...

...

AGROBLOGER

“Strategie Grains” агентлиги таҳлилчилари маълумотларига кўра, жорий йилда Европа Иттифоқи мамлакатларида қарийб 9,9 миллион тонна кунгабоқар хомашёси етиштирилади. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 13 фоизга кўп. Бошқачароқ айтганда, Европа Иттифоқига аъзо бўлган давлатларда 4,42 миллион гектар майдонга кунгабоқар уруғи қадалади ва ҳар гектар майдондан ўртача 2,23 тонна ҳосил йиғиб олинади.

Жорий йилда ҳосилдорлик ўтган йилда эришилган натижага нисбатан 12,1 фоизга ошиши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу мамлакатларда 16,8 миллион тонна рапс етиштирилиши ва бу борада ҳам ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатларига эришиш мўлжалланмоқда.

Европадаги асосий мойли хомашё етиштирувчи мамлакатлар – Россия, Украина, Руминия ва Қозоғистонда ҳам юқори ҳосил олиниши кутилмоқда. Жумладан, шу кунгача Россияда 8,8 миллион гектар майдонга кунгабоқар, 2,2 миллион гектар майдонга соя, 1,3 миллион гектар майдонга рапс уруғи экилди.

Руминияда ҳам рекорд даражада мойли хомашё етиштирилиши башорат қилинмоқда. Жамғариладиган мойли хомашё ҳажми 36 фоизга ўсиб, 2,7 миллион тонна кунгабоқар, 1,15 миллион тонна рапс, 380 минг тонна соя дони йиғиб олинади. Украина эса биргина кунгабоқар экиш ҳисобига 16,7 миллион тонна хомашё етиштиришни мўлжалламоқда. Қозоғистон деҳқонлари ҳам жорий йилда 3 миллион гектар майдонда мойли экинлар етиштиришни режалаштирган, бу ҳам рекорд натижа ҳисобланади.

USDA экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, жорий мавсумда дунё бўйича 385,53 миллион тонна соя, ўтган йилда олинган ҳосил миқдорига нисбатан 22,58 миллион тоннага кўп, 57 миллион тонна кунгабоқар, 73,2 миллион тонна рапс, 46 миллион тонна зиғир хомашёси етиштирилади. Шу тариқа ўтган йилга нисбатан ўсимлик мойи ишлаб чиқариш миқдори камида 4 фоизга, унинг истеъмол миқдори кўпи билан 3 фоизга ошади. Таққослаш учун айтиш мумкинки, кунгабоқар мойи ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 2 миллион тонна ортиб, 21,2 миллион тоннани ташкил этади.

Мамлакатимизда ҳам мойли экинлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2020 йилда 57,3 минг гектар майдонга экилган кунгабоқар, махсар ва соядан 48 минг тонна хомашё жамғарилиб, 15,6 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда 305 минг гектар майдонга мойли экинлар экилиб, жами 412,8 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда. 2026 йилга келиб мойли экинлар уруғи экилган майдонлар 367,5 минг гектарга етказилади.

Бугунги кун ҳолатига кўра, юртимизда 203 минг гектардан ортиқроқ майдонга мойли экинлар уруғи қадалди, шундан 128 минг гектар майдонга соя, 42,5 минг гектарга кунгабоқар, 32 минг гектарга кунжут ва 69 гектарга рапс экилди.

Эслатиб ўтамиз, палма мойи дунёда энг кўп ишлаб чиқариладиган ўсимлик мойи бўлиб, йилига ўртача 75 миллион тоннани ташкил этади. Ушбу маҳсулот асосан Индонезия, Малайзия, Таиланд, Колумбия ва Нигерияда етиштирилади.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг юқорилиги бўйича соя мой иккинчи ўринда бўлиб, уни етказиб беришда Бразилия, АҚШ, Аргентина, Ҳиндистон ва Хитой мамлакатлари етакчилик қилмоқда. Дунё бўйича йиғиб олинган соя ҳосилининг 85 фоизи ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

2020-2021 йил мавсумида дунёда 4,9 миллион, жумладан, Ҳиндистонда 1,41 миллион тонна, Хитойда 1,38 миллион тонна пахта мойи ишлаб чиқарилган.

Қайд этиш керакки, дунёда ишлаб чиқарилаётган ўсимлик мойларининг 87 фоизини палма, соя, кунгабоқар ва рапс мойлари ташкил қилса, қолган 13 фоизи ерёнғоқ, пахта, зайтун, какос ва бошқа мойлар ҳиссасига тўғри келади.


AGROBLOGER канали

ЎзА, uza.uz

Report Page