...

...

AGROBLOGER

Қаламча пайванд қилиш — ўсимликларнинг маълум қисмларини илдиз оттириш йўли билан вегетатив кўпайтириш усули. Қаламчалар пояли, илдизли, баргли бўлиши мумкин.

Поя қаламчалари. Ўз вақтида улар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

а) ёғочлашган қаламчалар (смородина, терак, спиря, тол, мажнунтол) ва бошқалар. 15-30 см узунликдаги пишган қаламчалар куз ёки баҳорда тайёрланади. Уларни 60—70° бурчак остида 1-2 куртакни ер устида қолдириб экилади. Бунда қаламчанинг илдиз отаётган қисмига кўпроқ ҳаво тегиб туриши керак. Экилган қаламчаларни, албатта, суғориш ва нам сақлашни таъминлаш (мулчалаш) керак. Ёғочлашган қаламчаларнинг илдиз отиши ҳамма ўсимликларда ҳам бўлавермайди ва бундай ҳолларда ярим ёғочлашган қаламчалар ишлатилади.

б) ярим ёғочлашган қаламчалар. Улар баргли ва ҳали пўсти тўлиқ пишмаган бўлади. Бундай қаламчалар билан хона ясмини, чубушник, атиргул, настарин, фуксия ва бошқалар кўпайтирилади. Экиш учун 2-3 та кўзли қаламчалар қўлланилади, уларнинг узунлиги эса турлича бўлиши мумкин (тугунчаклар орасидаги узунликка кўра). Хона шароитида хонаки ясмин 40-50 кундан сўнг илдиз отади. (1-расм).

1-расм

в) яшил қаламчалар, яъни пишмаган ва баргли ўсаётган новдалар. Ойнавон иссиқ бинода яшил қаламчалар билан кўпайтириш эрта баҳордан бошланади ва ёз ўрталаригача давом эттирилади; очиқ ерда бу кўпайтириш усули ёш новдалар пайдо бўлиши билан қўлланилади (2-расм).

2-расм

Турли ўсимликлар қаламчаларининг илдиз отиш муддатлари турлича. Альтернантера, геран, чиннигул, ирезине, гелиотроп, колеус, люпин, дельфиниум, гулхайри, седум, флокс; кўпгина хона ўсимликлари — традесканция, фикус, олеандра, аукуба, лигуструм, хризантема, фуксия; очиқ ернинг ёғочли ўсимликларидан эса— терак, толларнинг қаламчалари тез илдиз отади (6-8 кунда). Чиройли гулловчи буталар — атиргул, настарин, чубушник, калина, бульдонеж —20-24 кунда, кўпгина игнабаргли ўсимликлар — қорақарағай, оққарағай, криптомерия, араукария ва бошқалар экилгандан сўнг 3-4 ойдан кейин ва ҳатто 6 ойдан кейин илдиз отадилар. Арча жуда секин илдиз отади. Унинг қаламчасини қишда иссиқхонага экиб, устини ёпиб, яхшилаб иситиш керак. Баҳорда ўсимликнинг бир қисми илдиз отади.

Қаламча билан пайвандлаш учун фақат соғлом, ишлаб чиқариш ва манзара хусусиятлари, текширилган туплар қўлланилади: ўтсимонларнинг 1 дан 3-5 ёшдагиси, дарахтсимонларнинг— 10 ёшгачаси.

Қаламча билан пайвандлашда тозаликка риоя қилиш керак. Асбоб-ускуна, қўл, идишлар озиқлантирувчи муҳит (субстрат)лар ва ҳоказолар бўлиши зарур. Шу мақсадда, иш бошлашдан олдин яшиклар, туваклар, сўрилар, иссиқхоналар марганецли нордон калийнинг кучли эритмаси (қора рангда) билан дезинфекция қилинади.

Қаламча билан пайвандлаганда илдиз отиши учун ўстириш омилларини ишга солиш катта рол ўйнайди. Ҳозирги вақтда индолил ёғли кислота ва гетерауксин жуда кам миқдорларда кенг ишлатилади. Қаламчаларнинг тутиб кетишига кесиш сифати ҳам таъсир қилади. У жуда текис, силлиқ бўлиши керак. Шунинг учун қаламчаларни ўткир асбоб билан кесиш тавсия қилинади, бунда турли касалликлар ривожига ёрдам берувчи ғадир-будур ва кесилган яралар ҳосил бўлмайди. Барглари кетма-кет жойлашган ўсимликларда тугунак тагидан новда ўқига кичик бурчак (50-70°) остида кесилади; барглари бир-бирига қарама-қарши жойлашган ўсимликларда (флокса, настарин, гортензия) эса тугунак тагидан новда ўқига перпендикуляр қилиб кесилади. Юқори кесими эса куртак тагидан олинади.

Ёш ўсаётган новдаларга она ўсимликнинг ўтган йилги қисмидан олинган «товонли» қаламчасини пайванд қилиш яхши натижа беради (атиргул, калина, бульдонеж, игнабаргли ўсимликлар, флокс, чиннигул ва бошқалар). Қаламчаларнинг тутиб кетиши уларнинг ўсимлик шох-шаббасида жойлашишига ҳам боғлиқ. Ёш новдалар яхши илдиз отади. Қаламчаларнинг намлик билан тўйинганлиги (85—95 фоиз) талаб қилинади. Хўжаликда махсус ускуна мавжуд бўлмаса, қаламчаларга об-ҳавога қараб, ҳар бир соатда 1-2 марта сув пуркалади. Буғланишни камайтириш учун барг сирти, барг пластинкасининг узунлиги 1/3 ёки 1/2 қисмга камайтирилади. Айрим ҳолларда қаламчалар барглардан тўлиқ тозаланади (кальцеолярия) (3-расм).

3-расм

Эхеверия, филлокактус, сансевьера, яъни барги ва танаси семиз ўсимликларнинг қаламчалари яхши илдиз отиши учун, олдин бирмунча қуритиб, кейин эса субстратга экиш керак. Сутсимон ширага эга ўсимликларнинг (фикус ва бошкалар) қаламчалари олдин 45-500 ли сувда ювилиб, сўнг субстратга экилади. Уларни ювмасдан экиш шунга олиб келадики, сутсимон шира қотиб, томирларни беркитиб қўяди ва бундай қаламчалари илдиз отмайди, чириб, нобуд бўлади.

Қаламча билан пайвандлашда юмшоқ субстрат зарур, чунки қаламчанинг пастки қисми яхши аэрация бўлиши керак, бу эса илдиз отишга ёрдам беради. Қаламчаларнинг илдиз отиши учун энг яхши субстрат — кўл қумидир. Унга 50 фоиз торф қўшиш мумкин. Қум тагига тўйимли тупроқ солинади. Қум кесилган жойга ҳавони яхши ўтказади, бу эса каллус ҳосил бўлишига ёрдам беради. Қаламчаларнинг илдиз отишига ёруғлик ҳам кучли таъсир кўрсатади. Қаламчалар билан пайвандлашда тик қуёш нурлари зарарлидир. Ёйилган ёруғлик олиш учун пардали ромлар, бўйралар, ойналарни оқлаш ва бошқа усуллар билан соя ҳосил қилиш керак.

Қаламчаларнинг экиш чуқурлиги ҳам катта аҳамиятга эгадир: чуқурлик унча катта бўлмаслиги зарур. Ёгочлашган қаламчалардан ташқари, барча қаламчалар қумга юзаки (1-2 см ва ундан камроқ) кўмилади. Қаламчаларнинг яхши илдиз отиши учун ҳаво ва субстрат ҳарорати муҳим аҳамият касб этади. Ҳаво ҳарорати 12-18°дан паст бўлмаслиги керак. Седум ва хризантема 12°да, кўпгина бошқа ўсимликлар 18-220, иссиқсеварлари эса 28-30°да яхши илдиз отади. Субстрат ҳарорати ҳаво ҳароратидан 3-5° юқори бўлиши керак. Шу мақсадда қаламчалар иситилувчи сўрилар ёки иссиқхоналарга экилади. Унда кўп бўлмаган қаламчали яшиклар ва туваклар эса иситиш қувурлари устига қўйилади. (4-расм).

4-расм


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz


Report Page