...

...

FERMER

Мамлакатимиз селекционер олимлари орасида Виктор Александрович Автономовнинг алоҳида ўрни бор. 66 ёшни қаршилаган бу инсон бутун ҳаётини ғўза уруғчилиги ва селециясига бағишлаган. Ҳозирги кунда у Ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида атроф-муҳитнинг биотик омилларига чидамли ғўза навлари селекцияси лабораторияси мудири лавозимида фаолият юритмоқда.

Айтиш жоизки, Автономов томонидан яратилган 9 та ғўза нави истиқболли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси давлат реестрига киритилди. Булар «Сурхон-9», «C-6541», «Наманган-34» , «C-6550», «Наманган-102», «C-6565», «C-6570», «Сурхон-103» ва «C-6575» навларидир.

Виктор Александровичнинг 2020 йилда Бельгияда чоп этилган «Вилт касалликларига чидамли ғўза навларини яратиш» монографиясида илк бор молекуляр генетика ва фитопатология усулларини анъанавий селекцияда қўллаган ҳолда Фусариум ва Вертиcиллиум патогенларига бардошли бўлган ўрта толали «C-6570», «C-6577» ва «C-6585» ғўза навларини яратиш босқичлари тўлиқ келтирилган.

Шунингдек, олимнинг 2021 йилда Германияда нашр этилган «Ўзбекистонда маданий пахта турларининг замонавий навларини кўпайтириш» монографиясида ўрта толали ғўзанинг «C-6575», «C-6580», «C-6601» ва «C-6602» навларини тезпишарлиги, тола чиқимини 40 фоиз ва ундан юқорилиги, пахта ҳосилдорлиги 50 центнердан ошиши, тола сифати ИВ тип, қора илдиз чириши, Фусариум ва Вертиcиллиум касалликларга чидамлилиги назарий жиҳатдан асослаб берилган ва амалий жиҳатдан исботланган.

Олим асосий илмий ишларидан ташқари уруғчилик бўйича муаллифлик назоратини олиб борди. Бу эса юқорида қайд этилган навларни республикамизда 30 йилдан ортиқ вақт давомида экиш имконини берди. Селекционер олим ўз фаолиятининг муҳим қисмини «C-6524» ва «Наманган-77» навларини яратишга бағишлади. Юқоридаги навлар Ўзбекистон пахтакорлари томонидан 1989-2021 йиллар давомида жами 15 миллион гектардан ортиқ майдонга экилган бўлиб, бу ўз навбатида фермерларга пахта хом ашёсининг нафақат эрта териб олиш, балки юқори сифати туфайли салмоқли даромад топиш имконини берди.

Маълумот учун. Профессор В.А. Автономов пахта уруғчилигини ривожлантиришдаги хизматлари учун 2006 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган бўлса, 2021 йилда «Йил олими» ва «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» унвонига сазовор бўлган.


FERMER канали

Фахриддин Бозоров, xs.uz

Report Page