...

...

AGROBLOGER

Канаданинг Solinftec компанияси ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш ва фермерларнинг харажатларини камайтиришга хизмат қилувчи агробот – Solixнинг синовлари бошланганини эълон қилди.

Solix тупроқ ва ўсимликлар ҳолатини, зараркунандалар ва уларнинг хусусиятларини, ўғитларнинг етарлилигини автоматик равишда мунтазам назорат қилишга қодир – буларнинг бари фермерларга бизнес самарадорлигини оширишда катта кўмак беради.

AgroExpert.md маълумотларига кўра, агар Solix синовлари муваффақиятли ўтса, у келгуси йилда сотувга чиқарилади.

Solinftec – бу аграр саноат ва технологиялар линиясида фаолият юритувчи, Канада, АҚШ ва Бразилияда офисларига эга компания. Ишланма муаллифи фермерларга фаолиятни рақамлаштиришда ёрдам беради – Solinftec булутли платформаларни қишлоқ хўжалиги билан боғлайди, бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш хизматларини ишга туширади ва ҳосил прогнози жараёнини соддалаштиради.

Solix роботи яратилиши билан компания олдинга томон силжимоқда. Дастурий таъминотдан ташқари, Solinftec энди ўз мижозларини жисмоний даражада ҳам қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

“Янги технология фермерлар ва агрономларни ҳосилдорликни ошириш, ресурслардан фойдаланишни яхшилаш, атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш ва озиқ-овқат бўйича глобал талабни қўллаб-қувватлаш учун янги даражадаги ахборотлар билан таъминлашга мўлжалланган. Мақсад роботни 2023 йилги мавсумга қадар тижорий сотувга чиқаришдир”, дейилади Solinftec баёнотида.

Ишлаб чиқувчиларнинг қайд этишича, Solix инсон омили аралашувисиз далаларни мунтазам мониторинг қилиш учун мўлжалланган. Робот борт камералари ва бошқа датчикларни ўсимликларнинг ҳолати ҳамда улар таркибидаги озуқавий моддаларни текшириш, бегона ўтлар, зараркунандаларни қидириш учун қўллайди.

Машина тадқиқоти алгоритмлари ёрдамида тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш орқали Solix экинлар сифатини аниқлаб, ҳосилни йиғиш вақти бўйича натижаларни башорат қилади.

Муаммолар аниқланганда, робот дала эгасига ўз жойлашув нуқтаси ҳақида хабар бериб, бу вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатади. Шу тариқа, фермер гербицидлар ёки ўғитларни маҳаллий даражада ва керакли миқдорда қўллаши мумкин, яъни, бунда кимёвий моддаларни бутун далага сепиш зарурати бўлмайди.

Робот литий-ионли аккумуляторларда ишлайди ва қуёш батареялари орқали қувватланади, шу боис, у қўшимча CО2 эмиссиясини яратмайди.

Ҳозирги кунда Solinftec компанияси Саскачеван университети билан ҳамкорликда ўз роботларини синовдан ўтказмоқда. Агар технологиянинг самарадорлиги тасдиқланса, компания жорий йил охирига бориб, серияли ишлаб чиқаришга ўтади ва 2023 йилда маҳсулот етказиб беришни ташкиллаштиради.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page