...

...

FERMER

Бугунги кунда жаҳонда юз бераётган воқеалар натижасида бозорларда озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Ҳисоб палатаси матбуот хизмати фермер ва кластерларнинг фаолиятини бозор нархларига мослаштириш юзасидан «Дарё»га маълумот берди.

Ҳозирда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошган.

Шундай шароитда, нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли, бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш ва ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш.

Ғаллачиликда самарали ишлайдиган бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш замон талабига айланди.

Ҳозирда ушбу соҳада хусусий сектор улуши ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда мамлакатда 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.

2021 йил якуни билан мамлакат бўйича ишлаб чиқарилган уннинг 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

Бироқ бугунги кунда «Ўздонмаҳсулот» компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмас.

Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган.

Бунинг оқибатида уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди.

Замонавий энерготежамкор ва ихчам ускуналар билан жиҳозланмагани сабабли Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллиги эса – 2 баробар кам.

Давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти.

Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай корхоналарнинг ҳам даромади, ҳам рақобатбардошлиги, ҳам сармоявий жозибадорлиги жуда паст бўлади.

2022 йил 1 июндан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархлари тизимига ўтилди. Бунда фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун имкониятлар яратилмоқда.

Бу дегани — нархни бозорнинг ўзи шакллантиради.

Шунингдек, биржа савдоларида буғдой сотадиган фермер ва ғаллачилик кластерларидан биржа тўловлари ундирилмаслиги белгилаб қўйилди.

Агар фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ортиқча ғаллани сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.

Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш имконияти яратилади.

Берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси, Марказий банк, банклар ва дон корхоналари томонидан тўловларнинг амалга оширилиши бўйича кунлик назорат тизими йўлга қўйилади.


FERMER канали

daryo.uz

Report Page