...

...

@AGROBLOGER



Бу йил ғалла мўл бўлди, деярли барча фермерлар ғалла режасини ортиғи билан бажаришди. Мўл ҳосилдан барча хурсанд. Эндиликда ерни иккинчи экинга тайёрлаш учун фермерларнинг аксарияти жуда осон йўлдан боришмоқда, ғалладан бўшаган майдонларни ёқишмоқда. Афсуски, ана шу ўйламай қилинган иш оқибатида бир гектар майдондаги бошоқли дон пояси, сомони ёқилса, ундан ҳавога ярим килограмм азот, уч килограмм кул, қарийб йигирма килограмм газ ва углерод оксиди каби зарарли моддалар тарқалади. Қолаверса, сомон ёқилиши оқибатида ернинг унумдор қатлами куяди, тупроқ ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Нафақат далада қўним топган майда ҳашаротлар, ер остида яшовчи кемирувчилар, балки сўнгги йилларда йўл четидаги электр симёғочларга уя қуриб, бола очаётган лайлаклар ҳам азият чекишмоқда.


Куни кеча Тошкентдан Бекобод шаҳри томон кетадиган катта автомобиль трассаси бўйлаб ястанган ғалла далаларининг ёқилиши оқибатида кўкка ўралган аччиқ қора тутун ҳали қаноти қотмаган, учирма бўлмаган полапонлари бор лайлакларнинг уяларини ҳам қамраб олди. Болаларини қутқаришга интилган лайлакларнинг аччиқ чинқириғи ва йиғиси қалбларни ларзага солди.


-Мен ҳеч қачон лайлакларнинг инсон сингари зорланишини эшитмагандим, деди Мирсоат исмли фуқаро. Шу атрофда қўй боқиб юриб, ёнаётган даладан кўтарилаётган қора тутунда ночор қолган қушлар ўз уялари атрофида айланиб, чйиғисини эшитиб, юрагим увишди. Наҳотки, хасни ёққан одам табиатга зиён етказаётганини ўйламаса?!


— Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддаси 3-қисмида дала ва аҳоли пунктларида сомон поялари, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши белгилаб қўйилган, шунингдек табиатга келтирилган зарар ҳисоблаб, тўланади.дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмита раиси ўринбосари Ислом Ҳушвақтов.


-Жарималар миқдорини ошириш керак, чунки жарима оз бўлгани учун фермерлар олдиндан жаримани тўлаб, ёқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Асосан тунда бу ишни амалга оширилади, воҳоланки ерни намлаб шудгор қилса, табиатга бу даражада катта зара етказилмасди, дейди Экологик партия ахборот хизматининг бошлиғи Эркин Омонов.


Демак, табиатга зарарни камайтириш учун фермерлар ва ўт-ўланларни атайин ёққан шахслар учун жарибаларни бир ўн, хаттоки юз баробар ошириш керак. Зеро, қачонки “чўнтаккдаги даромадга урилган жарима”гина одамларни инсофга келади.

Наргис Қосимова,

журналист

@AGROBLOGER

Report Page