...

...

AGROBLOGER

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Ишлаб чиқариш масалалари бошқарамаси бош мутахассиси Шерзод Aбзаловнинг таъкидлашича, қизилмиядан 110 турдан ортиқ дори воситалари олиниши билан бирга, саноатнинг 20 йўналишида фойдаланилади. Бундай хусусият бошқа ўсимликларда камдан-кам учрайди. Республикамизда мазкур ўсимликнинг силлиқ қизилмия тури кенг тарқалган бўлиб, у табиий ҳолда ўсади.

Қизилмия илдизларидан тайёрланган қуруқ ва қуюқ экстрактлар шамоллаш, сил ҳамда ўпка, жигар, нафас йўллари ва юрак-қон томирлари касалланганда, модда алмашинувини меъёрига келтиришда, бўғма, онкологик, овқатдан заҳарланиш, ошқозон, меъда ҳамда ўн икки бармоқли ичак ярасида, тери куйиши, шунингдек, бошқа хасталикларда тавсия этилади.

Озиқ-овқат саноатида қизилмия илдизидан калориясиз ичимликлар, қандолатчилик ва нон маҳсулотлари, мураббо, шинни, консерва, озуқа концентратлари, сақич, тиш пастаси ҳамда бошқаларни тайёрлашда фойдаланилади. Енгил саноатда рангли бўёқлар олинса, металлургия саноатида металларни гидролизлашда, кимё саноатида сиёҳ тайёрлашда, қоғозларга ранг беришда қўлланилади. Унинг чиқиндисидан эса қоғозли термоизоляция плитаси, қоғоз сингари маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Шу боис бугунги кунда ушбу ўсимликка АҚШ, Буюк Британия, Голландия, Япония, Германия, Венгрия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа кўпгина давлатларда талаб юқори.

Қизилмия қишлоқ хўжалигида ҳам жуда фойдали. Масалан, ундан ажратиб олинган фаол модданинг 1 миллиграммини 1 литр сувга аралаштириб, картошкага ишлов берилса, куртакларнинг уйғониш кўрсаткичи 28 фоиз ошади. Ғунчалаш ва гуллаш фазалари тезлашади, натижада ҳосилдорлик 17 фоиз ортади.

Юртимизда олиб борилган илмий изланишлар туфайли қизилмиянинг морфолого-анатомияси ва репродуктив биологияси, уни турли шароитда ўстириш усуллари ўрганилди. Жумладан, ўсимлик Мирзачўлнинг шўр тупроғида ҳам яхши ривожланиши, тупроқ унумдорлигини оширувчи кучли мелиорант эканлиги исботланган. Бу усул, айниқса, алмашлаб экишда юқори самара бериши аниқланди.

Қизилмия илдизи тупроқнинг гипсли қатламини ҳам тешиб ўтади ва ер ости сувидан озиқланади. Шу боис уни табиий намлик шароитида ҳам парваришлаш мумкин. Тупроққа ўзининг сирли таъсирини ўтказувчи, ҳеч бир қисми чиқинди сифатида ташлаб юборилмайдиган қизилмия экинзорларини кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.


AGROBLOGER канали

darakchi.uz

Report Page