...

...

AGROBLOGER

Тупроқ структураси унинг унумдорлигини кўрсатувчи энг асосий омиллардан бири. Тупроқ структураси фақатгина ундаги сув-ҳаво режимига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, балки тупроқда мавжуд бўлган сув ва озиқ жамғармасини ўсимликнинг эҳтиёжига қараб сарфланишини таъминлайди.

Тупроқ, структурасининг такомиллашиши узоқ вақт давомида рўёбга чиқади ва кўпдан-кўп процессларга дуч келади. Бироқ унинг бузилиши ва батамом йўқ бўлиши учун узоқ вақт талаб қилинмайди. Ўйламасдан қилинган ҳар бир агротехник тадбир ёки инсониятнинг деҳқончилик фаолияти тупроқ структурасининг бузилишига олиб келади.

Структуранинг бузилишига қуйидагилар сабаб бўлади.

1. Механик кучлар. Бунга тупроққа ишлов берувчи йирик массали машина ва асбоб-ускуналар киради. Бу борада қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган турли машиналарнинг далаларда беҳуда катнашлари ёки уларнинг экин майдонларида узоқ муддат туриб қолишларига йўл қўймаслигимиз керак.

2. Агротехник тадбирларнинг нотўғри ёки плансиз ўтказилиши. Масалан, сернам ёки нами қочиб, тобидан ўтиб кетган тупроқни шудгорлаш, ҳайдалган ерни ҳадеб молалай бериш, етилмаган ерларни бороналаш, бўлар-бўлмасга культивация қилиш ва бошқалар. Айниқса, бу ўринда нишаб (қия) ерларни ҳайдаш техникасини бузиш мавжуд структурани бузишгагина эмас, балки тупроқ унумдор қисмининг батамом йўқолишига ҳам олиб келади. Маълумки, нишабни асосий шудгор қилиш қиялик бўйича эмас, балки унда кўндаланг йўналишда ўтказилади. Катта қияликдаги майдонларни ҳайдаш умуман ман этилади. Бундай жойларда табиий ўсимликларни сақлаш ёки майсазор- бутазорлар бунёд этиш лозим.

3. Ерни суғориш ва ўғитлаш. Суғориш сувлари (айниқса улар у ёки бу даражада минераллашган бўлса) таъсирида ҳам тупроқ структураси маълум даражада бузилади. Чунки бу сувлар тупроқ таркибидаги сувда эрувчан бирикмаларни ва тупроққа солинган минерал ўғитларни эритади ҳамда энг яхши коагулятор ҳисобланган кальций катионини сиқиб чиқаради. Ерга солинган ўғит таркибидаги аммоний тупроқдаги карбонатлар билан реакцияга киришиб, аммоний карбонат ҳосил қилади. Маълумки бунда сиқиб чиқарилган кальций катиони тупроқдан ювилиб кетади. Бундан ташқари, тупроқни аммоний сульфат сингари физиологик кислотали ва натрий нитрат каби физиологик ишқорли минерал уғитлар билан бир неча йил сурункасига ўғитлаш тупроқ структурасининг бузилишига олиб келиши турган гап.

4. Тупроқдаги биохимик жараёнлар: гумус ҳосил бўлиши, аэроб (кислородли) ва анаэроб (кислородсиз), бижғиш (чириш) катта таъсир кўрсатади. Чунки тупроқ механик заррачаларини бир-бирига маҳкам ёпиштириб турган чиринди микроорганизмлар таъсирида аэроб шароитида батамом шаклланади. Бу ўринда ҳар хил физик-химик ва биохимик жараёнларда ҳосил бўлган сувда эрувчан тузларнинг структурани бузишдаги таъсири жуда катта.

Зауров Э.А., Иброҳимов Ғ.А., Расулов А.А. 

@AGROBLOGER канали

Report Page