...

...

AGROBLOGER

Ер умумиллий бойлик сифатида ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган ресурс ҳисобланади. Мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, ерга оид муносабатларда қонун ҳужжатларига амал қилиш ва коррупцияга қўл қўймаслик борасида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Аммо соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар, айрим қонунбузилиш ҳолатлари ҳамон учраб туради.

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш мақсадида шу йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унда ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.

Мазкур тартибнинг жорий этилиши сўнгги вақтларда тез-тез учраб тураётган ҳолат – ерларнинг яккаҳокимлик асосида ҳокимлик вакиллари ёки фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан сотиб юборилиши кабиларнинг олдини олади.

Фармонга кўра, жорий йил 1 августдан бошлаб мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади.

2021 йил 1 августдан эътиборан туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш борасидаги ваколатлари тугатилади. Шунингдек, мазкур санадан бошлаб, давлат ҳокимияти органларига ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш ҳам тақиқланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур фармонда кўзда тутилган вазифалар соҳада тенглик, шаффофлик ва бозор муносабатларини таъминлашга, мулкка доир ҳуқуқлар ишончли кафолатланишига хизмат қилади. Ерга оид масалалар жамоатчиликнинг эътибор марказида, шаффоф назорат қилинишини таъминлайди. Ердан унумли, оқилона фойдаланиш халқимизнинг турмуш тарзи фаровонлигини оширишга замин яратади. Энг муҳим жиҳатларидан яна бири – ер билан боғлиқ муносабатлардаги коррупцион ҳолатларнинг олди олинади. Зеро, ердан фойдаланиш борасида барча учун шаффоф, очиқ бўлган тизим йўлга қўйилиши умуммиллий бойлигимизнинг талон-тарож қилинишини бартараф этади.

 

Аъзамжон Тўлабоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги 

масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси.

 ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page