...

...

AGROBLOGER

Малина - ярим бутасимон ўсимлик бўлиб, устки қисми икки йиллик, ривожланиш жараёни эса кўп йилликдир. Илдиз тизим кўп йиллик бўлиб, новдалари эса икки йил яшайди.

Биринчи йили новда ўсиб-ривожланиб, иккинчи йили ҳосил беради. Ҳосил берилган новда кузгача қуриб қолади.

Кузда ёки эрта баҳорда қуриб қолган новдалар кесиб ташланади, ўрнига янги ўсиб чиққан новда қолдирилади, бир йиллик новдаларнинг юқори қисми (150–160 см юқоридан) кесилади. Шунда гул куртаклари яхши ривожланиб, мевалари йирик, сифатли ва мўл бўлади. 

Малинанинг айрим навлари икки марта ҳосил бериш хусусиятига эга. Ушбу навларда иккинчи йили новдада ҳосил пишиб етилиб бўлгач (майнинг охири ва июнь ойи), август ойига бориб бир йиллик новда ўсиб-ривожланиб, новданинг юқори қисмида гул куртаклари ривожланади ва сентябрь ойида меваси пишади.

Малина бир ерда 10–12 йил ва ундан ҳам кўпроқ ўсиб ҳар йили ҳосил беради.

Чириндига бой, таркиби яхши ҳамда сувни ўтказувчи қумлоқ ва қумоқ тупроқли ердарда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради.

Оғир тупроқли, ботқоқ, карбонати кўп ерларда экиш ярамайди. Ҳосилдорлигини оширадиган муҳим агротадбирлардан бири-ўғитлашдир. 

Маълумки, малина ҳар йили жуда кўп миқдорда бачки илдизлар ҳосил қилади ва тупроқдан кўпгина озиқ моддаларни ўзлаштиради.

Шу боис мўл ҳосил олиш учун ҳар йили минерал ўғитлардан бир гектарга суперфосфат 500–600 кг, калий тузи 100 кг, аммиакли селитра 150–200 кг солиш керак. Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар йили ёки йил оралатиб гектарига 60–80 т органик ўғитлар солиш керак.

Гўнг, фосфорли ва калийли ўғитлар кузда ер ҳайдалаётган пайтда, азотли ўғитлар эса баҳорда ерни юмшатишдан олдин солинади. 

Малина 12–15 марта суғорилади, 1-сув ғунча тугаётганда, 2-си гуллаш олдидан, 3-си мева тугиш олдидан, 4-дан 8-гача мева пишаётганда, 9-дан 15-гача суғориш ҳосилни йиғиб олишдан аввал ўтказилади.



AGROBLOGER канали

Report Page