Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари хусусида

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш масалалари хусусида


Бугунги кунда, Республикамизда қонун устуворлигини таъминлашда, фуқароларнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, жамиятда адолатни қарор топтиришда суд органларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эгадир.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга тўхталар экан, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлигини, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганлигига тўла ишонч ҳосил қилиши кераклигини таъкидлаган эди.

 Дарҳақиқат, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини оширишда бу борада изчил амалга ошириб борилаётган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ.

 Жойлардаги мавжуд муаммолар суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш лозимлигини кўрсатмоқда.

 Суд органлари нуфузини кучайтириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда унинг ишига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳанузгача мавжудлиги барчага маълум.

 Шу муносабат билан, 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Мажлислар залида “Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, одил судловни амалга оширишга оид қонунларни такомиллаштириш масалалари бўйича” Очиқ мулоқот тарзда давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Мазкур учрашувда Олий Мажлис Сенатининг аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд судьялари, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг масъул ходимлари, Тошкент шаҳар адлия бошқармасидан вакил, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган адвокатлар, ТДЮУнинг профессор-ўқитувчилари, “Мадад” ННТ ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

 Ушбу тадбирнинг ўтказиш бевосита одил судловни амалга ошириш масалаларига бағишланган бўлиб, Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга оид қонунларни такомиллаштириш масалалари бўйича Ишчи гуруҳи томонидан йиғилган таклифлар, фикр ва мулоҳазаларни алмашишдан иборат бўлди.

 Дастлаб суҳбатни Олий Мажлис Сенатининг аъзолари Д.Ташмухамедова, Ш.Сагдуллаев, Қонунчилик палатаси депутати А.Шадманов, Судьялар Олий кенгаши вакили М.Мамараимовдан иборат Ишчи гуруҳ йиғилганлар билан биргаликда судьяларнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги, судларда адвокат ва прокурор иштирокининг таъминланиши, суд иши материаллари билан танишишнинг бугунги ҳолати, судга электрон мурожаат қилиш каби масалаларда айнан амалиётда учраётган мавжуд муаммоларни атрофлича тадбир иштирокчилари билан биргаликда муҳокама қилишди.

 Бу борада, мамлакатимизда сўнгги уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида қатор муҳим саъй-ҳаракатлар қилинаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Бугунги кундаги ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ эканлигини Олий Мажлис Сенатининг аъзоси Дилорам Ташмухамедова алоҳида таъкидлаб ўтди.

 Очиқ мулоқот тарздаги суҳбат давомида, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раиси Алим Эрназаров сўнгги йилларда адвокатура институтининг такомиллаштириш ва унинг ривожланиши учун Адвокатлар палатаси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тадбир иштирокчиларига маълумот бериб ўтди. Ушбу масалалар юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар тингланиб, иштирокчиларнинг барча саволларига мавзу бўйича жавоб берди.

 Бундан ташқари, депутатлар ва сенаторлар ўз фаолиятлари давомида суд органлари нуфузини кучайтириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда, унинг ишига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам ҳанузгача мавжуд эканига ва бу борада ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар хусусида ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

 Сўзга чиққанлар адолат ва холислик принципларига тўлиқ амал қилган ҳолда, судларни видео кузатув камераси ва овоз ёзиб олиш воситалари билан таъминлаш, қамоққа олишда судлар томонидан санкция бериш жараёнидаги камчиликлар, процессуал қонунчиликни такомиллаштиришга доир ўз таклифларини билдирдилар.

 Шу билан бирга, адвокатура институтининг такомиллаштириб борилаётгани, хусусан, адвокат судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари биноларига иш вақтида ўзининг касбий фаолиятини амалга оширишидаги зарурият сабабли ҳеч бир тўсқинликсиз кириш, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш каби ҳуқуқларга эга бўлгани инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишда алоҳида аҳамият касб этиши эътироф этилди.

 Учрашув-мулоқотда, шунингдек, “Мадад” ННТнинг 9 ой давомида аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга оид мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлари эшитилди.

 “Очиқ мулоқот” тарзида ўтказилган давра суҳбати жуда қизиқарли баҳс-мунозарали ва конструктив руҳда бўлиб ўтди ҳамда кўриб чиқилган масалалар бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси.


Report Page