...

...

AGROBLOGER

Бу йил ғалла ҳосили учун айни кунда Бухоро вилоятида жами 60 минг 600 гектар ерда буғдой етиштирилган бўлса, давлат шартнома режаси 135 минг 572 тоннани ташкил этади. Шундан 15 минг 100 тоннаси — уруғлик дон.

Вилоятда бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 2 минг 926 та фермер хўжалиги билан мавсум олдидан тузилган давлат шартнома режаларига мувофиқ агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди. Мутахассислар мўлжалига биноан мавсумда етиштириладиган ва қайта ишлашга йўналтириладиган ялпи хирмон салмоғи ҳам 363 минг 600 тоннага етказилиши белгиланган. Шунда ҳар бир фермер хўжалиги ҳисобига буғдой етиштириш бўйича гектарлар ҳосилдорлиги 60 центнердан оширилади. Давлат шартнома режасида кўрсатилганидан ортиқча етиштирилган дон хўжаликлар жамоалари моддий манфаатдорлигини таъминлашга сарфланади.

Ишчи гуруҳлари ўрганишлари, мутахассислар хулосаларига кўра бу йилги ҳосил ўрим-йиғимини Шофиркон туманидан бошлаш мақсадга мувофиқ деб топилганида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Негаки, ғаллачиликда ўзига хос тажриба мактабини яратган шофирконлик миришкор–ғаллакорлар бу йилги агротехник тадбирларни бироз эрта ва самарали бошлаб, баракали ҳосил етиштирганликлари ҳеч кимга сир эмас. Гектарлар ҳосилдорлиги ҳам бултургига нисбатан юқори бўлиши кутилмоқда.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят ҳамда туманлар секторлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги агросаноат мажмуига дахлдор ташкилотлар, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар мутасаддилари, илғор фермерлар Шофиркон туманида деҳқончиликда қирқ йилдан ортиқ тажрибага эга донгдор ғаллакор, Ўзбекистон Қаҳрамони, “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари Азим Латиповнинг даласи шийпонида ҳозир бўлишди.

Тадбирда вилоят раҳбари сўз олиб, бу йилги ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, мутасаддилар зиммасидаги вазифаларга тўхталди.  

Таъкидланганидек, мавсумда ўрим-йиғим ишларини самарали ташкиллаштириш мақсадида барча туманларда жами 197 та отряд тузилган. Уларга дон ташишда кўмакдош бўладиган 960 та юк автомашинаси, 44 та кўчма таъмирлаш устахонаси, ёқилғи – мойлаш маҳсулотлари ташувчи транспорт воситалари жалб қилинган.

Ўрим-йиғимни уч сменада, 24 соатлик режим асосида амалга ошириш талаби қўйилган. Жараёнда отрядлар ишини унумли ташкиллаштириш, ҳар бир ғалла ўрим комбайнига масъул бириктириш, далада ишловчиларга иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароитни яратишдан тортиб, донни қабул масканларига етказишгача бўлган жараённи тизимли ташкил этиш шартлиги уқтирилди.

Шофиркон туманида мавсумда сара дон етиштираётган икки юзга яқин фермер хўжалиги миришкорлари томонидан 6 минг 154 гектар майдонда сара буғдой етиштирилди. Ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ўтказиб, давлат хирмонига шартнома режасида белгиланганидек, 13 минг 999 тонналик улуш қўшиш мақсад қилинган. Шу кеча-кундузда эса юқори унумли 21 та ўрим комбайни отрядлари, 51 нафар малакали комбайн оператори далада иш бошламоқда. Уларга донни ташишда юзга яқин транспорт воситаси кўмаклашади. Ўримга тушиш олдидан уларга 1 миллион сўмдан бўнак пули ва ҳар бирига 500 минг сўмлик кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани ҳам ишчанлик кайфиятини оширишга хизмат қилади.

“Вардонзе” маҳалла фуқаролар йиғинидаги, Жилвон кенгликларига туташган “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалиги далаларида эса жорий мавсумда 85,1 гектар майдонда синовдан ўтказилган “Старшина” навидан баракали ҳосил етиштирилди. Донгдор ғаллакор, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов бошқариб келаётган хўжалик аъзолари хавф-хатар билан ўтган пандемия қийинчиликларида, 2020 йилги деҳқончилик мавсумида давлат шартнома режасига мувофиқ 241 тонна сара дон сотиб, меҳнат зафарини қучган. Ўтган йилги мавсумда буғдойдан кўтарилган ялпи хирмон 500 тоннадан оширилгани хўжаликда меҳнат қилаётган қирққа яқин ишчи-механизаторнинг моддий манфаатдорлигига хизмат қилган. Бу йил ҳам жамоа меҳнаткашлари кўзлаётган натижа бултургидан кам эмас.

Шофиркон туманида бугун ўрим-йиғимга киришилган сана Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латиповнинг таваллуд кунига тўғри келди. Шу муносабат билан миришкор ғаллакорлар сардорини вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа мутасаддилар қутлуғ сана билан самимий муборакбод этди. Унга зарбоф тўн кийдирилди.

Олтиндай товланаётган дала узра юқори унумли комбайнлар ўримга тушди. Эътиборли жиҳати, ана шундай замонавий агрегатлардан бири “CASE-II” комбайнини вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ўзи дадил бошқариб, ғалла ўрди.

Шунингдек, Қоровулбозор тумани далаларида ҳам ўнга яқин комбайн экипажига старт берилди.


AGROBLOGER канали

Зариф Комилов, ЎзА


Report Page