...

...

FERMER

«Дарё» мухбири Балиқчи туманининг Тумор қишлоғида бўлиб, олти сотихли ҳовлида 60 бош новвос боқаётган Абдусамин Ҳусаинов билан суҳбатда бўлди.


Телевизор устаси бўлганман, киракашлик ҳам қилганман.


«Ота-онам деҳқон бўлган. Шундай бўлса-да, 10 нафар фарзанд — беш ўғил ва беш қизни дунёга келтириб, вояга етказишди. Мен оилада еттинчи фарзандман. Барчамиз деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланамиз. Мактабни битириш арафасида телевизор тузатиш устаси бўлиш нияти пайдо бўлган. У пайтларда камдан кам хонадонларда телевизорлар бўларди, нархи ҳам анча қиммат эди. Тузатувчи усталарни топиш ҳам амримаҳол эди. Шу сабабли мактабни битириб, ўзимиздаги техникумга ўқишга кирганман. Ҳам ўқиб, ҳам устага шогирд тушиб шу ҳунарни эгаллаганман. Телевизор устаси сифатида ўн йилча ишладим. Қийинчилик вақтлари эди. Иш ҳам шунга яраша бўла бошлади. Кейин савдогарликда ҳам ўзимни синаб кўрдим.

2003 йилда кредитга Тико автомашинасини олиб, кира қилишни бошлаганман. Ишлаб ҳаракат қилиб, қарзимни узганман. У пайтларда автомашиналар кам бўлгани учун буюртма асосида одамларни турли ҳудудлардаги ҳайвон бозорларига ҳам олиб бориб келардим. Ҳар бозорга борганда ҳеч ким эътибор қаратмайдиган бир-иккита мол олардим. Уларни уйда ўч-тўрт ой боқиб, семиртириб сотардик. Аслида уйда оилавий эҳтиёжлар учун сигир ва бузоқлар турарди. Шунинг учун ҳечам мол боқиб даромад топишни ўйламаганмиз.


Ўша даврларда кўпроқ Пахтаобод туманининг Маданият қишлоғидаги ҳайвон бозорга борардик. Чунки, у Қирғизистондан келган маҳаллий зотдор молларни олиб, боқардик. У пайтлар ем-хашаклар арзонлиги учун ҳам биргина молдан яхши даромад қоларди. Шунда уйда туриб ҳам даромад топиш мумкинлигини билганимиздан кейин чорвага бўлган қизиқишимиз яна-да ортган. Қисқа муддат ичида молларимиз сонини аввалига бешта, ўнта, йигирматага етказдик. Айни пайтда 60 бошга яқин новвосларни парвариш қиляпмиз. Шундан икки-учтаси кундалик сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжимизни қондириш учун боқилаётган сигирлар бўлса, қолганларининг барчаси катта-кичик ёшдаги новвослар ҳисобланади».


Мутахассис маслаҳатларига қулоқ солиш керак


«Машрабжон деган қадрдон акам бор. Қишлоғимиздаги фермада ветеринар бўлиб ишларди. Шу инсон билан доимий ҳамкорлик қилиб, билмаганларимни ўрганганман. У киши ишдан қайтаётиб, ҳайвонларни кўриб, ҳолатига қараб маслаҳатларини бериб, нима қилишимни айтиб турарди. Қўлидан келганча ёрдамни кўрсатарди. Мутахассисларда маслаҳатига қулоқ солмас экансиз кўнгилдагидек натижа бўлмайди. Буни тўғри тушуниш керак.


Бошида моллар сонини бугунги даражадагидек кўпайтириш мақсади бўлмаган. Лекин шу инсон сабаб ҳам қизиқишим ошган. Мана секин секин йиллар мобайнида кўпайди. Бу нарса бир кун ёки бир йилда бўлиб қолган нарса эмас, албатта.


Тўғриси, бозорга борганда ҳар қанақа одам нархига қараб, қандай молни олишни мўлжал қилади. Мен эса уларга дидига тўғри келмаган ёки ёқмаган молларни оламан. Шунда ҳам килосига эътибор қаратаман. Кейин шуларга кераклича чиройли қараб, қассоб ёки харидорларни кўзини қувонтирадиган мол қилиб, боқаман. Молларни асосан Балиқчи, Заркент, Ёрқўрғон, Чувама, Наманган ҳайвон бозорлардан оламиз».


Битта новвосга қанча ем берилади?


«Боқаётган молларимизга катта-кичиклигига қараб, ем-хашак берамиз. Новвосларни кичик ёшдагиларга озроқ, катталарига кўпроқ берилади. Ҳисоблаб чиққанимизда бир кунда ўртача битта новвосга йигирма беш минг сўмлик озуқа ем кетади. Умумий олганда бир ярим миллион сўмлик чиқим қилинади.

Асосан кепак ва кунжара берилади. Гоҳида шелуха ҳам бериш керак. Шелуха жиндек қимматроқ бўлгани учун камроқ оламиз. Мисол учун бир ярим килограмм кепакка бир килограмм кунжарани аралаштирамиз. Қўшимча силос ва бошқа ўт-хашак ташлаб берамиз. Уйда доимий ем ва хашаклар захираси туради. Бир олганда ками икки-уч тонна ем оламиз. Сотувчиларнинг ўзлари уйгача олиб, келиб беришади.

Олти сотих ернинг барчаси ҳам молхона эмас. Майдоннинг бир қисмига куз ойларида силос ўра қилиниб, 150 тонна силос жамлаб қўйилган».


Қассоблар ўзлари олиб кетади.


«Битта новвосни бозорбоп қилиш учун бир-икки ой камлик қилади. Бунинг учун тўрт ойдан кўпроқ вақт кетади. Олти ойгача ҳам борадиганлари бор. Етиштирилган гўштларни ўзимизни тумандаги ёки вилоят марказидаги қассобларга сотамиз. Уларнинг ўзлари келиб, сўйиб олиб кетишади. Бир ойда олтитагача, гоҳида эса етилганлик ҳолатига қараб ўнтагача новвос сотишимиз мумкин.

Албатта уларнинг ўрнини қоплаш керак. Бунда нечта мол соцак яна шунча миқдорда бозордан олиб келиб қўямиз. Чунки, топилган даромадни ўз жойида айлантириб турмасак бўлмайди».



Уйдаги ҳовли новвосларни боқиш учун торлик қилмоқда


«Келгусидаги режаларимиз кичик фермамизни яна-да кенгайтириш. Бизда ер муаммоси борлиги учун тўхтаб турибмиз. Қўшниларимиз индамаса-да зараримиз тегмасин деймиз. Шу сабабли имкони борича ҳайвонлар турган жойларни тозалаб, ҳид чиқармаслик учун сув кетадиган қилиб канализация қилганмиз. Шароит қилган бўлсак-да барибир иссиқ кунларда ҳид келиши кучайиб кетади, атрофда пашшалар кўпайиб, эътирозлар бўлади. Қишнинг кунида-ку бир амаллаймиз. Агар имкон қилиниб, бизга ер ажратилса қисқа муддатда камида юзта, бўлмаса икки юзтагача новвосни боқиш имкониятимиз бўлади. Бунда кўп йиллик тажрибам асқатиши аниқ».


Четга чиқиб ишлашни ўйлаб ҳам кўрмаганман.


«Шу ёшга етибманки, чет элга ишлаш учун чиқмадим. Ҳаттоки, бу ҳақида ўйлашга вақтим ҳам бўлмаган десам бўлади. Уйда чорвага қараб, ота-онамни хизматларини қилиб, дуоларини олганман. Ҳовлимиз ўн икки сотихдан иборат. Шундан олти сотихи тўлиқ молхона. Тўрт нафар фарзандим бор, иккитаси ўғил. Оилавий, ўзим бош ҳаммамиз чорвага қараймиз. Аллоҳга шукур, ҳозирги ҳаётимиз яхши. Уй-жойларимиз, шарт-шароитларимиз етарли. Ўзим ва ўғлимга биттадан автомашина олганмиз. Бир йиллик даромадимиз ўртача 250-300 миллионни ташкил этади. Меҳнат қиляпмиз, шу меҳнатни орқасидан фаровон яшаяпмиз».


FERMER канали

daryo.uz

Report Page