...

...

@AGROBLOGER

Жорий йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Унда Президентимизнинг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш” концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ўз вақтида ва самарали ижроси бўйича вазифалар муҳокама этилди.

photo_2019-07-02_20-14-20.jpg

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров сўнгги йилларда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келгани суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига ва йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келганини қайд этди.

– Мазур ҳужжат мамлакатимизда фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш ишларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев.– Эндиликда Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш агротехникаси, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини геоахборот тизими орқали мониторинг қилиш, ерни масофадан зондлаш тизимларидан кенг фойдаланилади. Рентабеллиги паст бўлган пахта, ғалла ва бошқа экинлар ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, унумдорлиги ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилади. Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тизимини тубдан такомиллаштирилади. Бунда ҳудудларнинг тупроқ, иқлим шароитлари ва сув билан таъминланганлик даражаси, ички ва ташқи бозорда маҳсулотга бўлган талаб, даромадлилиги асосий мезон бўлиши керак.

Йиғилишда тегишли вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг Фармонда, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясида ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўриладиган чора-тадбирларнинг, 2019-2022 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичларининг ижросини таъминлаш, шунингдек, халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда, эксперимент тариқасида 2019 йилда Наманган вилоятининг Поп ва Мингбулоқ туманларида Концепцияни амалга ошириш тажрибасини яратиш борасида қилинаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилиб, муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ҳисобига республика бўйича 1 млн. 11 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонлар қайта фойдаланишга киритилади. Шунингдек, 2019-2022 йиллар давомида қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича жами 253,4 минг гектарга яқин майдонларида томчилатиб суғориш технологияси татбиқ этилади.

Муҳокамаларда асосий эътибор Сув танқис ҳудудларда кам сув талаб қиладиган, сувсизликка чидамли ва сув тўплаш ҳусусиятига эга бўлган экинларни жойлаштириш каби масалаларга қаратилди. Мутахассислар тармоқларни интенсив ривожлантириш талабидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш схемаларини такомиллаштириш, майдон бирлиги ҳисобига кўчат сонини мақбул даражагача ошириш бўйича бир қатор таклифлар киритди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

@AGROBLOGER

Report Page