...

...

AGROBLOGER

Бодом уруғидан кўпайтирилади, аммо уруғидан кўпайтирилган бодомнинг нав сифати яхши сақланмайди, шунинг учун пайвандлаш йўли билан маданий навларини етиштириш лозим бўлади.

“Бодомнинг маданий навларини етиштириш учун оддий тахир бодом энг сифатли уруғ (пайвандост) ҳисобланади”.

Айрим ҳолларда бўйи паст (пакана), курғоқчиликка нисбаттан чидамли кўчатлар етиштиришда пайванд ост сифатида бодомнинг Бухоро ва Тиконли турларидан ҳам фойдаланилади. Тахир бодом уруғлари соғлом, йирик дарахтлардан тайёрланади. Уруғларни ерга кузда ёки эрта баҳорда маълум чуқурликда экилади. Баҳорда экиш учун уруғ стратификация килинади, яъни пўчоғининг қалин-юпқалигига қараб 1- 1,5 ой мобайнида кумланади. Экиш миқдори гектарига 300- 350 кг.

Кўчатзор барпо қилиш учун суғориладиган, текис ер ажратилиб, кузда гектарига 20-25 тонна чириган гўнг ва 150-180 кг фосфорли ўғит солиниб 45-50 см.гача чуқурликда ҳайдалади, 15-18 см культивация қилиниб борона қилинади. Оралиғи 70 см бўлган эгатларга 6-8 см чуқурликда ва 8-12 см масофида уруғлар қадалади. Об-ҳаво шароитига қараб ўсиш даврида 8-12 марта суғорилади. Кўчат қатор оралиғи ҳар бир суғоришдан кейин юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади.

Пайвандлаш олдидан кўчатзор албатта суғорилади ва танаси пастки бачки новдалардан тозалананади. Бодом июлнинг учинчи декадасидан сентябрнинг биринчи декадасигача, мевачиликда қўлланадиган оддий «Т»усулида уланади. Икки ҳафтадан сўнг пайванднинг тутган ёки тутмаган миқдори аниқланади ва тутмай қолганлари бодомнинг пайвандостга олдин уланган ўша нав куртаги билан қайтадан пайвандланади. Кузда пайванд боғлами бир оз бўшатиб кўйилади ва қиш давомида боғланма олиб ташланмайди. Келгуси йил эрта баҳорида кўчатнинг пайванд қилинган жойидан тепа қисми батамом кесиб ташланади. Тутмай қолган пайвандлар ўрнига янги ўсиб чиққан куртакларни қайта пайванд қилиш мумкин бўлади. Келгуси йилнинг эрта баҳорида боғлам олиб ташланади. Кўчат тез ўсиши ва пайванд яхши тутиши учун кўчатларни ўз вақтида ва сифатли парваришлаш лозим. Кўчатларнинг ўсиш даврида гектарига 90 кг азотли, 60 кг фосфорли ва 20 кг калий ҳисобида ўғит солинади.

"Т" усулда пайванд қилиш.

Куртакларнинг тўғри ва ёш новдаларнинг тез ўсишини таъминлаш учун еввойи шохларни ўз вақтида бутаб туриш лозим. Яхши парвариш қилинган ниҳолларни бўйи кузга бориб 1-1,5 метрга етади, ўсув даврини яхши тугаллайди.


AGROBLOGER канали

Абдурасулов А.А.

dehqon.uz

Report Page