...

...

AGROBLOGER

Ток қатор ораларидаги тупроқ намлигини меъёрида сақлаш ва бегона ўтларни йўқотиш учун 10-12 сантиметр чуқурликда чопиқ қилинади. Туплар таги ва ораси юмшатилади, чиққан ортиқча бачкилари олиб ташланади. Далалардаги ток новдаларининг яхши ўсиб-ривожланиши учун гектарига 150-200 килограмм аммиак селитраси, 100 килограмм аммофос ва 100-120 килограмм калий ўғитлари билан қўшимча озиқлантириш талаб этилади.

Хомток

Токзорда хомток ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, турли касалликларнинг ривожланиши сусаяди. Бунинг ҳисобига кимёвий ишловлар сони камайиб, маблағ тежалади. Шу боис ҳам июнь ойининг иккинчи ярмида ўтказиладиган ғўра хомтокни жуда сифатли, новдаларга қуёш нури тушадиган, орасидан шамол ўтадиган қилиб ўтказиш лозим. Худди шу йўл билан ҳосилдорликни сақлаб қолиш мумкин.

Касалликлар

Токзорларда июнь ойида кул (оидиум)ва антракноз касалликлари пайдо бўлиши мумкин. Унга қарши 8-10 кун оралатиб икки марта олтингугурт (1 гектар токзорга 25-30 килограмм миқдорида) чанглатиш талаб этилади. Яна бир муҳим жиҳат, олтингугуртга 10 килограмм оҳак кукуни қўшилса, тадбирнинг самарадорлиги янада ошади. Кичик майдонда, томорқаларда ток тупларини даволашда олтингугуртни қўллашнинг имкони бўлмаса, «Вектра», «Топаз», «Титул» (10 литр сувга 3-5 грамм миқдорида) ёки «Топсин» (10 грамм) ким­ёвий воситаларидан эритмалар тайёрлаб ишлатиш мумкин.

Зараркунанда ўтлар

Табиийки, томорқада турли зараркунанда ўтлар, хусусан, девпечак тарқалиши ҳоллари кузатилади. Бунинг учун ўсимлик туплари девпечакдан яхшилаб тозаланади ва четроқда куйдирилади ёки чуқурроқ қилиб кўмиб ташланади. Ток туплари тагидан ўсиб чиқувчи шўра ўсимлиги ҳам илдизи билан юлиб олинади ва юқоридаги усулларда йўқ қилинади. Агар девпечак суғориш тармоқлари олдида тарқалса, уруғлагунга қадар пуркаш йўли билан йўқотилади. Бунинг учун 10 литр оддий сувга 1,5 килограмм аммиак селитраси ёки 10 литр сувга 1 килограмм карбамид эритилиб, жиққа ҳўллаб пуркалади.


AGROBLOGER канали

Report Page