...

...

@uzagroministry

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш мажмуаси томонидан янги болалар муассасаси фойдаланишга топширилди

Жорий йилнинг 1 июнь куни Бухоро вилоятининг Олот туманида давлатимиз раҳбарининг 2020 йилда табиий офатдан зарар кўрган ҳудудда мактабгача таълим ташкилотлари қурилишини ташкил этиш юзасидан берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш мажмуаси томонидан юз ўринга мўлжалланган янги муассаса фойдаланишга топширилди.

 

Олот туманининг “Кўл–Човдур” МФЙда қад ростлаган янги мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниевнинг давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда, айниқса, чекка ҳудудларда мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш борасида амалга ошираётган изчил ислоҳотлари натижасида ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва гузарларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси ошиб бораётгани, бунинг натижасида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражаси тубдан яхшиланаётгани билдирилди.


– Болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси катта аҳамиятга эга. Мамлакатда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам ташкилий, ҳам мазмун жиҳатидан кўп ишлар қилинмоқда. Муассасанинг очилиши фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, жамиятимиз учун билимли авлодни шакллантиришда муҳим қадам ҳисобланади, дея таъкидлади Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев.

Ўзбекистон Республикаси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш мажмуасидаги тегишли вазирлик ва идоралар ташаббуси ва кўмаги билан барпо этилган мазкур иншоотнинг қурилиши учун 4100,0 млн сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, сизот сувларини пасайтириш учун 300 метр ёпиқ ётиқ горизонтал коллектор, 285 метр бетон қопламали канал, янгидан йўл чиқарилиб, бино яқинидаги “Кўл–Човдур” маҳалла биноси ҳам мукаммал таъмирланиб, мебель ва бошқа турдиги жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди ва ҳудуд комплекс обод масканга айлантирилди.

Мамлакатимизнинг чекка Олот туманида болажонлар учун барча шароитлар яратилиши, сузиш ҳавзаси, фаввора, стадион, очиқ айвонларнинг қурилиши нафақат мактабгача ёшда бўлган болажонлар тарбияланиши, шунингдек, болалар оромгоҳи сифатида ҳам фойдаланиш имкониятини яратади.  

Report Page