...

...

AGROBLOGER

Республикамизда айни пишиқчилик. Боғларда мевалар ҳаддан ташқари кўп бўлиб, бирин-кетин пишиб етилмоқда. Ёзнинг энг иссиқ (чилла) ойи ҳисобланган шу кунларда боғбону соҳибкорларимизнинг ишлари янада кўпайган. Бу йилги баҳорнинг эрта келиши, ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши боис, мевалар ҳар йилгига нисбатан 15–20 кун олдин пишиб етилмоқда. Айниқса, июнь ойида ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши туфайли меваларнинг пишиб етилиши тезлаша бошлади. Шунинг учун боғларимиздаги ноз-неъматлар истеъмолчиларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда терилади. Узоқ жойларга юбориладиган меваларни техник, ички бозорга чиқариладиган меваларни эса физиологик пишиш ҳолатида узиш тавсия этилади.

Боғбон-соҳибкорлар боғ-токзорлардаги ҳосилни тўлиқ сақлаб қолишлари учун саратон сувига қондириб суғоришга эътиборни қаратишлари лозим. Ушбу ойда боғларни 2–3 марта қондириб суғориш керак. Зеро, халқимиз «Чилла суви – тилла суви» деб бежиз айтмаган.

Агар июнь ойида боғ-токзорлар озиқлантирилмаган бўлса, у ҳолда озиқлантиришни органик ўғитлар билан қўшимча «шарбат» усулида берилиши яхши натижа беради.

Боғларни суғоришда ер ости суви чуқур жойлашган бўз тупроқларда сув 24–36 соат давомида жилдиратиб таралади. Оғир соз тупроқларда суғориш миқдори 700–800 м3/га, тошлоқ тупроқларда 400–500 м3/га бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Янги боғ-токзорларда ҳар туп кўчат атрофига 100–120 г. дан азотли, 50 г. дан фосфорли ўғитлар солиб, 2–3 маротаба қондириб суғорилади.

Тупроқда намликни сақлаш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида, боғ-токзор қатор ораларида тупроқ етилиши билан 12–15 см чуқурликда культивация ўтказилади.

Интенсив боғларда ўғитлар сувда эритилиб, томчилатиб суғориш трубалари орқали берилади, бунда самарадорлик ортиб ўғитлар тежалади.

Июль ойи бошида ёш ва ҳосилли боғларда ёзги шакл бериш ўтказилади. Ёш боғларда дарахт танаси сийраклаштирилиб, худди эрта баҳордагидай шакл берилади.

Ёш интенсив боғларда янги новдалар симбағазларга эгиб боғланса, мева куртакларининг шаклланишини жадаллаштиради. Новдани боғлашда иложи борича эркин ушлаб 70–80о бурчак остида эгиш зарур.

Июль ойида боғларда парша ва монилиоз касаллиги, мева ва қўнғир рангли ўргимчакканалар, нок шира бургасининг ривожланиши кузатилса, уларга қарши 1 фоизли Бордо суюқлигини пуркаш керак. Олма қуртининг учинчи авлодига қарши Вектра (100 л сувга 30 г), Сапроль ёки Топсин (100 г) препаратлари комплекс ҳолда, мева ва қўнғир рангли ўргимчакканаларга қарши намланувчи олтингугурт (0,6–1 кг) 12–15 кг/га миқдори пуркалса яхши натижа беради.

Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойларда кесилмаган бўлса, тезда кесиб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш лозим.

Данакли мевалилардан шафтоли ва олхўрини узоқ муддат сақлаб бўлмайди (кўпи билан бир ой сақланади). Шунинг учун мевасини қуритиш мақсадга мувофиқдир.

Республикамизда резавор мевали ўсимликлар ичида қулупнай ўсимлиги ёзда – июль-август ойларида кўчатидан экилади. 15 августгача экилган кўчатлар келаси йили тўлиқ ҳосил беради.

Қулупнайзор учун текис, унча нишаб бўлмаган, сув билан яхши таъминланган майдон танлаб олинади. Майдонга шудгор олдидан тупроқ унумдорлигига қараб 40–60 тонна ярим чириган гўнгга 600–1000 кг суперфосфат аралаштириб солинади. Сўнгра майдон камида 30 см чуқурликда ҳайдалиб, кетидан текисланади ҳамда кўчат экиш учун ариқ олинади. Кўчатлар қатор оралари 70–90 см, шағалли тупроқларда 60 см қилиб олинган ариқларга туп оралиғи 20–25 см қилиб экилади. Бунда 1 гектарга 44,4 мингдан 71,4 минг донагача кўчат экилади.

Қулупнай кўчатини экиш олдидан майдон қондириб суғорилади,сўнг қулупнай кўчатлари қўлда 5–7 см чуқурга экилади. Июль ойида ҳарорат юқори бўлганлиги боис кўчатлар куннинг иккинчи ярмида соат 17 дан кейин экилади. Кўчатлар экиб бўлингач ҳаво ҳароратига қараб, 2–3 кун давомида жилдиратиб сув бериб, тупроқда намлик сақланади. Орадан 8–10 кун ўтгач экилган кўчатлар текшириб чиқилади.

Токзорларда қалинлашган новдаларнинг юқори қисми қисқартирилади. Темир бетон устунли токзорларда новдаларнинг охирги симбағазидан 50 см. дан юқори қисми кесиб ташланади. Чеканкани айрим ҳолларда жуда кучли ўсувчи токзорларда сийраклаштириш билан бир вақтда июль охирида ўтказиш керак.

Чилла даври давомида қалинлашиб кетган тупларда узум бошларини соялатиб қўядиган бачки новдалар кучли ўсиб кетса 2–3 та барг қолдириб, кесиб ташлаш керак. Акс ҳолда ҳосилнинг етилиши, новданинг пишиши кечикади ҳамда замбуруғли касалликлар ривожланади.

Ғўра хомток ўз вақтида сифатли ўтказилган бўлса, касалликларнинг ривожи камаяди. Натижада кимёвий ишловлар сони қисқариб, самараси ошади. Ғўра хомтокни сифатли ўтказиш ҳамда новдаларни кун тушадиган қилиб тараб боғлаш керак. Кул касаллигининг тарқалиши кузатилса олтингугурт (1 гектар токзорга 30–40 кг) чанглатилади.

Юқорида тавсия этилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса боғ-токзорлардан мўл ҳамда сифатли ҳосил етиштиришга эришилади.


@AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page