...

...

AGROBLOGER

Бундан уч йил муқаддам Вобкент туманидаги Гулистон қишлоғи ҳудудидаги экин майдонларининг 26 гектари “Фарм актив” масъулияти чекланган жамияти ихтиёрига берилган ва бу ерда тадбиркорлар Дамашқ атиргули плантациялари барпо этишга киришгандилар.

Шўрхок, тошлоқ, сув таъминоти оғир бўлган бу экин майдонларидан илгари нари борса, ўртача 20 центнердан пахта ҳосили олинарди. Масъулияти чекланган жамияти ишни ер ҳолатини яхшилашдан бошлади. Маҳаллий ўғит киритилди. Ер шўрини ювиш, шудгорлаш каби агротехник тадбирлар рисоладагидек бажарилди. Дамашқ атиргул кўчатлари ўтқазилди. Инсон меҳрини ҳис этган далаларга файз кирди. Бутун бошли плантация юзага келди. Айни пайтда “Фарм актив” мамлакатимизда Дамашқ атиргули етиштиришга ихтисослашган икки корхонанинг бири бўлиб турибди.

Айтиш жоизки, Дамашқ атиргулидан олинадиган маҳсулотлар озиқ-овқат, хусусан, парфюмерия саноатида кенг қўлланилади.

— Дамашқ атиргулидан олинадиган бир литр эфир мойидан 26 тонна атир ишлаб чиқариш мумкин, — дейди мазкур масъулияти чекланган жамияти раҳбари Миршод Бобоев. — Бу атиргулнинг 4 тонна гулидан бир литр эфир мойи чиқади. Биз шу ернинг ўзида атиргулни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйганмиз. Эфир мойи — экспортбоп маҳсулот.Унга жаҳон бозорида харидор бор. Масалан, Туркия, Германиядан бизга таклифлар тушаяпти. Масаланинг иқтисодий жиҳатига келсак, бу соҳада сабр-тоқат, чидам ва иш кўзини билган ҳолда меҳнат қилган киши ютса ютадики, ютқазмайди. Қиёслаш учун бир мисолга эътиборингизни қаратаман. Бир гектар ерда етиштирилган пахтадан 7,5 миллион сўм соф фойда кўриш мумкин. Бир гектар майдондаги Дамашқ атиргули эса 80 миллион сўм соф даромад келтиради.

“Фарм актив” тадбиркорлари доришунослик, халқ табобати йўналишларининг малакали мутахассиси саналишади. Улар атиргул гулобининг инсон саломатлиги учун жуда фойдали эканини ҳам инобатга олишди. Жорий мавсумда икки тонна миқдорида шундай ичимлик тайёрлашди. Атиргул гулидан қиём ҳам тайёрланиб, қадоқлаш йўлга қўйилди. Тадбиркорлар булар билан кифояланиб қолишган эмас. Атиргул плантациялари орасига мойчечак етиштиришмоқда.

— Мойчечак ҳам инсон саломатлиги учун фойдали ўсимликлар сирасига киради, — дейди М. Бобоев. — Биз йилига 10 тонна мойчечак гулини қайта ишлаб, уни қадоқлаган ҳолда савдо шохобчаларига етказиб бераяпмиз.

Дамашқ атиргули етиштиришга ихтисослашган ушбу корхона шарофати билан қишлоқда ўнта доимий, 70-80 атрофида мавсумий иш ўрни юзага келди.

— Шу ишнинг бошида турган тадбиркорларимиз барака топишсин, — дейди ишчилардан бири Тўйбиби Ҳамроева. — Атиргулу мойчечакларнинг хушбўй ҳиди анқиб турган далаларда ишлаяпмиз,тузуккина маош олаяпмиз.Рўзғоримизга барака кирди.

Таъкидлаш керакки, вилоятда кейинги йилларда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш масалаларига эътибор ошди. Вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бўйича мутахассиси Зулайҳо Амонованинг таъкидлашича, мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилда қишлоқ хўжалиги тасарруфидаги ерларнинг 139,1 гектарида бир ва кўп йиллик доривор ўсимликлар етиштирилмоқда.


Истам ИБРОҲИМОВ, xs.uz

AGROBLOGER канали


Report Page