...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида кенг тарқалиб, аҳоли турар жойлари, маиший бинолар, тарихий ёдгорликларга катта зарар етказаётган термитлар бугунги кунда нафақат аҳоли, балки фермер хўжаликлари учун ҳам катта муаммога айланиб бормоқда. Термитлар асосан таркибида целлюлоза бўлган нарсалар билан озиқланиб, булар сирасига ёғоч, кийим, китоб ва бошқа предметлар киради. Ҳашаротлар чўлда яшашади ва табиат учун жуда ҳам фойдали. Чунки тўкилган барглар, хас-чўпларни истеъмол қилиб уларни чириндига айлантиради. Термитлар билан 120 дан ортиқ қуш, судралиб юрувчи ва ҳашаротлар озиқланишади. Шунинг учун ҳам табиатдаги экологик мувозанатни ва биохилма хилликни бузмаган холда уларга қарши курашиш чора -тадбирлари амалга оширилади.

Янги ўзлаштирилган ерларда термитлар асосан бино ёғочларига хавф солади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги бинолар текширувдан ўтказилганда бирорта ҳам бутуни топилмаган. Термитлар ҳамма ёғочларни ҳам емирмайди. Улар асосан тол, терак, ёнғоқ, яъни дарахтларнинг 32 турини хўш кўради. Игнабаргли дарахтлар смола ажратиб чиқаргани учун ҳам термитлар уларга хавф етказмайди. Бугунги кунда термитларга қарши септор препарати ва заҳарли емхўраклардан самарали фойдаланилмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар қандай қурилиш ишлари олиб боришдан олдин марказ томонидан термитларга қарши профилактик чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг Қарорига асосан мазкур масалани ижобий ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти қошида Термитларга қарши кураш маркази ташкил қилиниб, унга қуйидаги вазифалар юкланди:

-термитларга қарши заҳарли емхўраклар ишлаб чиқариш ва бошқа ташкилотларга тарқатиш;

-термитларга қарши кураш бўйича тавсиянома ва йўриқномалар, қўлланмалар яратиш;

- республикада аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини амалга ошириш;

- мамлакатимизда қурилиш ишларини олиб боришдан олдин у ерда термитлар бор йўқлигини аниқлаб, кейин қурилишга рухсат беришдан иборат. Қарор бўйича иккинчи масала, бу термитларга қарши заҳарли емхўракларни ўрнатиш санитария дизенфекция станцияларига юклатилган. Термитлар республикамизнинг жанубий ҳудудлари – Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятининг айрим туманлари билан биргаликда шимолда, яъни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларининг турар жой, маиший ва бошқа турдаги биноларига кўплаб зарар етказмоқда. Айни пайтда Марказ Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Марказга кўпгина фермерлар мурожаат қилиб, термитлардан халос қилишимизни сўрашади.

Марказ асосан стратегик объектлар, тарихий ёдгорликлар, аҳоли турар жой ва маиший биноларни муҳофаза қилади.

Уй шароитида термитларга қарши кураш жуда ҳам қийин бўлсада, аҳоли ўзини 50 фоизга ҳимоя қилиши мумкин. Ҳўш, термитлар а турар жойлар ва фермер хўжаликларига қаердан келади? Сўнгги пайтлари чўллардан саксовул ташиш тартибсиз ҳолда амалга оширилмоқда. Термитлар унинг илдизи орқали ошхонага кириб, у ердан молхонага, уйга ўтади. Ёки аҳоли уйни бузиб, термит билан зарарланган ёғочни қайта ишлатади. Қадимда ота-боболаримиз янги ерларни атрофини чил олиб, сўғорган. Сув 15-20 кун турган. Натижада термитлар ўша жойни ташлаб, чиқиб кетган. Бугунги кунда дизенфекция станцияларга хабар бериб, қурилиш қилишдан олдин ўша ерни зарарлантириш лозим. Айтиш жоизки, термитлар тез кўпаювчи ҳашарот. Унинг “малика”си ер остида яшаб, бир минутда 30 донагача, бир суткада 42500 донагача тухум қўяди. Курашиш тадбирлари 2 метр чуқурликкача, сув ости йўлларида 16 метр чуқурликкача амалга ошириш керак. Шунинг учун ҳам заҳарли емлар термитларнинг “ишчи”ларига едирилиб, 1 ой давомида “малика”сигача етиб келади ва 1-2 ойда улар нобуд бўлишади. Термитлар табиатан кўр бўлсада, ҳидни жуда ҳам яхши сезади ва 10 метргача бўлган озиқни дарҳол топади. Заҳарли емхўраклар айнан ана шу уларнинг ҳид сезишига мослашган. Бугунги кунда Марказ томонидан буюртма асосида ҳар бир хонадонга 12 грамм заҳарли емхўраклар ажратилади.

Термитларга қарши кураш маркази фаолият олиб бориши доимо ҳамкорликда амалга оширилади. Бугун биз Урганч давлат университети, Маъмун Академияси, Қарши давлат университети Зоология кафедраси билан яқин алоқалар ўрнатдик. Марказ олимлари томонидан “Ҳашаротлар экологияси”, “Биозарарланиш асослари” каби ўқув қўлланмалар яратилди. Янги ўқув йилида улар тўлдирилиб, дарслик сифатида нашр этилиш арафасида турибди. Ҳамкорлик халқаро миқёсда ҳам амалга оширилиб, республикамиз тарихий обидаларини термитлардан асраш борасида иккита лойиҳа амалга оширилган, айни пайтда унинг ўзвий давоми сифатида АҚШнинг грантини олиш учун лойиҳа топширилган.

 

Аловиддин ХАМРОЕВ,

биология фанлари доктори, профессор.

Республика термитларга қарши курашиш маркази директори.


Report Page