...

...

FERMER

Бухоро вилояти ғаллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб давлатга дон сотиш шартнома режасини бажарди.

Жорий йилда вилоятдаги 2 минг 932 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 60 минг 600 гектар майдонга буғдойнинг “Старшина”, “Алексеевич”, “Гром” каби сараланган навлари экилиб, сифатли парваришланди. Шу билан бир қаторда “Первица”, “Антонина”, “Краснодар-99”, “Аср”, “Васса” каби навлар ҳам синовдан ўтказилди. Жумладан, 19 минг 889 гектарда “Гром”, жами 35 минг гектардан ортиқ ерда “Алексеевич” ва “Старшина”, 3 минг 200 гектарда “Первица”, 1 минг 100 гектарда “Васса” навлари, тукли ва туксиз сара дон етиштирилди. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида далаларда мўл ҳосил тўпланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дон етиштиришнинг кластер усулига ўтказилгани ерга, мулкка эгалик ҳиссини, ғаллакорларнинг моддий манфаатдорлигини янада оширди. Бугунга келиб вилоятда 13 та кластер корхоналари ташкил этилган. Уларга 3,5 минг гектар ер тўғридан-тўғри ажратилган. 57,1 минг гектар ғалла майдони мавжуд 2 минг 932 та фермер хўжалигига бириктириб берилган. Ўтган йил бошоқли доннинг 19 минг 50 гектардан зиёди пахтадан бўшаган майдонларнинг қатор ораларига экилган бўлса, жорий йил мавсумида 27 минг 140 гектар ғўза қатор орасида бошоқли дон экинлари экилди.

Етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун вилоятдаги мавжуд 202 та комбайндан отрядлар шакллантирилди. Шунингдек, отрядларга 1000 дан ортиқ юк автомобиллари, 32 та кўчма устахоналар, 43 та ёнилғи ташиш воситалари бириктирилди. Вилоят бўйича жорий йил 20 июнь ҳолатига кўра, давлатимиз ғалла хирмонига 137 минг 300 тонна ўрнига қарийб 145 минг тонна товар дон етказиб берилиб, ғалла топшириш бўйича шартномавий режа 106 фоизга бажарилди. Ғалла ҳосилини етиштириш ва давлатга дон сотиш бўйича Ромитан, Вобкент, Ғиждувон, Қоровулбозор, Қоракўл ва Олот туманлари деҳқон ва фермерлари жонбозлик кўрсатди.

Айниқса, Ромитан туманидаги “Карим Рабби агро”, “Мўминабону Аброр”, “Замин”, “Нурбек Азизбек Маҳмуд”, “Саъдулло Сиддиқ замини”, “Иброҳим Шамшод Зоҳид” фермер хўжаликлари ҳосилдорликни 80 центнерга, Вобкент туманидаги “Элач Шабнами”, “Авез Мирзо замини”, “Сарвиноз Сожида Нигина”, “Нурулло Амон Амрилло” фермер хўжаликлари жамоаси 75-80 центнерга, Қоракўл туманидаги “Яшин”, “Боғу Шабнам чорвадор”, “Улуғ бобо”, “Аҳмад Олим пахтакор” фермер хўжаликлари 75 центнерга етказди.

Яна бир эътиборли жиҳати, оғир иқлим ва ер шароити бўлишига қарамасдан вилоят миришкорлари вилоят қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи маротаба ўртача 70 центнердан ортиқ ҳосилдорликка эришди. Етиштирилган ғалла ҳосилидан қарийб 1,4 триллион сўмлик даромад олиш мўлжалланмоқда. Қолаверса, шартномавий режадан ортиқча етиштирилган ҳосилнинг фермер хўжаликлари тасарруфида қолиши хўжалик ишчиларининг моддий манфаатдорлиги ва иқтисодий фаровонлигини янада ошириш имконини беради. Ҳали далаларда ҳосил мўл. Шу боис ғаллакорлар ўртача ҳосилдорликни 76,5 центнерга етказиб, жами 463 минг тоннадан ортиқ ҳосил олиш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда.

Шунингдек, ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилган. Бу борада ҳар бир туманда махсус ишчи гуруҳлари томонидан кам таъминланган, моддий мададга муҳтож оилалар, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга далада меҳнат қилиб, даромад топишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.


Зариф Комилов, ЎзА

FERMER канали

Report Page