...

...

@Jizzax

Амалдорларнинг даромадларини декларация қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг ўз вазифаларини бажариш вақтида юзага келиши мумкин бўлган бир қатор масалалар тартибга солиниши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳада мансабдор шахсларнинг барча даромадлари ва харажатлари декларация қилиниши назарда тутилган.


Шунингдек, маълум қилишларича, қонун лойиҳасида қуйидаги масалалар ҳам тартибга солиниши белгиланмоқда:


давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш ҳамда манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг умумий қоидалари;

давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларацияларни тақдим этиш ва уларни эълон қилиш тартиби;

давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни ҳал қилишнинг механизмлари;

давлат хизматчисининг вазифаларини бажариш вақтидаги тақиқлар;

совғалар олиш ва бериш билан боғлиқ чекловлар.

Қонун лойиҳаси маҳаллий экспертлар билан бир қаторда халқаро ташкилотлар, хусусан, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, «Минтақавий мулоқот» халқаро ташкилоти экспертларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган, Европа Иттифоқи, Америка, Жануби-Шарқий Осиё ҳамда МДҲ мамлакатлари тажрибалари асосида такомиллаштирилган.

Report Page