...

...

FERMER

САВОЛ:

Фермер хўжалиги раҳбари, фермер хўжалигини бошқа бир аъзоси (ходими)га ишончнома орқали узоқ муддатли ер ижара шартномасини имзолаш ваколатини бериши мумкинми?


ЖАВОБ:

Келинг биргалашиб “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга қараб кўрамиз. Хўш, бу қонунда нима деяпти ўзи? Қонуннинг 7-моддасида айтиляптики:

“Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланади ҳамда унинг муассиси ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузади”.


Бу Қонуннинг 4-моддасида эса фермер хўжалигининг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси — фермер эканлиги кўрсатиб қўйилган.

Демак, кўряпсиз-а, ер участкаси бўйича узоқ муддатли ижара шартномаси хўжаликнинг муассиси, яъни бошлиғи ҳисобланган фермер томонидан тузилиши кўрсатиляпти бу ерда. 


Энди Фуқаролик кодексининг вакиллик ва ишончномага доир қоидаларига ҳам бир аҳамият берайлик. Бу кодекснинг 134-моддасида:


“юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин” дейилган.


Демак, ҳулоса шундай: фермер хўжалигининг муассиси ва бошлиғи ҳисобланган фермер ўзининг ходимларига уни номидан узоқ муддатли ижара шартномасини имзолаш ваколатини бериши мумкин. Бу албатта ишончнома билан расмийлаштирилади.


Фермер ҳўжалиги юридик шахс бўлганлиги учун уни номидан бериладиган ишончнома раҳбар, яъни фермер томонидан имзоланиб, унга ушбу хўжаликнинг муҳри босилади. Бундай ишончномалар нотариал тартибда тасдиқланиши талаб этилмайди.


Чалғимаслик учун яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Фуқаролик кодексининг 129-моддасида “ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган битимни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа битимларни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди” деган қоида бор. 


Масала шундаки, қонунчиликда ер участкасини узоқ муддатли ижара шартномасини фақатгина хўжалик бошлиғи томонидан (яна айтаман, фақатгина бошлиқ томонидан) тузилиши ҳақида қоидалар йўқ. Шунинг учун ҳам бундай шартномалар ишончнома асосида хўжаликнинг бошқа ходими томонидан ҳам тузилиши мумкин деб ҳисоблайман.


Саидали Мухторалиев,юрист.

FERMER канали

Report Page