...

...

AGROBLOGER

Мамлакатимизда “Ўздавкарантин'' инспекцияси томонидан эълон қилинган “Долзарб 15 кунлик” доирасида Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси "Гилос пашшаси”, "Олма мевахўри", "Шарқ мевахўри" зараркунандаларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига салбий таъсирининг олдини олиш мавзуида семинарлар ташкил этиб, мониторинг кузатувлари ўтказмоқда.

Семинарларда жаҳон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг йилдан-йилга ошиб бораётгани юртимизда етиштирилаётган сархил мевалар салмоғи ва сифатига алоҳида эътибор беришни талаб этаётгани таъкидланмоқда. Бу борада ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш, карантиндаги зарарли организмлар республикамиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш муҳим вазифа экани қайд этилаётир.

– Соҳибкорларимиз учун ташкил этилаётган тадбирларда шунингдек, зарарли ҳашоратларга қарши қандай воситалар билан қай тарзда курашиш лозимлиги, бепарволик натижасида ҳосилнинг чўғи ва сифатига жиддий зарар етиши хусусида етарли маълумот берилаётир, – дейди Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи Даврон Тангиров. – Масалан, “Шарқ мевахўри” барча мевали ўсимликлар учун хавфли зараркунанда ҳашорат ҳисобланади. Унинг личинкалари барча мевали дарахтларнинг ҳосили ва янги куртакларини зарарлайди. Асосан, шафтоли, нок, беҳига катта зарар етказади. Олма, олхўри, ўрик дарахтлари ҳосилининг катта қисми нобуд бўлишига олиб келади. “Шарқ мевахўри”га қарши кураш олиб борилмаса, ҳосил эллик фоиздан юз фоизгача яксон бўлиши мумкин.

Вилоятда "Долзарб 15 кунлик" бошланганидан буён инспекторлар "Гилос пашшаси", "Олма мевахўри", "Шарқ мевахўри" зараркунандаларига қарши 600 гектардан ортиқ майдонда мониторинг кузатув ишларини олиб борди. Кузатув натижаларига кўра, мевали боғларнинг 32,6 гектарида “Олма мевахўри” зараркунандаси аниқланди. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспекторларининг тавсиясига асосан 510 гектар майдонга олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари чиқарилди. Мевали боғларнинг зарарланиш даражасидан келиб чиқиб, кимёвий препаратлар билан ишлов берилмоқда.

Жорий йилда ҳам сархил мева, сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлашда бой тажрибага эга воҳада мўл ҳосил етиштирилди. Айни пайтда ҳосилнинг бир қисми маҳаллий истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Ички бозордан ортган мева хорижга экспорт қилинмоқда.

Вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати ходими Ражабгул Муҳаммадиеванинг таъкидлашича, фермер ва деҳқон хўжаликлари соҳибкорлари, томорқа ер эгаларининг мўл, сифатли сархил мева етиштиришида турли ҳашоратларга қарши ўз вақтида олиб борилаётган кураш ўз самарасини бермоқда.

Ҳудудларда зараркунандаларга қарши мониторинг кузатув ишлари давом этмоқда.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page