...

...

@AGROBLOGER

Июнь-июль ойларида кимёвий препаратлар сепилмаган полиз ва сабзовот экинларида, айниқса ғўза майдонларида бит тушган ўсимлик барглариниг орқа томонида зангори, оч сариқ, лимон рангли оёқсиз галлица личинкаларининг фойдали фаолиятини кўриш мумкин.      Галлица пашшалари иккиқанотлилар туркуми (Diptera), галлицалар (Cecidomiidae) оиласининг вакили бўлиб, улар жуда майда – 1,8-2,2 мм – бўлган кулранг-қўнғир тусли ҳашаротлардир. Афидимизанинг катта ёшдаги личинкалари диапауза ҳолида, сохта паллача ичида, ўсимлик қолдиқларида, кўпинча 8-10 тадан гуруҳларда қишлайди. Баҳорда личинкалар ғумбакка айланиб, улардан апрел охири-май бошларида етук пашшачалар учиб чиқа бошлайди. Урғочи пашшачаларнинг учиши, жуфтлашиб, тухум қўйиши асосан соат 21 дан эрталаб 8-9 ларгача давом этади. Умуман бу ҳашарот намозшомда-тунда фаол ҳаёт кечириб, кундузи ўсимликлар орасидаги қоронғироқ ва сернам жойларда тўпланади.     Йиртқич галлица гигрофил, яъни намликни ёқтирувчи ҳашарот ҳисобланиб, нисбий намлик 70-80% бўлганда яхши ривожланади. Ҳаво ҳарорати ўртача 250С бўлганда бир авлод ривожланиши учун 17-20 кун керак бўлади. Урғочи зотларнинг жинсий маҳсулдорлиги одатда 25-30 та, максимум 90 та тухумга тўғри келиб, тухумлар асосан дастлабки 2-3 кун ичида қўйилади.  Йиртқич галлица пашшачасининг личинкалари олигофаглар (чегараланган ҳаммахўр) ҳисобланиб, 61 турдаги ўсимлик битларини еб битиради. Буларга зараркунандалиги юқори бўлган ғўза (полиз) бити, олма бити, карам бити, дуккаклилар бити ва бошқа турлар киради. Личинканинг озиқланишидаги ўзига хос хусусияти – ўлжасини ейишдан олдин фалаж қилишидир. Бунда озиқланишдан олдин битнинг танасига юборилган сўлак таркибидаги заҳарли мода ўлжани фалаж ҳолатига туширади. Шуни қайд этиш лозимки, галлица личинкалари озиқланиш учун зарур бўлганидан бир қанча ортиқ ўлжани фалажлаши туфайли битларга кўплаб қирон келтиради. Битта личинка ҳаёти давомида ўртача 20-60 та битни ейди.

Афидимиза галлицасини ўсимлик битларига қарши қўллаш.

Йиртқич галлица афидимизани иссиқхоналарда қўллаш усули мукаммал ишлаб чиқилган. Бунда иссиқхоналар ҳафтасига бир марта кузатувдан ўтказилади. Ўсимликларда дастлабки бит тўдалари пайдо бўлиши билан галлица ғумбаклари, ҳар 3 битга 1-2 ғумбак ҳисобидан, тарқатиб чиқилади. Ҳисобланган миқдордаги ғумбакларни кичик қоғоз қутиларга оғзи очиқ ҳолда жойлаб, ўсимликлар остига ташлаб чиқилади.      Бит тўдалари озроқ ерда қайд этилганда ғумбакли қутичалар иссиқхонанинг бир неча ерига тарқатилади. Бит тўдалари иссиқхонада кенг тарқалган бўлса, унда ғумбакли қутичалар бутун иссиқхона бўйлаб бир текис тарқатиб чиқилади. Иссиқхоналардаги битлар авж олиб ривожланиб кетган ҳолларда, дастлаб уларнинг миқдори бирор кимёвий препарат қўллаб камайтирилади ва орадан 7-10 кун ўтгач, галлица тарқатиб чиқилади.


@agrobloger

Report Page