...

...

@AGROBLOGER


Фото: TravelAsk

Узум етиштириш жараёни фақат бир қарашдагина осон жараён бўлиб кўринади. Аслида эса узумдан сифатли ҳосил олиш учун фермерлар ҳар куни токларнинг ҳолатини кўздан кечириши, ҳосилни йиғиб олиш жараёнида эса кунни плантацияларда ўтказишлари талаб этилади. Агар юзлаб ва ҳатто минглаб гектар узумзор эгаси бўлсангиз, ҳатто ишчилар ёрдамида ҳам касаллик ва зараркунандалар мавжудлиги, шунингдек, узум йиғиб олишга қай даражада тайёр эканини назорат қилиш мушкул. Кўпинча узумзорлар турли микроиқлим шароитларида жойлашади, ҳар бир нав эса ўзининг пишиб етилиш муддатига эга. Узум етиштирувчиларга дронлар ёрдамга келди. Ҳозирда улар Европа ва Американинг кўплаб йирик хўжаликларида мавжуд. Бу ҳақида TravelAsk сайти ёзмоқда.

Фото: TravelAsk

Дронлар ва узум етиштирувчи хўжаликларнинг илк ҳамкорлиги плантацияларга пестицид ва инсектицидлар билан ишлов беришда ёрдам беришдан бошланди. Учувчисиз парвоз қурилмалари катта масофани босиб ўтиб, кимёвий препаратларни белгиланган жойга аниқ етказди. Бир неча муддат ўтгач, дронлар ақллироқ бўлишни бошлади ва уларни қўллаш соҳалари ҳам анча кенгайди.

Фото: TravelAsk

Ҳар бир муайян бутада зараркунанда ва касалликлар мавжудлигини аниқлайдиган камералар туфайли дронлар пестицидлар билан аниқ ишлов беришни амалга оширишга муваффақ бўлди. Бундай ёндашув препаратлар харажатини қисқартириш ва ари ҳамда бошқа ҳашаротларга етказиладиган зарарни минималлаштириш имконини берди.

Фото: TravelAsk

Инфрақизил диапазонда ишлайдиган камералар ёрдамида дронлар энг тажрибали фермер илғай олмайдиган нарсани ҳам кўра олади. Уларнинг имкониятлари касалланган ва қуриган узум новдасини излаш ва зараркунандани топиш билан чекланмайди. Дронлар шундай камералар билан жиҳозланганки, улар тупроқ ҳолати, хусусан унинг намлигини таҳлил қилиши мумкин. Бу эса суғоришлар режасини тузиш имконини беради. Бундан ташқари, камера мева пишиб етилганлиги даражасини қайд этиши мумкин. Бу эса узум плантациялари ишчиларини ҳар кунги узумзорларни кўздан кечиришдек машаққатли вазифадан озод этди.

Фото: TravelAsk

Австралияда эса яқин келажакда дронлардан ҳосилни йўқ қиладиган қушларга қарши фойдаланиш режалаштирилмоқда. Какадуларнинг чексиз галаси узум пишган вақтда узумзорга учиб келади. Фермерлар учун бундай ташрифлар ҳосилнинг катта қисми йўқотилишига сабаб бўлади. Янги услуб синовдан ўтказилди ва тез орада дронлар далаларни чақирилмаган қанотлилардан қўриқлаш ролини бажаришни бошлайди.

Манба: kun.uz

@agrobloger

Report Page