули.

2-усул. Илдиздан озиқлантириш: 1 квадрат метр майдонга бир стакан (200-250 г) миқдорида кул ёки кукун даражасида майдаланган ўтин кўмирини бодринглар остига сепиб чиқиш.

Учинчи озиқлантириш учун минерал ўғитлар

1-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга 50 г мочевина.

2-усул. Баргдан озиқлантириш: 10 л сувга 1 ош қошиқ мочевина.

3-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга 2 ош қошиқ калийли селитра.

Учинчи озиқлантириш учун органик ўғитлар

1-усул. Илдиздан озиқлантириш: 10 л сувга 2 чой қошиқ «Гуми».


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page