...

...

AGROBLOGER

Иссиқхоналарда помидордан юқори ҳосил олишда нав ва гибридларни тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга. Улар сермаҳсул, эртапишар ва касалликларга чидамли бўлиши керак.

Уларнинг мевалари кам ёруғлик шароитида яхши ҳосил берадиган, товар сифат кўрсаткичи юқори, вазни 120 г дан йирик, катталиги ва шакли бир текис, тўлиқ рангли, мева банди бириккан қисмида кўкимтир тавонсиз, узоқ масофага ташишга чидамли ва яхши мазага эга бўлиши керак.

Тан олиш керакки, ундай талабларга юқори маҳсулдор, экспортга ярайдиган ва касалликларга чидамли чет эл селекциясининг биринчи авлод, яъни "f1" гибридлари мос келади. Турли мавсумлар учун нав ва гибридлар танлашда тупларининг типи ва детерминантлилиги муҳим кўрсаткичдир.

Ўтувчан ҳамда қишки-баҳорги мавсум учун индетерминант гибридлар афзалдир, улар узоқ ўстирилганда 20-25 тагача гулшода ҳосил қилиши мумкин. Индетерминант гибридлар Ўзбекистонда кузги-қишки мавсумда ҳам фойдаланилади.

Қисқа муддатда ҳосил олиш учун детерминант гибридлардан фойдаланиш керак. Барча мавсумлар учун гибридларнинг касалликка чидамлилиги муҳим белги ҳисобланади.

Жаҳон амалиётида гибридларнинг касалликка чидамини қуйидаги индекслар билан белгилаш қабул қилинган:

Тm-тамаки мозаика вируси (ТМВ);

С1, С2, С3-баргларнинг қўнғир доғланиши;

V-вертициллёз;

F1, F2-фузариоз (1 ва 2 ирқ);

N-нематода;

Р -илдизлар пўкакланиши;

W-учини оқариб қолиши;

B-бактериал сўлиш

Уруғчилик фирмалари қадоқларда гибрид уруғ номидан олдин F1 белгисини қўяди, бу гибридни 1-авлодга мансуб эканлигини билдиради, сўнг дурагай қайси касалликларга чидамли бўлса, юқорида кўрсатилган индекслар кўрсатилади.

Гибридларни танлашда кузги-қишки айланишда мевалари секин-аста пишиб етиладиган гибридлар кўпроқ қизиқтиради, бу терим сонини камайтиришга, ташишни яхшилашга ва меваларни 1,5 ойгача сифатларини сақлаб туришга имконият беради.


AGROBLOGER канали

Report Page