...

...

AGROBLOGER

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани жорий йил мавсумида ғалладан баракали ҳосил етиштириб шартномавий режани биринчилардан бўлиб уддалашди.

Туман деҳқонлари ўтган йили кузда 5 минг 525 гектарда ғалла уруғларини экиб, буғдой парвариши агротехник талаб даражасида олиб борилди. 

“Жарқоқ”, “Навбаҳор”, “Бўзачи” МФЙларида фаолият олиб бораётган жами 154 та фермер хўжалигида асосан “Старшина” нави билан бир қаторда “Аср”, “Гром”, “Краснодарская-99” каби истиқболли навлари синовдан ўтказилди. 

7 та маҳаллий комбайн отрядига бошқа туманлардан кўмакка етиб келган 47 та юқори унумли комбайн жамоаси ўрим-йиғимда алоҳида жонбозлик кўрсатди. 

Уларнинг ҳар бири билан бир кунда 15 гектар атрофида буғдой ҳосили терилди. Бу хирмонга яна чўлқуварлар туманида алоҳида ғалла майдонига эга Вобкент туманининг “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилари уюшмаси тасарруфидаги 37 та фермер хўжалигининг умумий 2 минг 898 гектарли буғдойзори ҳосилини қўшсак, хирмон салмоғини яққол тасаввур этиш мумкин. 

Қоровулбозорлик миришкор фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган ҳосилдан ташқари, давлат шартнома режасида белгиланган 10 минг 638 тонна ғалла хирмони бунёд этилди. Миришкорлар элимиз ризқ-насибасини бутун қилиш йўлида дастлабки “довон”ни забт этишди. Ҳудудда ғаллазор ўрилиб саранжомланган майдондан икки баробардан ортиғи мавжуд. Тез кунда ҳудуддаги “Қоровулбозор” ҳамда “Жарқоқ” дон қабул қилиш масканларида юксалаётган ғалла хирмони 24 минг 370 тоннага етказилиши кўзда тутилган. 

Ғалла ўримига киришилганидан роппа-роса бир ҳафта ўтиб, туманда давлат шартнома режаси ошиғи билан уддаланган бўлса, ҳудуддаги фермер хўжаликларининг деярли барчаси меҳнат муваффақиятига эришди.

“Навбаҳор” МФЙда фаолият юритаётган “Истиқлол”, “Фазо БЗШ”, “Бўзачи” “Бўзачи” МФЙ даги “Ахтам Даврон”, “Самандар Араб”, “Мелс Лазизбек” , “Замир Амон” , “Жарқоқ” МФЙ да “Истам Сафар замини”, “Сардор Облоқулов”, “Сардор Қоровулбозор” каби фермер хўжаликларида шартнома режаси 110 фоиздан ошириб бажарилди.

Жорий мавсумда ўртача 1 гектар майдонда етиштирилган сара дон сарф-харажати 8 миллион сўмдан ошган. Қўлга киритилаётган фойда эса гектарига 11 миллион сўмдан кам эмас. Бундан кўринадики, ўрим-йиғим даврида ҳар гектаридан ўртача 50 центнер ҳосил кўтарилган тақдирда, туман ялпи ғаллазоридан қўлга киритилиши кутилаётган соф фойда 21 миллиард  сўмга етказилади. Асосийси, ҳудудда ҳали ўрим-йиғим қизғин давом этмоқда. Миришкорлар мавсум охиригача гектарлар ҳосилдорлигини 55 центнерга етказиш мақсадида ғайрат-шижоат кўрсатмоқдалар.

Туманда ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ишлари бошлаб юборилган. Бу борада махсус ишчи гуруҳлари томонидан кам таъминланган, моддий мададга муҳтож оилалар, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларга далада меҳнат қилиб, даромад топишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан, фермерлар томонидан ерни экишга тайёрлаш, уруғлик олиб бериш, агротехник тадбирларни бажариш жараёнларида ёрдам кўрсатилмоқда.


Зариф Комилов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page