...

...

AGROBLOGER

Шу кунларда юртимиз бозорларидаги сабзавотлар ичида сабзи нархининг юқорилиги ҳамманинг эътиборида турибди.

Ўзбекнинг паловига ҳам мазали таъм, ҳам чиройли кўриниш берадиган сабзининг нархи ошишига нима сабаб бўлмоқда?

Мухбиримиз Юнусобод деҳқон бозорида бўлиб, тадбиркор ҳамда деҳқонлар билан суҳбатлашиб, ушбу масалани ўрганди.

Бозор савдо расталарини айланиб, қизил ҳамда сариқ сабзининг нархи билан қизиқдик.

– Қизил сабзини 9 минг сўмдан олиб 10 минг сўмдан, сариқ сабзиниям худди шу нархда сотяпмиз, –дейди сотувчи Наргиза Икромова. –Ҳозир айни тўйлар мавсуми бўлгани учун картошка билан пиёзга қараганда сабзининг бозори чаққон. Ўзим ҳам томорқамга февраль ойи бошларида сабзи эккандим. Афсус, совуқ уриб кетиб, ҳосил бермади. Ҳозирги сабзилар асосан иссиқхоналарда етиштирилган.

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани, Янгиер маҳалласидан келиб, савдо-сотиқ қилаётган Ҳурматой Астанова майда сабзиларни 5 минг сўмдан сотяпди.

–Кўриб турганингиздек, бу йил сабзининг ҳосили жуда майда, –дейди тадбиркор. –Бизда асосан сув танқислиги муаммо бўлиб турибди. Бир гектар ерим бор. Сув танқислиги сабабли иккинчи экинни экишга ўйланиб турибман.

Сабзининг нархи баландлиги сотувчилар ҳамда бозор маъмуриятига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.Чунки харидорларга нарх-навонинг нима сабабдан ўсганини тушунтириб беришга тўғри келяпди.

–Бу йил сабзи нархининг кескин кўтарилиши биринчи навбатда об-ҳавонинг ноқулай келганига боғлиқ, –дейди Юнусобод деҳқон бозори раҳбари Отабек Жумаев. –Иккинчи сабаби, ҳозир сабзининг узилиш даври. Учинчиси, еримизнинг ҳосилдорлиги, сабзиларимизнинг серсувлиги, мазаси яхшилиги ҳисобга олиниб, экспортга талаб кучаймоқда. Шуларнинг ҳисобига нарх кўтарилмоқда.

Аҳолининг талабидан келиб чиқиб, тадбиркорларга таъсир кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёрдами билан бир килограмм сабзини 3800 сўмдан олиб, худди шу нархда сотиш йўлга қўйилган. Бозор ҳудудининг икки жойида кунига 500 килограммдан арзон сабзи соттиряпмиз.

Қишлоқ хўжалик вазирлиги ахборот хизмати томонидан берилган маълумотларда жорий йил февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайиши, шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келаётгани таъкидланди.

  Айни пайтда вазирлик тегишли мутасаддилар билан биргаликда маҳсулотни қисқа муддатда даладан йиғиштириб олиш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий деҳқон бозорларига ўз вақтида етказиб бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқди.

     Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича эрта баҳор ойларида, яъни февраль-март ойларида экилган сабзи жорий йилнинг 28-30 июнидан бошлаб ёппасига даладан йиғиштириб олиниши бошланади.

Бу эса бозорларимизда сабзи нархининг пасайиши олиб келади.


AGROBLOGER канали

ЎзА, uza.uz

Report Page