...

...

AGROBLOGER

Ер ризқ рўзимиз манбаи. Уни асраб-авайлаш, унумдорлигини ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Айниқса, бугунги синовли кунларда хавфсиз, сифатли ва ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортаётган бир пайтда экин майдонларига нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш зарурати сезилмоқда.

Мамлакатимизда кузатилган табиий офат экин майдонларига ўз таъсирини ўтказиб, ҳосилдорлик пасайишига сабаб бўляпти. Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса ҳудуднинг серҳосил, унумдор ерларига жиддий зарар етказди. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тезкор амалий ишлар олиб бормоқда.

Дастлабки ҳисоб- китобларга кўра сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари экинзорларининг умумий майдони 19 минг 592 гектарни ташкил этмоқда. Ушбу майдонларни тиклаш учун 421 та техника, 200 та кўчма насос, 940 нафар ишчи, бир қанча пудратчи ва суб пудрат ташкилотлари жалб этилди.

Ҳар бир туманга кўрилган зарарни аниқлашнинг дастлабки натижаларга кўра 3 та туманда 127 гектар ҳосилли боғлар жумладан, Мирзаобод туманида 34 гектар, Оқолтин туманда 54 гектар ва Сардобада 39 гектар майдон талафот кўрган.

Хўш, Сирдарёнинг зарар кўрган 3 та туманида бу борада қандай ишлар бажарилди?

Ишчи гуруҳи «Марказий тармоқ»да ва туманлардаги хўжаликлараро каналларни тўлиқ тиклади. Зарар кўрган майдонлар - ғалладан 3 958 гектари, пахтадан 7 623 гектари, бошқа экинлардан 3932 гектари бузилиб, 3 260 гектар чигит, 9 027 гектар дуккакли, 1 570 гектар сабзавот-полиз экинлари экилди.

1 656 га майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бугунги кунда 4 111 гектар майдонга чигит, 134,5 гектар мош, 38 гектар полиз ва 31 гектар бошқа экинлар экилди.

Қўшимча 4 253 гектар майдонга барча туманларда чигит экилди. Талафот кўрган ғўза майдонларининг 21 фоизи, ғалла майдонларининг 2 минг гектарида бузилмасдан агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айни вақтда вилоятдаги пахта майдонларининг 95 фоизига биринчи ишлов берилди. Бунинг учун юқори унумли тракторлар, текислагичлар, чизель, борана, чигит экиш сеялкалари каби 433 та техникалар жалб этилди.

Талафот кўрган туманларда тижорат банклари томонидан берилган кредит ҳисобидан амалга оширилаётган 42 та лойиҳа қайтадан кўриб чиқилиб, кўрилган зарарни суғурта ҳисобидан қоплаб берилиши ҳисоб-китоб қилинмоқда.

Жорий йилнинг 14 апрелида Президентимизнинг топшириғига асосан бошоқли дон экинларидан олинадиган ҳосил 20 центнерга оширилиб, жами ишлаб чиқариш 604,4 минг тонна, давлатга сотиш 208,0 минг тонна режалаштирилган эди. Талафот натижасида 3 958 га ғалла майдонларида 9 666 тонна давлат хариди учун сотилиши белгиланган бошоқли донга тузилган контрактация шартномаларини бекор қилиш ҳамда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 22 минг 437 тонна ялпи ғалла ишлаб чиқариш режаси миқдорини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳлари жойларда «ҳар бир оила тадбиркор» тамойили асосида ҳар бир хонадонда чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналарни қуриш учун тижорат банклари бириктирилиб, кредит бериш йўлга қўйилади.

Жами 3 416 гектар бузиб қайта экиладиган майдонларда чигит экишга 102 тонна уруғлик чигит ва 294 тонна ёқилғи мойлаш маҳсулотлари талаби ҳисоб-китоб қилиниб, тегишли идораларга тақдим этилди.

Шунингдек, талофат кўрмаган туманлар ҳудудлардаги 63,3 минг гектар ғўза майдонларидан янада самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш, келтирилган зарарни юмшатиш мақсадида қўшимча озиқлантириш учун талаб этиладиган 10 минг тонна азотли ўғитларидан 7 864 тоннаси ва 6,3 минг тонна фосфорли ўғитлардан 3,2 минг тоннаси вилоятга етказиб берилди.

Халқимиз қийин вазиятларда ҳам бирдамлигини намоён этган. Аслида ҳар бир синов ортида муваффақият яширинган бўлади. Шу боис бу имтиҳонни сабот билан енгиб ўтишга ҳаракат қилинмоқда. Амалга оширилган ишлар эса халқимиз учун аввалгиданда яхшироқ ҳаёт тарзини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек хайрли мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


Нигора Ходжаева,

Қишлоқ хўжалиги вазирининг

ахборот сиёсати масалалари

бўйича маслаҳатчиси

uza.uz

@AGROBLOGER канали


Report Page