...

...

AGROBLOGER

Яқинда сўнгги янгиликлар билан танишаётиб, ЎзАнинг бир хабарига кўзим тушди. Унда таъкидланишича, айни кезлар Сурхондарё вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғими жадал давом эттирилмоқда. Ўз навбатида, фермер хўжаликларининг ҳосилдан бўшаган майдонлари пешма-пеш шудгорланиб, эгалари томонидан экспортбоп турли-туман такрорий ва тўқсонбости экинлар экишга тайёрланмоқда. Қолганлари кам таъминланган оилаларга бўлиб берилмоқда.


Шубҳасиз, бу пандемия сабабли бутун дунё миқёсида иқтисодий инқирозлар ва озиқ-овқатлар танқислиги юзага келиши эҳтимоли кутилаётган бугунги шароитда ўта муҳим аҳамият касб этади. Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, қишлоқлар аҳолиси бандлигини ва моддий манфаатдорлигини оширишга кўмаклашади. Айниқса, камбағал оилалар ўз эҳтиёжларига асқатадиган зироат маҳсулотлари етиштириши ёки қўшимча даромад орттиришларида, шу зайл моддий аҳволларини бирмунча ўнглаб ва рўзғорларини бутлаб олишида қўл келади.


Бироқ айрим ҳамюртларимиз бу имкониятдан самарали фойдаланиш ўрнига шошма-шошарликка йўл қўймоқда. Боз устига, пайкалларни ҳайдашдан олдин буғдой поялари, сомон ва ёввойи ўсимликлар қолдиқларидан тозалашга эриниб, осонгина усулни қўлламоқда. Чунончи, бири Қизириқ туманининг Мустақиллик, иккинчиси Жарқўрғоннинг Олтинтепа маҳалласида яшовчи фуқаролар анғизларга, яъни экини ўриб-йиғиб олинган ерларга ўт ёқиб юборган. Бундай нохуш ҳодиса Термиз туманида ҳам кузатилган.


Афсус, минг афсус, булар аҳён-аҳёнда учрайдиган ва фақатгина жорий йилда аниқланган нохуш ҳодисалар эмас. Аслида улар ҳар ёзда ва барча ҳудудларимизда бот-бот такрорланади. Энг ажабланарлиси, далалардаги «ёндир-куйдир»лар кўпинча етти ёт бегоналар эмас, ернинг асл соҳиблари – фермерлару миришкор деҳқонлар томонидан содир этилади.


Бинобарин, бизнинг яна бир хавотиримиз шундан иборатки, ғаллазорларга шафқатсизларча ўт қўйишлар ўрим-йиғими қизғин тус олган шу кеча-кундузларда бошқа вилоятларда ҳам рўй бериши мумкин.


Шамол билан муштлашиб, олов билан ўйнашиб бўлмайди.


Маълумки, пишиб етилган ғалла асосан комбайнлар ёрдамида йиғиштириб олинади. Басма-басига ҳосилдан бўшаган майдонларга буғдой пояларининг комбайн тиғи тегмаган пастки қисмларини ва бошқа ўт-ўланларни ўрадиган, чор тарафга сочилиб кетган сомонларни тўплаб-зичлайдиган турли агрегат-машиналар киритилади. Сўнгра ер шудгорланади. Бу тартибга риоя қилинмаса, ўша қолдиқлар то чиригунга қадар ерларни экин экиш учун ҳозирлашга ва ишлов беришга халақит қилади. Шунингдек, парвариш сифатига ва ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.


Буни фермерларимиз жуда яхши билади, теран тушунади. Аксарияти шунга мувофиқ иш тутиб, буғдойзорни ҳайдашдан олдин тозалайди. Баъзилари эса гўёки вақтдан ютиш ва ортиқча меҳнат сарфламаслик илинжида қалтис йўлни танлайди. Ёнғиндан ер ва табиат завол топишини, инсонлар азият чекишини, махлуқотлар жабр кўришини, ўсимликлар қовжирашини била туриб, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Жилла қурса, Яратганнинг бебаҳо инъомлари уволидан қўрқишмайди, очиқ-ошкора далага ўт қўйишади. Қарабсизки, кечагина бўлиқ-бўлиқ бошоқлар олтиндай товланган, ризқ-рўзимиз унган пайкаллар оташ-аланга гирдобида тўлғонади. Сизу бизни боқувчи, жамики борлиққа ҳаёт ато этгувчи ҳар зарраси тиллага тенг Ер ёнади. Чор атроф қоп-қора бадбўй тутунга чулғаниб, она замин кул билан қопланади.


Зеро, олов ўз номи билан тилсиз ёв! Унинг тиши ҳам, ҳўлу қуруқ билан иши ҳам бўлмайди, ҳеч қачон қурбон танламайди, «Мен фақат сомонни ёндираман, қолганига тегмайман!», демайди. Шу боис жонлию жонсизни бирдек комига тортади. Алқисса, уларга ва жамиятга кўп томонлама катта зарар келтиради.


Асорати йилларга татийдиган иллат


Табиий, энди савол туғилади: хўш, ғаллазорга ўт қўйишнинг хунук оқибатлари нималарда намоён бўлади?


Биринчидан, у ўсимликлар қолдиғи чиришидан ҳосил бўладиган ва тупроқ ҳосилдорлигини оширадиган барқарор органик бирикмаларга, натрий, азот, фосфор, калий, кальций, магний, олтингугурт, темир, бор, марганец каби озиқ моддаларга, барча микроорганизмлару фойдали ҳашаротларга беаёв қирон келтиради. Ернинг маъданли ва маҳаллий ўғитлар сероб қатламини куйдириб, зичлигини оширади. Оқибатда тупроқ тузилиши бузилиб, физик, механик ва биологик хоссаларига, сув, иссиқлик ва офтоб нурини ўтказиш хусусиятларига путур етади. Нураши кучайиб, унумдорлиги пасаяди. Қолаверса, ёнғин таъсирида нами қочган ва ғоваклиги йўқолган тупроқ тез қотади. Бу эса ерни ҳайдашни, молалаш ва текислашни қийинлаштириб, қўшимча маблағ, ёнилғи ва меҳнат сарфлашни тақозо этади.


Иккинчидан, бир гектар майдондаги ғалла қолдиқлари ёнганида, атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, салкам 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди тарқалади. Улар экология ва атроф-муҳитни заҳарлашидан ташқари, инсон саломатлиги учун ҳам хавфли бўлиб, аҳоли орасида турли касалликлар урчишига доялик қилади.


Учинчидан, буғдойзорга ўт кетганида унинг уватларидаги, ариқ-зовурлар, йўллар бўйидаги наботот ва ҳайвонот олами ҳам мислсиз талафот кўради. Ўша жойда яшаётган турли-туман ҳайвонлар, паррандалар ва ҳашоратлар нобуд бўлади, дала четида ўсаётган иҳота дарахтлари ва бошқа ўсимликлар олов таъсирида жизғанак бўлиб қуриб қолади. Буям етмагандай, ҳали ғалласига ўроқ тушмаган қўшни пайкалларда ёнғин чиқиши хавфи туғилади, гуркираб ўсаётган пахта ва бошқа экинлар ривожи сусаяди. Чунки авжи саратондаги ёнғин шусиз ҳам иссиқ ҳавони баттар қиздириб юборади, шусиз ҳам анча танқис сувга талабни кескин оширади.


Тўртинчидан, айрим кишилар шунчаки хас сифатида ёқиб юборадиган сомонлар аслида чорвабоп тўйимли ем-хашаклар сирасига киради. Таркибида 30-42 фоиз клетчатка, 35-40 фоиз азотсиз экстрактлар, 1,3-2,8 фоиз тирик организм ёки ўсимликнинг айрим тўқималарини ташкил этувчи оддий оқсиллар ва бошқа унсурлар бўлади. 100 килограмм баҳорги арпа ва буғдой сомонининг тўйимлилиги эса 22-33 озуқа бирлигига тенг. Молларга едиришдан олдин қайноқ сувга бўктириш, буғлаш, тўпон, лавлаги турпи, майдаланган илдизмевалар қўшиш, каустик ва кальцийли содалар, аммиакли сув, суюқ аммиак ва оҳак суви, ош тузи, карбамид эритмаси билан ишлов бериш унинг хушхўрлиги ва тўйимлилигини оширади. Шу тариқа чорва моллари тез семиришига, қозонимиз қайнашига ва дастурхонимиз тўкин-сочин бўлишига хизмат қилади.


Бешинчидан, дони ўриб-янчиб олинган майдонларни буғдой қолдиқларидан тозалаш унчалик кўп вақт олмайди. Бордию, шундай бўлган тақдирда ҳам, фермерлар эл-улусни ҳашарга чорлашса ёки арзонроқ нарх белгилашса, сомонни бажонидил йиғиштириб олиб, ўз корига ишлатадиганлар истаганча топилади.


Мавриди келганда, яна бир эслатма: замонавий комбайнлар ҳарчанд такомиллашган бўлмасин, барибир, ўрим пайти доннинг маълум қисми ерга тўкилади ёки баъзи бошоқлар янчилмай қолади. Улар териб олинса, ҳам дала тозаланади, ҳам машоқчиларнинг қопи ва кўнгли тўлади. Муҳими, нонимиз саналмиш ғалла увол бўлмайди.


Давомини суриштирсангиз, буғдой похоли ва сомонидан азал-азалдан моллар тагига тўшама сифатида фойдаланилади. Майда қирқилганини том ва деворлар сувоғи мустаҳкамлигини ошириш ниятида лойга аралаштириш ўтмишдан мерос анъана сифатида ҳозир ҳам амалиётда кенг қўлланилади. Поясидан эса қоғоз, картон, қадоқ материали тайёрланади, сават ва қалпоқ тўқилади.


Гапнинг индаллосини айтганда, даладаги сомонларни ёқиб юбориш нафақат тайёр чорва озуқасини, қурилиш ва ишлаб чиқариш хомашёсини бой бериш, балки табиатга ва келажакка тош отиш демакдир!


Касалликни даволашдан кўра олдини олган маъқул


Тан олиш керак, юртимизда ғалла ўрим-йиғимига ҳар сафар пухта тайёргарлик кўрилади. Чунончи, бу йил республикамиз бўйича 1 миллион 78 минг гектар суғориладиган, 186 минг гектар лалми ерда катта заҳмат эвазига бошоқли дон етиштирилди. Суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 71 центнердан, жами 7 миллион тоннадан зиёд дон олиш учун мустаҳкам замин ҳозирланди.


Мавсум бошланиши арафасида эса ҳосилни қисқа муддатларда нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш мақсадида 3 минг 159 та ўрим-йиғим отряди ташкил этилди. Уларга зарур миқдорда комбайнлар, дон ва ёнилғи ташиш автомобиллари, тиркамалар, кўчма устахоналар ва ички ишлар ходимлари бириктирилди. Комбайнлар узлуксиз ишлаши учун 15,2 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар захираси яратилди. Айни чоғда, ҳар доимгидек, аҳоли, фермерлар, комбайн, трактор ва автомобиль ҳайдовчиларининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, табиат мусаффолигини сақлаш бўйича масъулияти оширилди. Ҳосилдан бўшаган майдонларни буғдой қолдиқларидан тозалашга, уларни зинҳор-базинҳор ёқиб юбормасликка доир тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Мазкур мавзуга бағишланган огоҳлантиришлар, сомонни ёқишнинг ҳуқуқий оқибатлари акс этган плакатлар тарқатилиб, далалар ва йўл ёқаларига қўшимча баннерлар ўрнатилди.


Дарвоқе, бу бежиз эмас. Миллий қонунчилигимизда табиатга турли кўринишда зиён-заҳмат етказиш учун жавобгарликлар белгилаб қўйилган. Жумладан, бошоқли дон экинлари сомонини ёқиб юбориш натижасида тупроққа ва ўсимликларга етказилган зарарлар тегишли низомлар асосида аниқланади ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан ундирилади. Агар дала ва аҳоли пунктларида анғиз (муайян экин ўриб олингандан кейин унинг далада тиккайиб қолган пояси – А.Ҳ.), хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, бу қилмишни содир этганларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-банди бўйича жазо тайинланади. Аниқроғи, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади. Масалан, бултур биргина Тошкент вилоятида 125 ҳолатда 260 гектар ер ёнишига сабабчи бўлган 78 нафар ҳуқуқбузар жами 45 миллион 561 минг сўмлик жарима тўлаган.


Бу бир жиҳатдан яхши. Ҳар қалай, табиатга зарар келтирган киши кирдикорига ярашасини олгани, қонун устуворлиги таъминлангани маъқул. Аммо, менинг назаримда, белгиланган жарима миқдори бирмунча кам. Эҳтимол, 669000-1115000 сўм пулни тўлаш оддий фуқаро учун қийинчилик туғдирар, лекин 1115000-2223000 сўмлик маблағидан мосуво бўлиш баъзи мансабдорлар ёки бақувват фермер хўжалиги раҳбарларига чивин чаққанчалик кор қилмаслиги тайин. Шу боис бу кимсалар сомонларга бемалол гугурт чақишдан ҳайиқмайдилар. Уларнинг ҳуқуқбузарликлари туфайли кули кўкка совурилган жониворлар, дов-дарахтлар ва бошқа ўсимликларни эса асл ҳолига келтириб, ер унумдорлигини осонликча қайта тиклаб бўлмайди. Бунинг учун катта меҳнат ва маблағ сарфлашга, узоқ вақт кутишга тўғри келади.


Қандайлигидан қатъий назар, яккаш жарима ёки қаттиқроқ жазо қўллаш билан қонунбузарликларни йўқотиб бўлмайди. Сўзимнинг исботи сифатида ўрта асрларга тааллуқли ҳам кулгули, ҳам ачинарли ажабтовур ҳангомани эслатай. Ўша кезлар бир мамлакатда ўғрилик кўпайгандан-кўпайибди. Уни камайтириш учун минг бир чора кўрилсада, фойдаси бўлмабди. Ахийри, юрт оқсоқоллари ва адолат пешволари обдон маслаҳатлашиб, бу жиноят учун ўлим жазоси тайинлаш шарт, деган тўхтамга келишибди. Бошқаларга сабоқ бўлиши учун бундай ҳукмлар кўплаб одамлар тўпланган очиқ майдонларда, эркагу аёл, ёшу қари – барчанинг кўз ўнгида ижро этиладиган бўлибди. Бироқ навбатдаги маросим тугар-тугамас, халойиқ орасида «Вой, шўрим қуриди, киссавурлар ҳамёнимни ўмариб кетибди!», деган дод-фарёдлар, «Ушланглар, ўғриларни тутинглар!», деган ҳайқириқлар янграбди.


Кейин маълум бўлишича, маҳкумлар қатл этилаётган пайтда ”Эт бор ердан ит кетмас” қабилида иш тутган бошқа чўнтаккесарлар 17 кишининг пулларинию қимматбаҳо тақинчоқларини сездирмайгина шилиб кетишга улгуришган экан...


Унутманг, биз Ер фарзандимиз!


Албатта, юқоридагига ўхшаш мисолларни истаганча келтириш мумкин. Улардан келиб чиқадиган хулоса эса битта: хоҳ енгил, хоҳ оғир бўлсин, касалликни даволашдан кўра олдини олган минг карра афзал! Модомики шундай экан, биз айбдорларни топиб жавобгарликка жалб этиш асноси дала-анғизларга ўт ёқишнинг зарарлари ҳақида аҳоли ўртасида олиб бориладиган тушунтириш ва огоҳлантириш ишларини янада кучайтиришимиз керак. Акс ҳолда, бундай нохуш ҳодисалар баттар авж олади, бора-бора кўпчилик учун оддий ҳолга айланиб қолади. Айниқса, ёшлар онгига ва одоб-ахлоқига салбий таъсир ўтказади. Инчунин, улар экологияни асраб-авайлаш, табиат бойликларидан тежамкорона ва оқилона фойдаланиш, Ерни ардоқлаш ҳақида астойдил қайғурмай қўядилар. «Қуш уясида кўрганини қилади», деганларидек, бебаҳо неъматлар уволидан қўрқмай, ҳаддан зиёд исрофгарчилик ва нобудгарчиликларга бемалол қўл уришга одатланадилар.


Табиат эса, биласиз, ҳазилни ёқтирмайди, хатони ва хиёнатни асло кечирмайди, вақти келганда, ўзига етказилган қилдай зарар учун филдай қилиб ўч олади. Бу интиқом сабоғи йилларга, ҳатто асрларга татийди, касофати бизга ҳам, келгуси авлодларга ҳам уриб, оқибати жуда-жуда қимматга тушади.

Биз буни асло унутмаслигимиз, Ер фарзанди эканлигимизни мудом ёдда тутмоғимиз лозим!


Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист


uza.uz


@AGROBLOGER канали

Report Page