...

...

AGROBLOGER

Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани «Тўққизбой» маҳалласидаги «Оҳалик олтин боғи меваси» МЧЖга тегишли интенсив боғ ва дала экинлари фотоэлектр станцияси ёрдамида суғорилмоқда. Суғориш тизими қуввати 60 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси орқали амалга оширилмоқда.

100 гектар ер майдонига эга бўлган мазкур масканда турли хилдаги мевали дарахт кўчатлари ҳамда қулупнай етиштирилади. Шу ерда фаолият олиб борувчи агроном Насим Тўрақуловнинг айтишича, салкам ўн йилдан буён дала экинлари томчилаб суғорилмоқда.

«Ер майдонимиз 100 гектар. Биз дарахт кўчатларини етказиб берамиз. Шундан 10 гектари қулупнай ҳисобланади. Еримизнинг барчасига кўчат экилган. Биз ўн йилдан буён экинларни томчилаб суғорамиз. Барча боғларимиз томчилаб суғорилади. Томчилаб суғориш сувни тежайди ва сувсизлик муаммосини бартараф этади. Томчилаб суғориш натижасида бир гектар ерга кетадиган сувнинг тўртдан бири орқали маҳсулотларни суғориб олса бўлади», — дейди Насим Тўрақулов.

Фермер хўжалиги ерида қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилгандан сўнг тадбиркор йилига 43,2 минг кВт соат, яъни 20 миллион сўмлик электр энергиясини тежамоқда.

«Бизда 220 та қуёш батарейкаси бор. Улар орқали битта сув насосимизни ишлатамиз. Юз гектар ернинг 35 гектари айнан қуёш батарейкаси орқали ишлайдиган сув насосимиз орқали томчилаб суғорилади. Айнан ушбу сув насосига давлатдан келадиган электр токини ишлатмаймиз. Қулайлик жиҳати шундаки, қуриш пуллик бўлиши мумкин, аммо қолганига ҳеч нима харажат қилмайсиз», — дейди Насим Тўрақулов.

Фермер хўжалигида сувчи бўлиб ишлайдиган Орзу Ёрматовнинг айтишича, экинлар томчилаб суғоришга ўтилганидан сўнг иши анча енгиллашган. Қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиши эса, электр энергияси узилиб қолганда жуда қўл келаётганлигини билдирди.

«Биз шу ерда сувчи бўлиб ишлаймиз. Битта тугмани босиш орқали юз гектар ерларни бемалол суғора оламиз. Ишимиз енгил. Қуёш батарейкасидан асосан сувда фойдаланамиз. Жуда энергия тежайди. Электр токи бўлмаганда қуёш батарейкаси орқали ҳовузимизни тўлдирамиз. Ҳовузимиз 25-30 тоннагача сувни қабул қилади. Бир соатда тўлади. Ўша сув куни билан ишлатишга етади», — дейди Орзу Ёрматов.

«Беш-олти йилдан буён, аниқроғи боғ ташкил қилинган бери экинларимизни томчилаб суғорамиз. Замонавий ускунамиз сувни фильтрлаб, сўнг шлангларга узатади. Ўзим тўрт йилдан буён шу ерда ишлайман. Йилдан йилга техникалар ривожланиб бориб, ҳамма нарса қулай бўлиб бормоқда», — дейди яна бир сувчи Алишер Қиличов.

Қуёш фотоэлектр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш ва узлуксиз электр таъминотини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

«‘Оҳалик олтин боғи меваси’ МЧЖнинг асосий фаолияти кўчатчилик ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу ерда доимий иш билан таъминланганлар 16 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари кунлик ишларга 150 нафарга яқин ишчилар жалб қилинади. Бу ерда деҳқончилик инновацион усулда олиб борилади», — дейди Жомбой тумани «Тўққизбой» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Озоджон Омонов.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқарадиган иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда. Франциянинг Total Eren компанияси билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа пойдевори давлат раҳбарининг 2018 йил октябрь ойида Францияга ташрифи давомида қўйилган.


AGROBLOGER канали

Муаллиф:

Фарҳод Норбўтаев, daryo.uz


Report Page