...

...

FERMER

Ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдоларида сотиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида 7 июнь куни Ўзбекистон товар-хом ашё биржасига пресс-тур ташкил этилди. Тадбир аввалида ташкилот раҳбарияти ва соҳа мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ун маҳсулотларининг биржа орқали сотилиши ушбу маҳсулотлар учун ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши, уларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини таъминлайди.

«Июнь ойига қадар истеъмол учун чиқарилган уннинг ойлик ҳажми 140 минг тоннани ташкил этган бўлса, июнь ойида биржа савдоларига 170 минг тонна ун маҳсулотлари қўйилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йилда ўтказилган биржа савдоларига ўртача 6,9 минг тонна ун маҳсулотлари қўйилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 10 минг тоннани ташкил қилмоқда. Яъни мамлакатимизда ун захиралари етарли бўлганлиги сабабли биржа савдоларига кўпроқ миқдорда ун чиқарилмоқда ва ун бозорларида таклиф даражаси ошмоқда», — дейди Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси бош маклери Исломбек Ибрагимов.

Унинг таъкидлашича, 1—6 июнь кунлари Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида 1-навли ун бўйича дастлабки биржа савдолари ўтказилган. Бозорни ун маҳсулоти билан тезкор тўлдириш мақсадида 4 июнь, шанба кунида ҳам қўшимча биржа савдолари бўлиб ўтган.

«Ўтган беш кун ичида «Ўздонмаҳсулот» АЖ таркибидаги 44 та корхоналар томонидан биржа савдоларига 45,0 минг тонна 1-навли ун қўйилди ва улардан 43,8 минг тоннаси, яъни 97% сотилди. Биржа савдоларида сотилмаган қолдиқ ун ҳажми 1,2 минг тоннадан иборат.

Ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра, 1-навли уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 549,3 минг сўмни ташкил қилди. Бунда эркин ун бозори янги шароитларда ўзининг барқарор мувозанатини изламоқда. Уннинг очиқ биржа савдоларига ўтказилиши, ун ҳажмлари ва бозордаги таклиф даражасини ошиши натижасида айни пайтда уннинг бир қопи биржадан ташқари бозорларда ўртача 240-260 минг сўм атрофида сотилмоқда.

Шу билан бирга, унни ҳудудлар кесимида харид қилиш қамрови биржада харидорлар сонининг кўпайиши ҳисобига кенгайиб бормоқда. Хусусан ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони 2 минг 822 нафардан 4 минг 518 нафаргача кўпайган», — дейди Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси расмийси.


FERMER канали

daryo.uz

Report Page