...
AGROBLOGERТуркманистон Ўзбекистондан Эронга (ва аксинча) транзит юк ташувига рухсат бериб, ушбу давлат ҳудуди орқали юкларни транзит қилиш учун қатор талабларни белгилаб берди. Масалан, автомашиналар Туркманистон йўл полицияси ҳамроҳлигида автокарвонда ҳаракатланиши лозим, ҳаракат вақтида ҳайдовчиларга тўхташ ва автомобиль кабинасидан чиқиш таъқиқланади, чегарани кесиб ўтишда улар CОVID-19 ПЦР-тести натижаларини ёки эмланганлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишлари, шунингдек, бир қатор бошқа талабларга амал қилишлари лозим, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.
2022 йил 1 июнь санасидан бошлаб, хорижий давлатлар транспорт воситаларига Туркманистон ҳудуди орқали транзит юк ташувларини амалга оширишга рухсат этилди. Хорижий давлатлар транспорт воситалари ҳайдовчилари мамлакат ҳудуди орқали қуйидаги йўналиш бўйлаб транзит ҳаракатланади. “Сарахс (Эрон) – Сарахс (Туркманистон)” – “Фарап (Туркманистон) – Олот (Ўзбекистон)” – “Сарахс (Туркманистон) – Сарахас (Эрон)” назорат-ўтказиш пунктлари, деб хабар берилди Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг расмий маълумотида.
Туркманистон ҳудуди бўйлаб транзит юк ташувлари қуйидаги талаб ва шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилади:
хорижий давлатлар транспорт воситалари ҳайдовчилари Туркманистон давлат чегарасини кесиб ўтишда транзит ташувини амалга ошириш жараёнини расмийлаштириш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни махсус санитар ишловдан ўтказиш учун тақдим этишлари шарт;
белгиланган тартибда автотранспорт воситалари санитар тоззалашдан ўтказилади;
чегарадан ўтишда ПЗР усули билан CОVID-19 га тест синовидан ўтганлиги ҳақида маълумотнома (давлат чегарасидан ўтишдан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда), коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат (охирги эмлаш санасидан 42 кундан кам бўлмаган муддатда) тақдим этилиши шарт;
назорат-ўтказиш пунктида COVID-19 учун экспресс-тестдан ўтиш;
Туркманистон ҳудуди бўйлаб транзит ташув юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (автоколонна)да ҳаракатланиш орқали амалга оширилади;
Ўзбекистон ва Эрон чегарасидан 1 км масофада юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (автоколонна) тузилади;
юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (автоколонна) тузиш соат тонгги 8:00 дан бошланади;
юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси йўл полицияси махсус машиналари кузатуви остида ҳаркатланади. Ҳаракат давомида ҳайдовчиларга тўхташ ва автотранспорт воситаси кабинасидан чиқиш тақиқланади;
юк автотранспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси ҳаракати давомида ҳайдовчиларнинг дам олиши, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, ёнилғи қуйиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун махсус белгиланган автотураргоҳларда тўхташ кўзда тутилган;
ҳаракат давомида носозлик ёки бошқа муаммо юзага келган тақдирда тегишли транспорт воситаси жамланмадан ажратилади. Бундай вазиятда ички ишлар органлари ҳодимлари Туркманистон автомобиль транспорти агентлиги билан биргаликда юзага келган муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг март ойи охирида Ўзбекистон Грузия, Озарбайжон ва Туркманистон билан юклар транзитида чегирмалар беришга келишиб олган эди: “Яқинда биз ҳамкор давлатлар, хусусан, Озарбайжон ва Грузия билан келишиб олдик. Ҳозирги пайтда ушбу мамлакатлар портларидан товар етказиб бериш 30 фоиз арзон. Бундан ташқари, биз Каспий денгизидаги харажатларни келишиб олдик ва камайтиришга муваффақ бўлдик. Шунингдек, Туркманбоши ва Боку портлари билан транспорт харажатларини 50 фоизга камайтириш бўйича келишув мавжуд”, деди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида.
Вазир ўринбосари Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари янги транспорт йўлакларини очиш устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди, деб хабар қилди Podrobno.uz
«Ушбу тадбирлар доирасида 16 март куни Мумбай портидан Покистон ва Афғонистон орқали илк бор Ўзбекистонга юк жўнатилди. Бу тарихий воқеликдир. Биз келгусида ҳам ушбу транспорт коридорининг салоҳиятини ривожлантириш имкониятларини ошириш устида ишлаймиз«, деди Азиз Воитов.
Шунингдек, вазир ўринбосарининг қайд этишича, Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳозирги кунда экспортёрларнинг транспорт харажатларини 70 фоизгача компенсацияламоқда.
EastFruit 2022 йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистондан Ҳиндистонга биринчи марта Покистоннинг Карачи порти орқали юк жўнатилгани ҳақида ёзган эди. Даставвал Ўзбекистондан юк қуруқликдаги транспорт орқали Карачига етказилган ва у ердан Ҳиндистонга экспорт қилинган.
EastFruit
AGROBLOGER канали