...
FERMERЎрмоннинг ўз қонунлари бор – кучли ва йирик бўлсанг, ейсан, янчиб ташлайсан. Ожизлар кимгаям борарди, ўрмоннинг каттасига, у яна сценарийни такрорлайди, холос. Ожизларнинг устидан кулади, арзини эшитмайди. Худди Пайариқда бўлаётгани каби.
Негадир “ўрмон қонунлари” жамиятимизда фермерлар билан кўпроқ боғлиқдек туюлади. Чунки уларнинг ерини тортиб олиш, оптимизация қилиш, экспериментларни ўтказиш, исталган вақтда қўшиб юбориш мумкиндек таассурот беради кишига. Улар қанча тобе бўлса, шунча ишлатиш осон.
Навбатдаги “тажриба” Пайариқ туманида қўлланди. Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида мазкур туманда бўлди.
Пайариқлик бир гуруҳ фермерларнинг ери 2019 йилда “SAMARKAND COTTON GLUSTER” МЧЖга олиб берилади. Шундай олиб бериладики, фермерларнинг розилигисиз. Шунчаки, ДЕПУТАТЛАР сессияда “олиб берилсин” деган вақтда тасдиқлаб юборишади. Табиийки, кенгаш раиси ҳоким ва унинг айтгани бўлмаслиги мумкин эмас.
Хуллас, ўша сессияда маҳаллий депутатларимиз ёмон анъанани давом эттиришиб, бир гуруҳ фермерларнинг ерини кластерга олиб беришни “қонунийлаштиришади”.
Биз билан суҳбатлашган “Тоғдаги лолазор” фермер хўжалиги раиси Акмал Бердиқулов 2019 йилда ери ҳокимнинг тазйиқи билан тортиб олинганини маълум қилди.
“Биз ҳеч қандай имзо қўйиб ёки муҳр урмадик, норозилигимизни билдирдик. Бизни биров эшитмади, еримиз кластерга олиб берилди” дейди у.
Бердиқуловнинг айтишича, ер амалда ундан олиб қўйилгач, оилавий кластернинг қўлида ишлашга мажбур бўлган. 6-7 ойлик пахта мавсумида гектарига 50 минг сўмдан ҳақ тўланаётганини билдирди.
Демак, мустақил ишлаб келган фермер ери кластернинг қўлига ўтгач, ойига 10 гектар пахта меҳнати учун 500 минг сўмдан олиб келган. 6 ойга 3 млн сўм!
Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш мумкин, “Тоғдаги лолазор” фермер хўжалиги 2016 йилда пахта етказиб бериш бўйича шартнома режасини 100 фоизга бажарган. 2017 йилда шартнома режа 36,1 тонна этиб белгиланган ва фермер амалда 41,2 тонна, режани 114 фоизга бажарган. Ер кластерга олиб берилишидан бир йил аввал, 2018 йилда ушбу хўжалик 79,1 фоизга режани бажарган, холос.
Пайариқ тумани ҳокимининг 2010 йил 9 мартдаги қарори билан ер “Тоғдаги лолазор” фермер хўжалигига 49 йилга берилган.
Саъдулла Саидмуродов 2019 йилгача “Мадина миришкор даласи” фермер хўжалигини бошқариб келганини айтмоқда. “Еримизни кластерга олиб беришгач, бир муддат уларнинг қўлида ҳам ишлаб кўрдим. Қисқа вақтда амин бўлдимки, кластерда ишлаб оилани боқиб бўлмас экан. Энг ёмони, биздан ерни кластерга олиб беришган бўлса-да, йилма йил солиқ қарздорлиги кўпайиб, уйимизга қоғоз боряпти. Қоғозда ер фермерларники, амалда кластерники бўлиб турибди”, деди Саидмуродов.
“Самад Тиркаш даласи” фермер хўжалиги раиси Нурбек Бердиқулов ер кластерга ўтганидан сўнг ҳосилдорлик камайиб кетганини айтмоқда. Унинг айтишича, ернинг мелиоратив ҳолати ҳам ёмонлашган. Бердиқулов уч ака-ука кластерда ишлаб келаётгани, жорий йилда ғалланинг меҳнати учун уч кишига жами 1,5 млн сўм ҳақ олганини билдирди. Ишчилар ғалланинг сомонидангина умид қилиб турганини маълум қилди.
Гулчеҳра Холбоева “Исломжон агро сервис” фермер хўжалигини бошқариб келган. У 2019 йилда ер олиб қўйилгандаёқ Бош прокуратурага, қуйидаги масъул идораларга мурожаат қилганини билдирди. Унга “ер президент қарорига биноан олиб қўйилган” деган жавоб қайтарилган, холос. Ортиқча изоҳ берилмаган. У фермер сифатида кластер билан ишлашга тайёрлигини маълум қилди.
Умуман, барча фермерларда шу каби ҳолатга гувоҳ бўлдик. Улардан ер қоидаларга зид тарзда олиб қўйилгани ва тегишли идораларга мурожаат қилинсада, ўзгариш бўлмаётганини айтмоқда. Ҳудудда ишсизлар сони ортгани, ернинг мелиоратив ҳолати бузилаётгани, ариқлар қазилмай қолаётганини маълум қилишди.
Фермерни ҳимоя қиладиган ташкилот бор – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши. Ушбу ташкилотнинг туман бўлими раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Анвар Валиевдан изоҳ олдик. Валиев фермерларнинг муаммосидан шу пайтга қадар бевосита хабардор бўлиб келгани, бироқ расман фермерлар Kun.uz мухбири Пайариққа борган куни ариза билан мурожаат қилганини билдирди. Вазиятни ўрганиб, фермерларга ҳуқуқи тикланиши учун ҳаракат қилишини маълум қилди.
Пайариқ туман халқ депутатлари туман кенгаши котибият мудири Жамшид Ахунов ҳам вазиятдан хабардорлигини айтди. Ахуновнинг қўлида ҳозирча туманнинг собиқ ҳокими Дилшод Мусиновнинг 2018 йил 25 январдаги қарори бор экан. Ушбу қарорда кластер учун туман захирасидан жами 5862,4 гектар ер ажратилиши белгиланган. Қарорости ҳужжатлари котибиятда мавжуд эмас. Ахунов ушбу масалани вилоят кенгаши муҳокамасига қўйиш бўйича таклиф берилганини қўшимча қилди.
Фермерлар мурожаатига Пайариқ туман прокуратурасининг ҳам жавоби берилган. Прокуратура жавоб хатида ҳақиқатан ҳам фермерлар розилиги олинмай, кластерга қўшиб юборилгани маълум қилинган.
Шундан сўнг Пайариқ туман ҳокимлигининг соҳа бўйича масъуллари ҳамда “SAMARKAND COTTON GLUSTER” МЧЖ раҳбарларидан маълумот олишга ҳаракат қилдик. Ўша куни улардан маълумот олишнинг имкони бўлмади. Ўтган вақт давомида туман ҳокимининг соҳа бўйича ўринбосари Нурбек Равшанов ва кластер вакили Kun.uz офисига келиб, вазиятни очиқлашга уринди. Бироқ бу уриниш шунчаки, қуруқ гаплар бўлиб, ҳужжатлар тақдим этилмади, оғзаки важларни тасвирга олишимизга розилик билдирилмади.
Пайариқ тумани ҳокимлигига фермерлар келтирган важлар бўйича бизни қизиқтирган саволларни маълум қилганмиз. Хусусан:
Фермерларнинг ери қайси асос билан захирага олинган, уларнинг розилиги сўралганми, ҳужжатларда акс этганми?
Халқ депутатлари туман кенгашига муҳокамага қўйилишидан аввал махсус ишчи гуруҳ хулоса қилганми, бу фермерларга маълум бўлганми?
Ер кластерга ўтганидан сўнг ҳосилдорлик ортганми ёки аксинчами?
Борингки, “ура-ур” қилиб, кўр-кўрона фермерлардан 49 йиллик шартномани чиқитга чиқарган ҳолда ер тортиб олинганми?
Биз юқоридаги саволларни сўрадик, бироқ ўнлаб қўнғироқ ва сўровлар жавобсиз қолмоқда. Мавзу “нозик” эканига ишора қилиняпти.
Хулоса ўрнида. Ҳудудларда фермерларга нисбатан “ўрмон қонунлари”ни қўллаш қачонгача давом этади? Бундай экспериментларни қачонгача қишлоқ хўжалигига қўллаш мумкин? Фермер қачон том маънода мустақил бўлиб, ернинг эгасига айланади?
Бу ҳақда фермерга “эгалик” даъво қилувчи ўнлаб ташкилотлар, кенгашлар тезроқ бош қотирмас экан, тизим ўзгармайди. Биз яна кўп йиллардан кейин ҳам фермернинг ҳисоб рақамида миллиардлаб маблағ айланиши, улар ҳақиқий тадбиркор каби соҳага замонавий ёндашиши, бозор талабини бажариши, мамлакат иқтисодини кўтариши ҳақидаги гапларга ишониб қолаверамиз.
Kun.uz мавзуга яна қайтади.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
FERMER канали