...

...

AGROBLOGER

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4021-сон қарори доирасида:

Ўзбекистон Республикаси ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ўртасида амалга ошириш муддати 2018-2023 йилларга мўлжалланган 46,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит, шунингдек, 300,0 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари бўйича қарз битими 2019 йил 9 январда имзоланган;

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг Директорлар кенгаши томонидан 2019 йил 11 декабрда Ўзбекистон Республикасига “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини қўшимча молиялаштириш учун 25 йилга 5 йиллик имтиёзли давр билан 46,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит, шунингдек, 800,0 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари берилиши маъқулланган;

“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳани амалга ошириш муддати 7 йил (2019-2025) этиб белгиланган.

Қуйидагилар:

“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасига тузатиш киритилган техник-иқтисодий асослари ҳамда лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасига жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қарз маблағларидан фойдаланиш схемаси;

“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасига жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қарз маблағларини сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга ошириш прогноз жадвали тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

Лойиҳа доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг қўшимча маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган товар (иш, хизмат) ва транспорт воситаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4021-сон қарорида кўзда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва тўла ҳажмда амалга оширилиши учун жавобгар бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади ҳамда лойиҳа амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даврида ҳисоботни юритиш ва мониторинг қилиш функциялари унинг зиммасига юкланади;

кредит линиясини бошқариш, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарзининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳисобот ва мониторингни юритиш функциялари Ўзбекистон Республикасининг иштирок этувчи тижорат банклари зиммасига юкланади.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасига жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш маблағлари доирасида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси кредит линиясидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш ва тасдиқлаш юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан қуйидагиларни:

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан лойиҳага жалб этиладиган қўшимча молиялаштиришдан келиб чиққан ҳолда 2019 йил 9 январдаги қарз битимига ўзгартиришларни;

Агентлик ва лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари билан Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қарз маблағлари бўйича қайта молиялаштириш битимлари, шунингдек, заруриятга кўра уларга тегишли ўзгартиришларни имзолаш ваколати берилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ўртасида лойиҳага жалб этиладиган қўшимча молиялаштириш юзасидан имзоланган қарз битимига ўрнатилган тартибда юридик хулоса беради.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртманомалари бўйича ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи чет эллик мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртманомалари бўйича ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатга қўйилиши ва муддати узайтирилишини давлат божи ундирилмасдан таъминлайди.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page