...

...

FERMER

Американинг 19 штатида пахта етиштирилади. Табиий иқлими, тупроғининг минерал тузларга бойлиги, сув билан таъминланиши турли бўлишига қарамай пахта етиштириш усули Америкада ҳамма жойда бир хил. 

Худди бизникига ўхшаган ўрта толали пахтани америкаликлар мамлакатнинг Тинч океанига чиқадиган жанубий-шарқий қирғоқларида: Алабама, Миссисипи, Луизиана, Арканзас ва Техас шататларида етиштиради. ХVI аср охирларига келиб Америкада ҳамма истеъмол қиладиган лекин ҳамма ерда ҳам ўсиб ҳосил беравермайдиган пахтага бўлган қизиқиш ўзининг энг юқори пағонасига етди. 1790-1820 йилларда пахта ишлаб чиқариш Америкада 18 баробарга ошди. 20 йилдан кейин бу кўрсаткич яна 18 баробарга кўпайди. Ва Америка 1840 йили 1 миллион 300 минг той (тюк) пахта етиштирди. 1860 йилга бориб АҚШ 3 миллион 800 минг той (тюк) пахта ишлаб чиқарди. Американинг “премиум” тоифасидаги пахтаси - толасининг пишиқлиги, ҳўл ва иссиқ ишлов беришга чидамлилиги, ундан тайёрланган газламалар эзилганда ҳам, ғижимланганда ҳам яна аввалги асл ҳолатига қайтиши, намни сўриб олиш хусусияти билан дунёдаги энг яхши саноатбоп пахта ҳисобланади. «Upland» («Апланд») пахта нави толасининг узунлиги 20-30 миллиметр. Одатда пахтанинг толаси қанчлик узун бўлса, у шунчалик юмшоқ ва майин бўлади. Қисқа толали, майда ва майин туклари бўлган пахта навининг эса сув, намни ўзига сўриб олиши хусусияти юқори бўлади.

Американинг “Мако” пахта нави толасидан тайёрланган ип газламалар ўз кўрсаткичлари бўйича жаҳоннинг энг талабчан сифат стандартларига жавоб беради, деб тан олинган. Бундай пахта толаси американинг "Mitafifi" уруғлигидан етишитириб олинади. Толасининг узунлиги 40 миллиметр. Мисрнинг «Абасси» нави ҳам юқори сифатли пахта толасини беради. Перунинг «Пима» навли пахтасига дунёдаги энг яхши пахта нави деб баҳо берилган. Американинг “Мако” пахта нави толасидан тайёрланган ип ҳам жаҳоннинг юқори сифат стандартларига жавоб беради. Толасининг узунлиги 40 миллиметр бўлган пахта американинг "Mitafifi" уруғлигидан етишитириб олинади. 

Американинг Флорида қирғоқларида, Мексика кўрфази ва унга яқин бўлган оролларда етиштириладиган «Sea - Island» («Премиум си айлэнд коттон») сорти энг юқори сифат кўрсаткичларига эга. Унинг шойидек майин толасининг ўртача узунлиги 43 миллиметрдан 56 миллиметргача боради. Бундай пахта ҳосилининг кўп бўлмаганлиги сабабли унинг баҳоси бошқа навлардан тўқилган газламаларга қараганда анча қиммат юради. 

Америкада пахта тақчиллиги сезилгани ҳолда Хитойга ўхшаб четдан пахтани сотиб олмайди. Хорижий мамлакатларнинг кўпчилик тўқимачилик корхоналари ишлаб чиқарилаётган газламаларнинг ҳажмини пахтага сунъий тола қўшиш хисобига оширмоқда. 

Шу ерда бир гапни айтиб ўтишни лозим топдик. Сўнгги йилларда инсон соғлиғи билан боғлиқ бўлган экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ва соф табиий толадан тайёрланган экологик тоза кийим кийиш масаласи кун тартибига қатъий қўйилмоқда. Бу ўсимлик генига таъсир қилиш йўли билан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари, сунъий толалар кенг ишлаб чиқарилаётган, иммунитет тақчиллиги ва аллергия касалликлари кенг тарқалган бир пайтда инсоният олидида турган ва ечилиши долзарб бўлган муаммолардан биридир. Узоққа боришнинг кераги йўқ. Устингиздаги кўйлакни ечганингизда, айниқса кечаси ундан чақмоққа ўхшаш чарс-чарс этиб электр токлари ва қандайдир кўкимтир совуқ нур таралади. Бундай ҳол кийим-кечакни тўқимачилик фабрикалари пахтанинг етмаганлигидан газламага кўп миқдорда сунъий тола қўшилганидан содир бўлаяпти. Бу инсон соғлиғи учун кони зарар газмолдир. Бой-бадавлат, имконияти бор бўлган одамлар қиммат бўлса ҳам, кийимини тоза пахтадан, соф ипакдан, ҳеч нарса қўшилмаган тоза жундан, иложи бўлса туянинг жунидан, қирғиз ёки инглиз қўйларининг майин жунидан тайёрланган жемпер, костюм, пальто кийишади. Илгари капрон, балонья, сунъий толадан тайёрланган кийим кийиб азобини тортган одамлар энди соф табиий толаларнинг мазасини тушуниб, қадрига ета бошладилар. Лекин ҳозирча пахта, ипак, жун ва бошқа табиий толалар ишлаб чиқариш аҳоли талаб-эхтиёжларидан анча орқада қолмоқда.

Пахта бора-бора Америка миллий иқтисодиётининг океан ортига олиб чиқиб сотиш учун ишлаб чиқариладиган асосий товарига айланди. 1810 йили АҚШ мамлакат экспортининг салкам 10 фоизи миқдорида пахта сотган бўлса. 1820 йилга келиб бу кўрсаткич 33 фоизни, 1860 йилга келиб эса 60 фоизни ташкил қилди. Шундай қилиб мамлакатнинг жанубий бир минтақасида ишлаб чиқариладиган битта маҳсулот бутун бир салтанатнинг экспорт маҳсулотига айланди. Бундан тушаётган мўмайгина даромаддан эса пахта ишлаб чиқаришидаги муаммолар, айниқса пахта етиштиришдек оғир меҳнатда банд бўлган Африкадан келтирилган қулларга нисбатан бўлган шафқатсизларча муносабат, уларнинг азобу уқубатлари эътибордан четда қолиб кетди. Пахта етиштиришдан, ундан тушаётган катта-катта даромадлардан илҳомланган Жанубий Каролиналик сенатор Джеймс Х. Хаммонд 1858 йили шундай деган эди: “Бизга мабодо кимдир уруш билан келадиган бўлса, биз милтиғимиздан биронта ҳам ўқ чиқармай, ҳатто қиличларимизни ҳам ялонғочламай бутун дунёни тиз чўктирамиз. Билиб қўйингки, пахта етиштираётган давлат билан уруш қиладиган, “Пахта” жаноби олийларига қарши чиқишга жазм қила оладиган бирон бир куч ҳали дунёга келган эмас!”. 

Лекин Америкада Фуқаролар уруши тугаб қулларни озод қилиш тўғрисидаги Прокламация эълон қилингандан кейин ҳам пахта Америка жанубий районларининг асосий қишлоқ хўжалиги экини бўлиб қолди. Техника ривожланди. Пахта териш комбайнлари пайдо бўлади. Пахта бугун ҳам Қўшма Штатларнинг жанубий минтақаларида асосий экспорт маҳсулоти бўлиб қолмоқда. Бу ердаги ҳосилнинг асосий қисмини ингичка толали пахта ташкил этади. 

АҚШ билан Австралияда ҳосил асосан пахта териш комбайнларида йиғиштириб олинади. Америка Қўшма Штатларида, Европа ва Австралияда ҳосил шунингдек, пахта толасини чаноғидан тортиб оладиган ёки пахтани чаноғи билан узиб оладиган махсус механизмлар ёрдамида ҳам йиғиштириб олинмоқда. 

АҚШ, Австралия ва Бразилияда пахта ишлаб чиқариш механизациялашгани ҳолда, Ҳиндистон, Африка ва Марказий Осиёнинг айрим давлатларида пахта асосан қўлда парвариш қилинади. Бу мамлакатларда ишни техникага юклашга ҳали анча вақт бор, шекилли. Пахтани қўлда етиштираётган камбағал давлатларда ҳамон минг-минглаб деҳқонлар пахта касалликлари ва ҳашоратларга қарши, ғўза баргини тушириш мақсадида қўлланиладиган заҳарли, инсон организми учун ўта зарарли бўлган кимёвий моддалардан азоб чекмоқда. Пахта етиштирадиган айрим зоналар сув танқислиги ва сувни илғор технологиялар асосида тежаб-тергаб ишлатилмаслиги ва бошқа сабаблар натижасида оғир экологик ҳолатга тушиб қолган. Амударё ва Сирдарё сувлари катта миқдорда олиниши натижасида Орол денгизининг қуриши давом этаяпти. Денгиз тагидаги зарарли минерал тузлар ерларни ишдан чиқараяпти.

Дунё мамлакатларидаги каби Ҳиндистонда ҳам пахтага бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Тўқимачилик саноати илдам суръатлар билан ривожланаяпти. Пахтага бўлган эҳтиёж унинг мамлакатдаги ишлаб чиқариш имкониятларидан анча юқори. Ҳиндистон ҳам пахтага бўлган аҳоли эҳтиёжини тўла қондира олмаяпти. Ўзи асосий пахта ишлаб чиқарувчи мамлакат бўла туриб пахтанинг маълум миқдоридаги ҳосилни Америкадан келтиришга мажбур бўлмоқда.

Пахта ҳосилини етиштириш уни қайта ишлаш тарихида жуда ибратли воқеалар содир бўлган. Ост-Индия (Буюк Британия) компаниясининг Ҳиндистонни забт этишидаги агрессив сиёсатининг сабаблардан бири, бу мамлакатда пахта етиштириш имконияти борлигида. Инглиз компанияси пахтани Ҳиндистонда ишлаб чиқариш мумкин, лекин уни Ҳиндистоннинг ўзида қайта ишлаш мутлақо фойда келтирмайди, кони зарар деб кўрсатишга ҳаракат қилди ва унга эришди ҳам. Натижада Ҳиндистон пахта хомашёсини Британияга экспорт қилишга мажбур бўлди. Шундай қилиб, Англия дунёнинг пахтани қайта ишловчи, ундан газмоллар тўқиб чиқарувчи дунёнинг йирик давлатлардан бирига айланди.

Буюк Британияда саноат инқилоби юз берди. Тўқимачилик корхоналари гуркираб ривожлана бошлади. Англия дунёнинг бош тўқимачилик мамлакатига, пахта эса инглизларнинг четдан келтирадиган асосий хомашёсига айланди. 1738 йили эса бирмингемлик Льюис Пол билан Джон Уайат пахтадан газлама тўқув машинасини ихтиро қилдилар. 

1769 йили Ричард Аркрайтнинг ихтироси эса пахтадан ип йигириш ҳажмини кескин кўпайтириш ва пахтали газламалардан кийим тикиш жараёнларини тезлаштириш имконини берди. ХVIII аср охирларига бориб Англиянинг Манчестери “Cottonopolis” - яъни пахта шаҳри деб юритила бошланди ва пахтадан тайёрланган маҳсулотларнинг жаҳондаги йирик савдо бозорига айланди. У пайтда пахта толаси қўлда чивилар - ажратилар эди. 1793 йили америкалик Ели Уитни юқори самара билан ишлайдиган “коттон-джин” - пахта тозалаш машинасини яратади. У пайтда бир той (тюк) пахтанинг чигитини толасидан ажратиш учун бир соат мобайнида 600 киши ишлаши керак эди. Уитни ихтиро қилган машина шу ишни 12 соатда қиладиган бўлди. Шундай қилиб, Британия билан Америка пахтадан маҳсулот ишлаб чиқарадиган дунёнинг йирик давлатларига айланади. 

Пахтадан тайёрланган газламалар инглиз денгиз флоти орқали Ланкаширдан Британия назорати остида бўлган Ғарбий Африкадаги, Ҳиндистон билан Хитойнинг Шанхай ва Гонконгдаги колониал бозорларига етказиб берилар эди. 

Яна бир нохуш маълумот: статистик маълумотларга қараганда дунёда йилига ҳамон 300-500 минг киши пестицидлардан заҳарланмоқда, улардан 20 минг киши ҳалок бўлаяпти. Шу сўзларни ёзаяпману, яна ўша 60-80 йиллар ўзбек пахта далаларига сепилган заҳарли моддаларнинг ўткир ҳиди димоғимга ургандек бўлади. Қарийб 30 йил бўлса ҳам бу ҳид ёдимиздан чиқмаган экан. 

Пахта ишлаб чиқариш бўйича Покистон дунёда биринчи ўн давлат қаторига киради. Пахта бу ерда ҳам давлат бюджетига бошқа соҳаларга қараганда кўпроқ маблағ, валюта олиб келувчи соҳа ҳисобланади. 2009 йилда Покистонда жаҳонда ишлаб чиқарилган пахтанинг қарийб 8,5 фоизи етиштирилган эди. Сўнгги ярим асрда пахта ишлаб чиқариш Покистонда 8 ярим мартага ошиб, илгариги 240 минг тонналик хирмон 2003 йилга келиб 2 миллион 130 минг тоннага етди. 90 фоиз майдонларга саноат талабларига жавоб берадиган пахтанинг Мексика нави экилади. Пахта толасининг сифати ўз мамлакатининг ҳам, хорижий давлатларнинг ҳам ип-йигирув фабрикалари талабларига жуда мос келмоқда. 


Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА 

FERMER канали

Report Page