...

...

AGROBLOGER

Юртимизда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Экиннинг пишиб етилишига қараб, ғаллазорларга бирин-кетин комбайнлар туширилмоқда. 

Астойдил ишлаган, ўз вақтида ва унумли меҳнат қилган фермер хўжаликлари шартнома режасини уддалаб, кейинги мўлжалларни мақсад қилишяпти.

Қайд этиш керакки, айни ғалла бошоқ тортиб турганда ижтимоий тармоқларда чигиртка хавфи ҳақида шов-шувлар пайдо бўлди. Олиб борилган тадқиқотлар туфайли юртимизга кириб келаётган Марокаш чигирткасига қарши ишончли тизим яратилгани ва бунда бюджет маблағлари асосида ташкил этилган отряднинг ўрни муҳимлиги маълум бўлди. Шу тариқа ўз муддатида қарши кураш чоралари кўрилиб, чигиртка муаммоси бартараф этилди.

– Бу каби табиий офатлар ва касалликларга қарши курашга ғаллакорларимиз доим тайёр туришади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Шомирза Сафаров. - Ҳар йил ҳам миришкор деҳқонларимиз олдида муҳим синовлар бўлади. Баҳордаги кучли шамоллар, ёмғир ва қор туфайли ғалланинг бир қисми занг касаллигига ва поялар ётиб қолишига ҳам олиб келди.

Қисқасини айтганда, ўтган йили бошоқли экинлар экилган бир миллион гектардан кўпроқ суғориладиган майдонларда бу йил ҳар галгидан ҳам мўл ҳосил яратилмоқда. Хусусан, ғалла ўрим- йиғимига барвақт киришган Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари маррага яқин келиб қолди. Далаларда комбайнлар тўхтовсиз ишламоқда.

Маълумотларга кўра, бугунга қадар ғаллачилик билан шуғулланаётган 161 туманнинг 90 таси ғаллачиликка ихтисослашган, 37 мингдан зиёд фермер хўжалигининг салкам 23 мингтаси давлатга ғалла топшириш мажбуриятини адо этди. Улар орасида гектарига 70-80 центнер ҳосилдорликка эришганлар кўпчиликни ташкил этади. Ўртача ҳосилдорлик эса 60 центнердан юқори бўлмоқда.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page