...

...

AGROBLOGER

Анзур пиёзи “тоғли пиёз” маъносини билдиради, бундан ташқари уни Суворов пиёзи деб ҳам аташади. Анзур пиёзи таркибида биологик фаол моддалар – стеронлар ва сапонинлар мавжуд, аллецин эфир мойлари (200-250 мг 100 г. хўл вазнига нисбатан), D ва E витаминлари, шунингдек бошқа фойдали моддалар мавжуд.

Маълумотларга кўра, анзур пиёзи бош оғриғини даволашда, кўз нурини равшанлаштиришда ёрдам беради, шамоллаш хасталикларида ҳамда ошқозонни мустаҳкамлайдиган хусусиятлари бор.

1-расм. Анзур пиёзи

Биологик хусусиятлари. Анзур пиёзи барглари кенг, ясси, узун, яшил ёки оч-яшил тусда. Пиёзи йирик, думалоқ бўлиб, диаметри 6 см гача, оқ ёки сарғиш серсув пўстига эга.

Анзур пиёзининг экилгандан кейинги илк йиллардаги пиёз таркиб топиш хусусияти суст кечади. Сўнгги 3-4 йилларда ўлчами 4-5 см гача етади ва ушбу даврда узайиб, ажралиб чиқиб, янада йирик пиёзларни шакллантиради.

Ўсимлик пиёз ва уруғларга ажралиб кўпаяди. Анзур пиёзи сояга ва қурғоликка чидамли. Илк баҳорда униб чиқиб, вегетация даврини тез тугатади.

Етиштириш шароитлари. Анзур пиёзи майда бир йиллик ва икки йиллик пиёзлар табиий ҳолда ўсиб чиқади. Дастлабки пиёзлари ёки ажралиб чиққан 3-5 йиллик ўсимлик бўлакчалари диаметри 1-4 см гача етади. Уларни қишдан олдин кузги саримсоқ пиёз билан бир пайтда сентябр ойининг сўнгги декадаси – октябр бошида экилади. Пиёзларни катталигига қараб ҳар 20-25 см оралиқда, ер устки қисмидан то пиёзнинг учки қисмигача 8-10 см чуқурликда экилади. Анзур ўсимлиги ёруғликка талабчан бўлиб, ҳаддан ортиқ намликка салбий таъсир кўрсатади.

2-расм. Анзур пиёзчаси

Илк куртаклари эрта баҳорда пайдо бўлиб, баъзида қор остидан униб чиқади. Май ойи ўрталарига келиб эса ўзининг максимал ўлчамларига етади. Июнь ойида ўсимлик йўналиш чизиғини шакллантириб ўсишдан тўхтайди ва ундаги уруғларнинг кўп қисмини ташкил қилади.

Етилган анзур пиёзни ердан кавлаб олиниб, барглари ва илдизлари қирқиб олинади. Сўнгра уларни қуритиб, қуйидагича тахлаб ажратилади: майда ва бўлиниб қолган бўлакчаларни экишга қолдирилади, йирикларини эса одатда қишги истеъмол учун маринадланади.

Анзур пиёзи ўзининг юқори қишги бардошлги билан ажралиб туради. Ўсимликнинг бир қисмини қишга қолдирса ҳам бўлади. Улардан қўшимча тартибда экиш учун (уруғлар, майда ва бўлинган пиёзлар) фойдаланса бўлади. Озиқ-овқат учун ишлатиладиган йирик пиёзларининг ҳар бири 180-200 гр гача етади.

3-расм. Анзур пиёзининг озиқ-овқатга ишлатилиши

Озуқага асосан анзурнинг пиёзи ишлатилади. Лекин унинг олтингугуртни эслатувчи кучли ҳид ва эфир мойларининг кўплиги туфайли янги кўринишда ўзига хос ёқимсиз ҳидга эга. Шунинг учун уни аввалига 1-2 хафта давомида бутун ёки кесма ҳолда сувда вақти-вақти билан алмаштириб турган ҳолда сақлаган маъқул. Сўнгра уни янги ва консерваланган ҳолда истеъмол қилиш мумкин.

Уруғ олиниши. Анзур пиёзи гулларининг чангланиши ва уруғларининг шаклланиши яхши. Бошқа турдаги пиёзларга нисбатан анзурнинг уруғлари йирикроқ. 1000 дона уруғнинг оғирлиги 7-9 г. Уруғларнинг янада яхшироқ униб чиқиши учун уларни 60 сутка давомида 2-5оС ҳароратда стратификация қилинади. Чунки унинг тиним даври жуда узун.

Уруғлар июлда етилади, уларни дарҳол йиғиштириб олиш керак, чунки улар осон тўкилади.

 4-расм. Анзур пиёзи меваси ва уруғи


AGROBLOGER канали

Саодат Дусмуратова

Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик кафедраси профессори,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори

dehqon.uz


Report Page