...

...

AGROBLOGER

Шарқ хурмоси – меваси ҳар хил даврда пишиб етиладиган ва ҳар хил шакл ва рангга эга бўлган навлар туркумидан иборат. Шарқ хурмосининг 800 дан ортиқ навлари мавжуд. Жанубий станцияда хурмонинг бир неча истиқболли навлари яратилган ва ишлаб чиқаришга топширилган. Қуйида истиқболли навлар ҳақида тушунча бериб ўтамиз.

Хиакуме. Ўзгарувчан нав, Ўзбекистон ва унинг атрофидаги мамлакатларда кўп тарқалган. Бу нав бир қатор синонимларга эга: Аман-Каки, Каки-Мела, Таронта-Каки ва бошқалар.

Дарахтнинг бўйи 6–8 м, танаси гумбазсимон зич, асосан урғочи гулли чанглатувчига эҳтиёжи бор, энг яхши чанглатувчилардан Зенджи-Мару ва Денауский сахарный хисобланади. Меваси йирик сифатли, ўртача оғирлиги 200–250 гр, айрим меваларининг оғирлиги 400 гр га етади. Мевасининг пўсти қалин ва енгил мумланган ғубори бор, чангланиш оқи- батида ҳосил бўлган мевасининг эти тўқ жигарранг, қимизаклиги йўқ, меваси тўлиқ пишиб етилмаган даврида ҳам истеъмолга яроқли. Уруғининг сони 6–8 дона, меваси уч ойгача сақланиши мумкин. Пишган мевасида қанд миқдори 17–19%, кислота 0,13–0,16% ни ташкил қилади. Меваси дарахтдан узилгандан сўнг истеъмолга яроқли, қуритиб истеъмол қилса ҳам бўлади. Тўлиқ ҳосилга кирган даврда ҳосилдорлиги бир туп дарахтдан 80–120 кг дан ортиқни ташкил қилади.Хиакуме совуққа нисбатан чидамли нав ҳисобланади.

 Зенджи-Мару. Ўзгарувчан нав. Кўп баланд бўлмаган, шарсимон зич танага эга бўлган дарахт. Бу нав дарахтида урғочи гулдан ташқари кўп миқдорда эркак гулларни ҳосил қилади, яхши чанглатувчи нав ҳисобланади.

Мевалари майда ёки ўртача катталикка эга, 100–130 гр. Меваси думалоқ ёки чўзинчоқ, усти ялтироқ, ранги оловли қизғиш, билинар-билинмас мумсимон ғубори бор. Мевасининг эти зич, қўнғир, деярли қора (жигарранг) рангга эга. Уруғи сони 8 дона, меваси октябрь ойида пишиб етилади, лекин пишиб етилмаган мевалари ҳам истеъмолга яроқли. Оддий шароитда мевасини икки-уч ой сақлаш мумкин. Янги узилган меваларда қанд миқдори 16–17,5% ни ташкил қилади, кислота миқдори эса 0,05–0,15% ни ташкил қилади. Мевалари дарахтдан узилгандан сўнг истеъмолга яроқли, ҳосилдорлиги бир туп дарахтдан 50–60 кг ни ташкил қилади. Зенджи Мару совуққа нисбатан чидамли нав ҳисобланади.

 Хачия. Ўзгарувчан нав. Дарахти йирик, тез ўсувчи, танаси пирамидал-ётиқ, яхши ривожланган. Нав фақат урғочи гулларга эга. Бу навга яхши чанглатувчи бўлиб Зенджи- Мару нави ҳисобланади. Мевалари йирик, 200 гр ва ундан ҳам ортиқ вазнга эга. Мевасининг шакли чўзинчоқ, конуссимон, устки қисми сал ялтироқ, мевасининг ранги тўқ оловранг, деярли қизил. Мевасининг эти қизғиш оловранг, серсув, ширин. Мевада уруғи асосан бўлмайди, лекин баъзиларида бир-учта бўлиши мумкин. Бу нав эртапишар туркумига киради ва октябрь ойининг бошида тупидан узила бошланади ва ноябрь ойининг биринчи ярмида истеъмолга тўлиқ етилади. Мевасининг сақланиш муддати ўртача бўлиб, икки-уч ой давомида сақланади. Мевасининг таркибида 17–18% қанд ва 0,05–0,10% кислота мавжуд. Мевасини қуритиш учун Хачия энг яхши навлардан ҳисобланади. Ҳосилдорлиги бир тупидан ўртача 60 кг, энг кўпи эса 90 кг ҳисобланади, бу навда сезиларли равишда солкашлик кузатилади. Нисбатан эрта гуллагани учун гуллари баҳорги совуқларда шикастланиш эҳтимолига эга.

3-hachiya-zsxdc.png (504 KB)

 Томапан. Ўзгармайдиган нав. Дарахти кучли ўсувчи, танаси пирамидал яхши ривожланган, бир яшар новдалари узун, кучли ўсувчи бу нав урғочи гулларни ҳосил қилади, меваси асосан партенокарпик (чангланмасдан) усулида шаклланади. Меваси 400 гр ва ундан ҳам йирикроқ, шакли япалоқ думалоқ, мевасининг юқори қисмида ҳалқасимон белбоғи бор. Шунинг ҳисобига мева икки қисмдан иборатдек кўринади. Мевасининг пўсти қалин қизғиш олов- рангга эга. Мевасининг эти эса оч оловрангга эга, шилимшиқ таъмли. Уруғи жуда кам миқдорда учрайди. Меваси ноябрь ойининг бошида узилади ва ноябрь ойининг охирига келиб истеъмолга ярайди. Таркибида 19–20% қанд ва 0,11–0,14% кислота мавжуд. Меваси, асосан, истеъмолга ишлатилади. Ҳосилдорлиги бир туп дарахтдан 150 кг ни ташкил қилади, сезиларли солкашликка эга, ташқи муҳитнинг ноқулайлигига ва совуққа чидамли нав ҳисобланади.

 Гоша-Гаки. Ўзгарувчан нав. Дарахти унча баланд эмас, танаси сийрак кенг ёйилувчан. Дарахт фақат урғочи гуллар ҳосил қилади, меваси асосан партенокарпик (чангланмасдан) йўли билан ҳосил бўлади. Чанглатувчига муҳтож нав бўлиб, Зенджи-Мару, Денауский сахарный навлари энг яхши чанглатувчи ҳисобланади.

Меваси япалоқ ўзига хос кўринишга эга, унча чуқур бўлмаган белбоғчалари мевани гўёки тўрт қисмга бўлиб туради. Мевасининг ўртача йириклиги эса 150–200 гр, ранги тўқ оловранг, мевасининг эти зич ва қалин, қалин мумсимон ғубор қопламага эга. Уруғ сони бирдан тўрттагача, уруғи бўлган меваларининг эти қўнғир рангга, уруғи бўлмаган мевалар этининг ранги эса оч – олов-сарғиш рангга эга. Нав эрта пишувчи ҳисобланади, уруғи бор мевалари қаттиқ ҳолда ҳам истеъмолга яроқли, уруғсиз мевалар эса тўлиқ пишиб етилмагунча тахир мазага эга бўлади. Мевасининг таркибида 18–19% қанд ва 0,09–0,12% кислота мавжуд, меваси асосан истеъмолга ишлатилади. Мевани сақлаш ва ташиш чегараланган. Ўртача ҳосилдорлик бир тупидан 60–70 кг, энг кўпи 170 кг ни ташкил қилади, солкашлиги кескин намоён бўлади.

Пионер Узбекистана. Б.С. Розанов ва Н.Г. Шираева томонидан Ўзбекистоннинг жанубий станциясида яратилган ўзгармайдиган нав.

Дарахт ўрта бўйли, бўйи 5–6 м, танасининг шакли нотекис, чўзинчоқ, дарахт фақат урғочи гулларни ҳосил қилади ва чанглатувчига эҳтиёжли. Яхши чанглатувчи бўлиб Зенджи-Мару, Денауский сахарный навлари ҳисобланади. Меваси ўртача 105–135 гр, думалоқ уч қисми япалоқроқ, меваси пўстининг қалинлиги ва зичлиги ўртача, қизғиш оловрангга эга. Юзаси силлиқ ялтироқ, эти оловранг, уруғи майда. Мевасини икки ойгача сақласа бўлади, ташишга чидамсиз, асосан, тўғридан-тўғри истеъмол қилинади. Мевасидаги қанд миқдори 21,5% гача, кислота миқдори 0,08% бўлади. Ҳосилдорлиги ўртача бир туп дарахтдан 40–50 кг ни ташкил қилади, солкашлиги ўртача, совуққа чидамлилик даражаси юқори.

Денауский сахарный. Ўзгармайдиган нав. Б.С. Розанов ва Н.Г. Шираева томонидан Ўзбекистоннинг жанубий станциясида яратилган.

Дарахт ўрта бўйли, бўйи 7–8 м, танасининг шакли думалоқ, чўзинчоқ, дарахтда бир пайтда ҳам урғочи, ҳам эркак гуллар ҳосил қилади. Меваси думалоқ – тўртбурчак учи конуссимон шаклга эга, катта-кичиклиги ҳар хил. Меваси ўртача 120–135 гр, мевасининг ранги тўлиқ пишмаган даврда оч оловранг, тўлиқ пишганда оловранг, пўсти зич, қалинлиги ўртадан юқорироқ. Мева этининг ранги асал рангига эга, пишган мевасининг эти шилимшиқсимон бўлади. Меваси ноябрь ойининг бошида пишиб, узилиш ҳолатига келади, икки-уч ой давомида сақланади. Мевасидаги қанд миқдори 25,5% гача боради, кислота миқдори 0,11% бўлади. Мевалари тўғридан-тўғри истеъмол қилинади. Тўлиқ ҳосилга кирганда бир туп дарахтдан 60 кг ҳосил олинади, баъзи дарахтлар 150 кг ҳосил беради. Ҳосилида солкашлик намоён бўлади, совуққа чидамлилиги нисбатан юқори.

Чоколат. Жуда мазали, ширин ва эти жигарранг рангга эга.Тўлиқ пишганда тахирлигини йўқотади. Мевасининг ҳажми ўрта ва узунчоқ. Танасининг ранги зарғалдоқ. Октябрнинг охири ва ноябрнинг бошида пишади.

 Фую. Чангланишга таъсирсиз. Қимизак бўлмаган дунё- да энг оммавий нав ҳисобланади. Ҳосилдорлиги юқори, ўсиш сурати ўртача ва дарахтида фақат урғочи гуллар ҳосил бўлади. Меваси йирик (ўртача 220 грамм). Мевалар шакли думалоқ ва ясси шар кўринишида, одатда, 4 томонга эга. Териси дағал ва ялтироқ. Аксарият ҳолларда ранги сарғишқизил. Териси қалин шира қатлами билан қопланган. Илиқ иқлимли минтақаларда пишиб етилган мева териси қизил рангга киради. Мевалар ҳажми кичкина бўлиб қолмаслиги учун хомток қилиниши керак. Мавсум охирида пишиб етилади. 

Шенг. Шенг япалоқ, жуда мазали ўзига хос таъмга эга бўлган хурмо нави ҳисобланади. Ўзига хос шаклга эга. Совуққа жуда чидамли. Эртапишар нав бўлиб, сентябрь ва октябрь ойларида етилади.

 Каки пендула. (Diospyros kaki 'Pendula') Хурмонинг жуда ноёб тарвақайлаб ўсадиган нави. Шунинг учун тик ўсишига ёрдам бериш мақсадида тиргакка боғланиши керак. Қимизак хурмо нави ҳисобланади. Меваларнинг ҳажми ўртача. Октябрнинг охири ва ноябрнинг бошида пишади.

9-kaki-pendula.png (705 KB)


 Орипов А., Аброров Ш. "Хурмо етиштириш технологияси".

dehqon.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page