...

...

AGROBLOGER

Тойлоқ тумани агросаноат тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган шу каби ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан пресс-тур ташкил этилди.

Иштирокчилар дастлаб тумандаги «Худойбердиев Озод Шодиқулович» фермер хўжалигида «Варганза анорлари»етиштиришнинг сир-асрорлари билан танишдилар.

Бу ерда 4 гектар ер майдонида дунёга машҳур «Варганза анорлари» етиштириш йўлга қўйилган. Лойиҳага кўра, анор кўчатлари Сурхондарёнинг Варганза ҳудудидан келтирилиб, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилди. Ўтган йили анордан илк ҳосил йиғиштириб олинган. Айни кунларда ҳар бир туп анорда ҳосил чўғи анча юқори.

— Фермер хўжалигимиз томонидан анорларни экспортга йўналтириш ва уни саноат усулида қайти ишлаш юзасидан ҳам амалий тадбирлар олиб борилмоқда, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Ориф Худойбердиев. — Бундан ташқари шу ернинг ўзида шифобахш малина ҳам етиштирилмоқда. Олинган ҳосилимиз ички истеъмол бозоридан ташқари, экспортга ҳам йўналтирилади.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили «Сиёб Шавкат Орзу» фермер хўжалиги бўлди. Айни кунларда фермер хўжалиги томонидан туманда 100 гектар ер майдонида интенсив боғ ташкил этилган. Бу ерда 12 хил турдаги олма етиштирилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, замонавий боғ сув тежамкор технология асосида суғорилади. Кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида музлатгич ҳам мавжуд бўлиб, етиштирилган ҳосил тўлиқ шу ернинг ўзида сақланади.

Журналист ва блогерлар шунингдек, «Акмал Тошпўлатов» кўп тармоқли фермер хўжалигининг чорвачилик тармоғи, сутни қайта ишлаш ва мева-сабзавотлар етиштириш борасидаги фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда фермер хўжалиги томонидан 300 бошдан ортиқ наслли қорамоллар сут ва гўшт етиштириш учун парваришланмоқда. Ўтган йили Украинадан 50 бош зотдор сигирлар олиб келинган эди. Бугунги кунда улар яна 45 тага кўпайди. Шунингдек, Голландиядан келтирилган 45 бош «Голштейн» зотли сигирларнинг ҳар биридан кунига 40 литрдан ортиқ сут соғиб олинмоқда.

— Фермер хўжалигимиз қошида сутни қайта ишлаш цехи ташкил этилган бўлиб, бу ерда бир неча хил турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдамиз, — дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Ражаббой Ҳайитов. — Яна бир аҳамиятли жиҳати, хўжалигимизда электр токи орқали ҳимоялаш тизимини жорий этганмиз. У моллар учун чегара вазифасини ўтайди.

Кўп тармоқли фермер хўжалигида шунингдек, 10 гектар ерга юқори ҳосилдор картошка экилган бўлиб, унинг ҳар гектаридан 420-450 центнер ҳосил йиғиштириб олиш юзасидан меҳнат қилинмоқда.


Абдулазиз Йўлдошев, xs.uz

AGROBLOGER канали

Report Page