...

...

AGROBLOGER

Сўнгги йилларда Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги тармоғи янада ривожланиб, иқтисодиётда юқори даромад келтирмоқда. Турли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, экспортга чиқарилаётгани ва бунда аҳоли даромади ортгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, айрим ҳудудлардаги адирликларда узумчилик тармоғи кўп йиллик тажрибалар асосида кенгайтирилмоқда.

Вилоятда ўтган йили 1 минг 350 гектар ер майдонларида токзорлар ташкил этилган. Хусусан, Қува туманидаги 100 гектар ерда «Моҳларойим» фермер хўжалиги томонидан узумзор барпо этилган. Мазкур фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг жамғармаси ҳисобидан субсидиялар кўринишида кўмак олиб иш бошлаган эди. Вилоят ва туман ҳокимлиги ушбу хўжалик фаолиятини янада кенгайтириш учун қўшимча ер ажратишни режалаштирган. Берилаётган молиявий ёрдам эвазига махсус агротехникалар, тупроққа минерал ўғитлар бериш, узум ниҳолларини харид қилиш ва сув чиқарувчи ускуналарни ўрнатиб, ишга туширишда муҳим самара берди.

– Айни пайтда 45-50 га яқин сувчи ва ишчи аёллар меҳнат қилмоқда, – дейди «Моҳларойим» фермер хўжалиги раҳбари Азизхон Рустамов. – Бу ерлар кўп йиллардан буён сувсиз, яхши фойдаланилмасдан ётар эди. Бизга берилган ёрдам туфайли ҳозир кўркам боғ бунёд бўлди. Томчилатиб суғориш тизими орқали оз фурсатда 10 гектарлаб боғни суғорамиз. Боғимизда 18 минг туп узум кўчатлари билан бирга, полиз маҳсулотларини ҳам етиштиряпмиз. Насиб қилса саъй-ҳаракатларимиз туфайли ҳосилимиз кутганимиздан ҳам аъло бўлади.


photo_2020-05-28_15-04-25.jpg

Бугунги кунда мазкур фермер хўжалиги 19 турдаги хориж ва маҳаллий узум навларини парваришламоқда.

Шунингдек, Фарғона туманида ҳам замон талаблари асосида шундай хўжаликлар ташкил этилган. Жумладан, “Fergana frans” масъулияти чекланган жамияти ҳам ердан самарали фойдаланиш ва экспорт учун сифатли маҳсулот етиштиришда кўпчиликка намуна бўлмоқда.

Ҳудуддаги 500 гектардан зиёд қир-адирларда кўзни қувнатадиган узум боғлари бунёд этилган. Эътиборлиси улар ҳам 160 гектар ерда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган. Ушбу хўжаликка ҳам Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан субсидиялар ажратилганидан сўнг ортиқча харажатлар камайтирилиб, юқори ҳосил 25-30 фоизга оширилди. Тупроқ шўрланиши камайиб, табиий ҳолати яхшиланмоқда.

Мазкур жамият томонидан етиштирилаётган узумлардан қайта ишлаш заводида экспортбоп вино маҳсулотлари тайёрланмоқда. Бунинг учун заводга илғор технологиялар ўрнатилган. Муҳими ушбу маҳсулотга хорижда харидорлар кўп.


photo_2020-05-28_15-04-32.jpg

Олтиариқ туманидаги «Ҳайрулло Бойматов» фермер хўжалигида ҳам янги ташкил этилган токзорлар ораларига турли сабзавот ва полиз экинлари парваришланмоқда. Қўшни узумзорларда эса фермер билан келишиб ишлаётган пудратчи оилалар вакиллари помидор, қалампир, ерёнғоқ ва тарвуз экиб, қаровга олган.

Фермер хўжалиги раҳбари Исоқжон Бойматовнинг айтишича, ерни бўш қолдирмасдан самарали фойдаланса даромад яхши бўлади. Эрта экилган сабзавотлар қўшимча фойда келтиради. Шу билан бирга агротехник тадбирларга кетадиган харажатларни қоплайди. Уларнинг ушбу саъй-ҳаракатларини моддий рағбатлантириш мақсадида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг жамғармаси ҳисобидан субсидиялар ажратилди.

Келгусида бу каби узумзорлар вилоятнинг кўркига айланади. Энг муҳими, аҳоли бандлиги таъминланиб, турмуш фаровонлиги ортади.

uza.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page